Линклар

Ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Иброҳимовнинг Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин улкан асари 7 июл куни Прагадаги Incheba Expo кўргазмалар биноси олдида монтаж қилинди.

Гиннес рекордлар китобига киритилишга лойиқ иккита рекорд учун ариза берган ўзбек рассомининг улкан асари сешанба куни Прагадаги кўргазма залига олиб келинган эди.

Таниқли ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг юк машиналарига ортилган минг бир полотнадан иборат “Минг малак ва бир суврат “ асари Прагага келгунга қадар бир ҳафта йўл босди.

Минг малак учун миллион доллар

Кўргазма ташкилотчиси¸ Россиядаги "Global Festina" ширкатининг Марказий Осиë бўйича вакили Мурод Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, минг бир бўлакдан иборат улкан картина тамсили билан боғлиқ лойиҳага шу бугунгача бир миллион доллардан кўпроқ пул сарфланган.

- Биз бу лойиҳадан тижорий фойда кўзламаймиз. Бу бир ҳайрия тадбири деса ҳам бўлади. Асар намойиш қилинган шаҳарлардаги касал болаларга ҳам кўмак бериш режамиз бор¸ - дейди Мурод Иброҳимов.

Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкентдан келган продюссер Улуғбек Қосимҳўжаевга кўра¸ оғирлиги 22 тонна¸ баландлиги 8 метр узунлиги эса 60 метр бўлган “Минг малак ва бир суврат “ гигант асарини монтаж қилиш деяри якунланди.

Бу гигант асар илк бора Праганинг қадимий Incheba Expo кўргазмалар залида 9 июл куни намойиш қилинади.

Суҳбатдошга кўра¸ айни пайтда виртуал маконда лойиҳани тарғиб қилиш ишлари бормоқда:

- Агар кимда ким www.1001artproject.com сайтимизга кириб улкан расм парчаларини яҳлит холда виртуал йиға олса унга Ipad-3 совға берилади. Бундан ташқари 4 июлдан бошлаб Прагадаги 50 та трамвай ўзбек рассоми асарини тарғиб қилишга киришди¸ - дейди Улуғбек Қосимҳўжаев озодлик билан суҳбатда.


Минг бинога минг малак

Гигант суратни тамсил қилиш учун 5 июл куни Прагага учиб келган рассом Леким Иброҳимов Озодлик мухбирининг гигант асарнинг илк намойиши учун нега айнан Прага танланди¸ деган саволига жавоб берди:

- Прагада мингта қадимий бино бор. Ҳар бирига биттадан малак зарур деб билдим. Қолаверса¸ бугун Прага рассомликдаги янги тўлқинлар марказига айланмоқда. Бу шаҳарда Европадаги энг баланд от ҳайкали бор. Рақсга тушаëтган бино фақат Прагада мавжуд. Телевишкага ўрмалаëтган улкан чақалоқлар ҳайкалининг машҳур муаллифи Давид Черний ҳам Прагада истиқомат қилади. Шу боис¸ дунëдаги энг улкан расм намойиши учун Прага шаҳри айни муддао¸- дейди суҳбатдош.

Леким Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, бу расмни яратиш учун 3 тонна бўëқ ва 600 квадрат метрга яқин махсус оҳорланган¸ нам ўтказмайдиган махсус мато сарфланган.


Муаллиф ҳақида:

Леким Иброҳимов 1944 йили Олмаотанинг уйғур қишлоғида туғилган. 1971 йилда Тошкентдаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кириб, уни 1977 йил тугатган.

Россия бадиий академиясининг фахрий аъзоси.

Леким Иброҳимов нафақат рассом балки, ўз фалсафий фикрларини сўз билан ифода қиладиган файласуф ҳамдир. Леким Иброҳимовнин “Афсоналар” китоби 1994 йили Германияда немис тилида нашр қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG