Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик савзавотфуруш одам савдосида айбланмоқда


Исми Абдулла экани айтилаётган одам савдосида айбланаётган ўзбекистонлик.

Исми Абдулла экани айтилаётган одам савдосида айбланаётган ўзбекистонлик.

Иркутскда “Владивосток-Новокузнецк” поездида кетаëтган 26 яшар Ўзбекистон фуқаросининг халқаро қидирувда экани аниқлангач, ҳибсга олинган.

2012 йилнинг 4 июлида Россиянинг "Иркутск Пассажирский” поезд бекатидаги полиция таянч пункти ходимлари томонидан “Владивосток-Новокузнецк” поездида Ўзбекистонда одам савдосида айбланиб, қидурвга берилган шахс қўлга олинди.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан қочиб юрган 26 ёшли бу йигитнинг Россияда сабзавот савдоси билан шуғулланиб келгани аниқланди, дейди Ички ишлар вазирлиги транспорт бошқармасининг Шарқий Сибир бўйича матбуот маркази раҳбари Артём Иванов.

- У Россияда яшириниб юрган ва Владивостокда сабзавот савдоси билан шуғулланиб келган. Айбланувчининг сўзларига қараганда, у Ўзбекистондан катта миқдорда укроп етказиб беришни ташкиллаштириш учун ўз юртига кетаётган бўлган. Олиб борилган сўроқ давомида бу одам ўзи 30 минг АҚШ долларига сотиб юборган ўзбекистонлик бир аёл тўғрисида хабари борлигини айтган. Лекин у ўзининг бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлиги ва аёлнинг ҳозирда қаерда эканини билмаслигини иддао қилган, дейди Артём Иванов.

Айрим оммавий ахборот воситаларида Иркутскда қўлга олинган “одамфуруш”нинг Ўзбекистон ҳуқуқ идоралари томонидан “болалар тана аъзолари савдосида” ҳам айбланаётгани хабар қилинди.

Иркутск полицияси расмийси Артём Иванов Ўзбекистондан келган сўровномада “болалар органлари савдоси” тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтади Озодлик билан суҳбатда.

- Гап шундаки, биз ҳам ахборот воситаларини ўзимиз тарқатган маълумотлар билан солиштириб, текшириб турамиз. Ҳақиқатан, “Правда Украины” нашри сайтида сиз айтаётган хабар келтирилган экан. Биз сайт таҳририятига пресс-релизимизда “болалар органлари савдоси” ҳақида бирор маълумот йўқлигини билдириш мақсадида норозилик хати юбордик. “Правда Украины” бу маълумотни Ўзбекистон ичкарисидаги манбадан олганини маълум қилди, лекин бунга ишониш қийин, дейди Иркутск полицияси расмийси Артём Иванов.

Полициядан олинган норасмий маълумотга кўра, 1986 йилда туғилган ўзбекистонлик йигитнинг исми Абдулла, унинг фамилияси эса, тергов манфаатларидан келиб чиқиб, ҳозирча очиқланаётгани йўқ.

Иркутск полицияси матбуот хизмати бошлиғи Иванов ўзбекистонликка нисбатан ҳибсга олиш чораси қўллангани, ҳозирда уни экстрадиция сўрови билан халқаро қидирувга берган Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот тизимларига топшириш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди.

Шарқий Сибир бўйича транспорт полицияси матбуот марказининг хабар қилишича, шу йилнинг 27 июнида Тайшет бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 118-моддаси 2-қисми (Жинсий тажовуз) асосида халқаро қидирувда бўлган яна бир ўзбек мардикори қўлга олинган.

Ўзбекистонга экстрадиция қилиниши кутилаётган ва исми айтилмаётган 24 ёшли бу шахснинг Россияда 3 ой давомида яшириниб юргани аниқланган.
XS
SM
MD
LG