Линклар

Афғонистонга АҚШнинг муҳим иттифоқчиси мақоми берилди

  • Ҳасанжон

АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай, Кобул, 2012 йил 7 июл.

АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон ва Афғонистон Президенти Ҳ.Карзай, Кобул, 2012 йил 7 июл.

Афғонистонга қисқа муддатли ташриф билан борган АҚШ Давлат котиби Қўшма Штатлар Афғонистонга НАТОга аъзо бўлмаган муҳим иттифоқчи мақомини берганини эълон қилди.

АҚШ Давлат котиби аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонга борди.

Кобулда чиқиш қилган Ҳиллари Клинтон президент Барак Обама маъмурияти Афғонистонга АҚШнинг НАТОга аъзо бўлмаган асосий иттифоқчиси деган мақом берганини эълон қилди.

- Мен бугун шуни мамнуният билан эълон қилмоқчиманки, президент Обама Афғонистонга Қўшма Штатларнинг НАТОга аъзо бўлмаган асосий иттифоқчиси деган расмий мақом берди. Биз бунга Афғонистон келажаги бўйича берилган ваъдалар бажарилишида кучли ишора сифатида қараймиз,- дея баёнот берди Давлат котиби.

Қўшма Штатлар Афғонистонга қўшни бўлган Покистонга ҳам 2004 йилда шундай мақом берган.

Афғонистонга АҚШнинг НАТОга аъзо бўлмаган асосий иттифоқчиси мақоми берилиши Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай ва АҚШ Президенти Барак Обама шу йил май ойи бошида Кобулда имзолаган Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномада кўзда тутилган эди.

Таҳлилчилар фикрича, Вашингтоннинг мазкур қарори икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ривожига ҳисса қўшади ва Афғонистоннинг АҚШда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникага эга бўлишини осонлаштиради.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтоннинг Кобулга ташрифи Япония пойтахти Токиода Афғонистон бўйича донор давлатлар йиғилиши бошланишидан бир кун олдин амалга ошмоқда.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай хориж кучлари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг мамлакатга уч йил давомида ҳар йили тўрт миллиард доллар ҳажмида молиявий ёрдам сўрашини айтган.

Афғонистон Марказий банки эса иқтисодий ўсишни таъминлаш учун келаси ўн йил давомида мамлакатга ҳар йили камида олти миллиард доллар ҳажмида молиявий ёрдам керак бўлишини маълум қилган.

Кобулга сафари чоғида Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Афғонистонга қанча миқдорда ёрдам кўрсатмоқчи эканинин маълум қилмади.

Донор давлатлар солиқ тўловчиларнинг пуллари коррупция туфайли йўқ бўлиб кетмаслиги ҳақида Кобул ҳукумати томонидан кафолат берилишини хоҳламоқда.

Донор давлатлар 2002 йилдан бери Афғонистонга 60 миллиард АҚШ доллари миқдорида ёрдам кўрсатган.

Шунга қарамай, дунё давлатларидаги коррупция муаммоси билан шуғулланувчи Transparency International ташкилоти маълумотига кўра, Афғонистон дунёдаги коррупция чуқур илдиз ортган иккинчи давлат бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG