Линклар

Япония пойтахти Токиода Афғонистонга бағишланган донор давлатлар анжумани бўлиб ўтди. Йиғилишда хориж қўшинлари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилганидан сўнг бу мамлакатга ёрдам кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.


Токио анжуманида қатнашган қарийб 70 давлат расмийлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари 2015 йилга қадар Афғонистонга 16 миллиард АҚШ доллари ҳажмида ёрдам беришга қарор қилди.

Донор давлатлар вакиллари Афғонистонга ёрдам кўрсатиш 2017 йилда ҳам давом этишини ваъда қилди.

8 июл куни Токиода Япония Ташқи ишлар вазири билан ўтказган матбуот конференциясида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон анжуман натижаси ҳақида буларни айтди.

- Халқаро ҳамжамият саъй ҳаракатидан сўнг Япония келаси тўрт йилда Афғонистондаги ривожланишни дастаклаш учун 16 миллиард доллар ваъда қилинганини эълон қилди. Бу Жаҳон банки талабидан анча кўп, деди Ҳиллари Клинтон.

Токио анжуманида Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.

Анжуман бошида чиқиш қилган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Афғонистон ҳозир мураккаб даврни бошдан кечираётганини таъкидлади.

- Биз Афғонистон тарихидаги мураккаб давр, яъни, мамлакатдаги ташкилотлар хорижий ёрдамга қарамликдан мустақил равишда фаолият юритиб, Афғонистон халқи ва халқаро ҳамкорлар билан нормал алоқаларни бошлайдиган даврида турибмиз, дея баён қилди БМТ Бош котиби.

Иқтисодиёт издан чиққан ҳозирги даврда Кобул ҳукумати хавфсизлик учун ҳаражатлар ҳисобга олинмаган ҳолда бир йил давомида мамлакатга зарур бўлган олти миллиард доллар пулнинг атиги учдан бир қисмини ўзи қоплай олади холос.

Айни пайтда, донор давлатлар халқаро ёрдам коррупция туфайли йўқ бўлиб кетмаслиги ҳақида Кобул расмийлари кафолат беришини хоҳламоқда.

Анжуманда чиқиш қилган Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай айни муаммо ҳақида буларни айтди.

- Хонимлар ва жаноблар, ҳамкорлигимиз муваффақияти бир-биримизга ҳисоб беришимизга, шунингдек, солиқ тўловчиларингиз оғир меҳнати эвазига топилган пуллар самарали ва шаффоф тарзда жўяли ишларга сарфланганлигини исботлай олишимизга боғлиқ эканини тан оламан, дея баёнот берди Афғонистон президенти.

2002 йилдан бери Афғонистонга 60 миллиард АҚШ доллари миқдорида халқаро ёрдам кўрсатилган.

Шунга қарамай, дунё давлатларидаги коррупция даражасини ўрганиш билан шуғулланувчи Transparency International ташкилоти ҳисоботида, Афғонистон ўтган йил дунёдаги коррупция чуқур илдиз ортган иккинчи давлат сифатида қайд қилинган.

Токио анжуманига келишидан олдин АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 7 июл куни олдиндан эълон қилинмаган ташриф билан Афғонистонда бўлди.

Кобулда чиқиш қилган Клинтон АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти Афғонистонга АҚШнинг НАТОга аъзо бўлмаган муҳим иттифоқчиси деган мақом берганини эълон қилди.

Афғонистон бундай мақомга эга бўлган ўн бешинчи давлат бўлди.

Қўшма Штатлар 2004 йилда Покистонга ҳам шундай мақом берган.

Афғонистонга бундай мақом берилиши Ҳамид Карзай ва Барак Обама шу йил май ойида Кобулда имзолаган Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги шартномада кўзда тутилган.

Таҳлилчилар фикрича, Вашингтоннинг мазкур қарори икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ривожига ҳисса қўшади ва Афғонистоннинг АҚШда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникага эга бўлишини осонлаштиради.
XS
SM
MD
LG