Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:30

Ароқ чиқарадиган яширин цехлар ёпилди


Ўзбекистон матбуотига кўра¸ Давлат солиқ қўмитаси контрафакт маҳсулот ишлаб чиқарадиган бешта яширин цех фаолиятига барҳам берган.



Маълумотларга кўра, солиқ назорати жорий йилнинг беш ойи мобайнида ўтказилган текширувлар натижасида спирт ҳамда алкоголли маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича мамлакат бўйлаб 569 та қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаган. Натижада 281,9 миллион сўмлик (қора бозор курси бўйича қарийб 100 минг долларлик) спирт ва ичкилик мусодара этилган.

Текширувлар чоғида ноқонуний равишда ишлаб чиқарилган 1713 литр алкоголли маҳсулот, 193 литр спирт, 1772 дона қопқоқ, 127 дона акциз маркаси мусодора қилингани айтилмоқда. Текширувлар натижасида аниқланган қонунбузарликлар бўйича материаллар ҳуқуқ-тартибот идораларига ўтказиб берилган. Сохта акциз маркаси ёпиштирилган ичкиликлар Тошкент шаҳри, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятларида мусодара қилинган.

Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан суд 422 нафар фуқарога нисбатан маъмурий жазо қўллаган, 30 та ҳолат бўйича эса жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, алкоголли ичимликлар чакана савдосини тартибга солиш ва истеъмол бозорига сифатсиз, сертификатланмаган алкоголли маҳсулот чиқиб кетмаслиги бўйича олиб борилган текширувлар натижасида солиқ назорати томонидан 245 та қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Уларнинг 231 таси кассадан чек бермаганлик, 42 таси махсус рухсатнома бўлмаган ҳолда ичкилик сотиш, 83 таси тегишли ҳужжатлар бўлмаган ҳолда спиртли ичимлик сотиш ва 128 таси нақд пулни яшириш билан боғлиқ қонунбузарликлардир. Мазкур қонунбузарликлар бўйича, солиқ назорати маълумотларига кўра, 124 нафар масъул шахс маъмурий жазога тортилган, ҳуқуқ-тартибот идоралари 43 та жиноий иш қўзғатганлар.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 28 март куни кучга кирган 89- қарорига мувофиқ, мамлакатда спиртли ичимлик сотиш учун умумий овқатланиш жойлари махсус рухсатнома олишлари керак бўлади. Бундай рухсатнома олиш учун Ўзбекистондаги кафе ва ресторанлар эгалари давлатга 314600 сўм (қора бозор курси бўйича тақрибан 110 доллар) тўлашлари лозим.

Бундай рухсатномалар Қорақалпоғистон Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳри ва вилоят ҳокимиятлари қошидаги махсус комиссиялар томонидан берилади. Бунинг учун комиссияга ариза, давлат қайдидан ўтганлик ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, устав жамғармаси борлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, умумий овқатланиш объекти борлигини (кафе-ресторан эгасининг ўз жойи ёки ижарага олинган жой) тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, солиқ хизматидан маълумотнома, ҳисоб-китоб терминали борлиги ҳақида банкдан олинган маълумотнома, аризада кўрсатилган муддатга мувофиқ равишда рухсатнома учун пул тўлангани ҳақидаги банк ҳужжати нусхаси каби еттита ҳужжат топширилади.
XS
SM
MD
LG