Линклар

Миср президенти Муҳаммад Мурсий мамлакат Олий ҳарбий кенгаши томонидан тарқатиб юборилган парламентни иш бошлашга чақирди ва қудратли генераллар билан очиқ зиддиятга киришди.

Мисрдаги расмий MENA агентлигининг маълум қилишича¸ якшанба куни президент Мурсий мамлакатда янги парламент сайловлари ўтказилгунга қадар¸ ўз ҳаракатдошлари аксарият ўринларни эгаллаган парламентнинг ишлаб туриши ҳақида буйруқ берган.

Душанба куни парламентни тарқатиб юбориш ҳақида қарор чиқарган Миср Олий конституциявий суди ўз қарорининг кучда қолганини эълон қилди ва бу билан президент ва адлия тизими ўртасида жиддий бўҳрон бошланганидан дарак берди.

Шунингдек¸ Мурсий янги парламент сайловлари янги конституция қабул қилинганидан 60 кун ўтиб ўтказилиши ҳақида ҳам буйруқ берган. Миср янги конституциясининг эса¸ жорий йил охиридан аввал қабул қилинмаслиги айтилмоқда.


Миср президентининг тарқатилган парламентни қайта тиклаш қарори эълон қилиниши арафасида АҚШ Давлат котиби ўринбосари Уилям Бернс Муҳаммад Мурсий билан Қоҳирада учрашув ўтказди.

- Ўн миллионлаб мисрлик президент Мурсий ва у ташкил қиладиган ҳукуматдан миллий бирликни қайта тиклаш учун лозим қадамларни қўйишни кутиб ўтирибди. Бу ҳукуматда Мисрдаги барча дин ва мазҳаб вакиллари¸ хотин-қизлар ва дунëвий жамият намояндаларига жой бўлмоғи лозим. Халқаро ҳамжамият ҳам Мурсийдан айни шу ишни кутмоқда¸ деди Миср президенти билан учрашувдан сўнг Вашингтон расмийси.

Ҳозирча на генераллар ва на Ғарб ҳукуматлари Мурсийнинг исломчилар аксар ўринларни эгаллаган парламентни қайта тиклаш қарорига муносабат билдирмади.

Айни пайтда¸ халқаро агентликларнинг билдиришича¸ АҚШ президенти Барак Обама БМТ Бош ассамблеясининг сенябр ойига белгиланган навбатдаги сессияси чоғида президент Мурсий билан учрашишни режалаган.

Айрим кузатувчилар Мурсийнинг якшанба кунги кутилмаган қарори сиëсий оқибатларга эга бўлишини тахмин қилмоқда.

Таҳлилчилар тахминича¸ Миср Олий ҳарбий кенгаши томонидан тарқатиб юборилган парламентни қайта тиклаш орқали Мурсий қудратли генераллар билан жиддий тўқнашувга киришган.

Ўтган ой¸ ўшанда Мисрни бошқаришнинг олий идораси бўлган ҳарбий кенгаш Олий конституциявий суд қарори билан исломчилар аксар ўринни эгаллаган сўнгги парламентни аксил-конституцион деган асосда тарқатиб юборган эди.

16 июн куни Миср Олий ҳарбий кенгаши мамлакатда парламент йўқ пайтида¸ барча қонун чиқариш ваколатини ўзига олиш ва президент ваколатларини чеклаш ҳақида “конституцион декларация” эълон қилган эди.

Бу декларация қудратли генералларга янги конституция лойиҳаси ëзилишини назорат қилиш ва фуқаровий тизимларига бўйсунмаслик ваколатини беради.

Айнан шу декларация қабул қилинган 16-17 июн кунлари ўтказилган иккинчи босқич сайловларда Муҳаммад Мурсий Муборак даврининг сўнгги Бош вазири Аҳмад Шафиқ устидан ғолиб чиқди ва 24 июн куни расман президент деб эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG