Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:03

Кубандаги тошқинда ўзбеклар талафот кўрмаган


7 июл куни Россиянинг Краснодар ўлкасида юз берган табиий офат оқибатида нобуд бўлганлар орасида xориж фуқаролари аниқланмади. Россия Федерал миграция хизмати Россия ҳукуматига сув тошқинидан зарар кўрганини айтиб мурожаат қилган 10 нафар меҳнат муҳожирига эса ҳеч қандай ёрдам берилмаслигини хабар қилмоқда.


Сув тошқини ва селдан катта талафот кўрган Краснодар ўлкаси Кримск тумани маҳаллий ҳукумат идораларига моддий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар орасида 10 нафар ноқонуний меҳнат муҳожири аниқланди.

Озодлик билан суҳбатда Россия Федерал миграция хизмати матбуот котиби Залина Корнилова моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган меҳнат муҳожирларига Россия ҳукумати томонидан ҳеч қандай тўлов амалга оширилмаслигини билдирди:

- Зарар кўрганлар орасида хориж фуқаролари йўқ. Бу шахслар эса жабр кўрган ҳисобланмайди, биз уларнинг кимлигини аниқлаштиряпмиз. Бу хорижликлар Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келган. Афсуски, моддий ёрдамга даъво қилиш учун Россияда қонуний асосда яшаб меҳнат қилишлари зарур, дея тушунтириш берди Россия ФМС расмийси Залина Корнилова.

Матбуот маркази ходимаси табиий офат юз берган жойда Миграция хизматининг 24 соат ишлайдиган оператив штаби ташкил этилганини маълум қилди.

Сув тошқинидан етган зарар аниқланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:11 0:00


Бу штаб ёрдамида Кубанда сув тошқини натижасида ҳужжатларини йўқотган шахсдан 120 тасига паспорт бепул тиклаб берилган.

Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов Озодлик билан суҳбатда топилган мурдалар орасида хорижликлар, жумладан ўзбек мардикорларининг йўқлигини тасдиқлайди.

- Мен кеча ФМСга “Қанақа хабарлар бор?” деб телефон қилдим. Ҳозирча бирор янгилик йўқ экан, чунки кўпларини топмаган. Ҳозир тахминан 170 киши топилганини айтишди. Асосан кекса одамлар ва кичкина болалар ўлган. Лекин улар орасида муҳожирлар ҳам бўлиши мумкин, чунки ҳар куни 5-10 тадан ўлик топишяпти. Сув катта тезлик билан келган ва сувда кўпчилик қолган, кўпчиликни ток урган. Кримскда ўзи мардикор кўп эмас. Асосан бизникилар қишлоқ хўжалигида шаҳар атрофида ишлаган –уларга ҳеч нарса қилмаган, асосан шаҳар талафот кўрган. Кримск тахминан 40 минг кишилик шахсий уйлардан иборат шаҳарча. Юқорида сув омбори бор, балки сув кўпайгани учун сувни улар ташлаб юборган, дейишяпти, дейди Тожиддин Ашуров.

Краснодар Ўзбеклар жамияти раисига кўра, Кримск шаҳри асосан Ўзбекистондан кўчиб келган қрим-татарлар яшагани боис шундай ном олган.

“Ҳозирда қрим-татарларнинг асосий қисми Қримга кўчиб кетган, у ерда казаклар яшайди”, дея давом этади Тожиддин ака.

- Шу сабабли шаҳар ҳам Кримск, деб номланган. У ерда олдинроқ ўзбекистонлик қрим татарлар жуда кўп бўлган, жумладан менинг Самарқандимдан келган татарлар, Фарғона воқеалари даврида кўчиб келган татарлар жойлашган. Ҳозир шаҳарда асосан казаклар авлодлари яшайди, дейди Кримск тарихини Озодликка гапириб берган Краснодардаги “Умид” ўзбекистонлик ватандошлар жамияти раиси Тожиддин Нурматов.

Ҳозирга қадар олинган расмий маълумотларга кўра, Кубан губернатори Кримск шаҳри ва Кримск тумани ҳокимларини лавозимидан озод қилган.

Расмийлар табиий офат оқибатида 171 киши ҳалок бўлганини айтишмоқда (159 киши Кримск туманида, 2 киши – Новороссийскда ва 10 киши Геленжикда). Энг зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлган Кримск тумани ва Кримск шаҳарчасида 24 мингдан ортиқ одам зарар кўргани, 5000 га яқин уйни сув босгани хабар қилинмоқда.

Ҳозирги кунда тошқин юз берган ҳудудларга 1500 га яқин қутқарувчи жалб қилинди.

Россия ҳукумати Краснодар ўлкасидаги табиий офатдан жабр кўрганларга моддий зарарни қоплаш тўғрисида махсус буйруқ эълон қилди. Федерал бюджетдан бунинг учун 3,8 миллиард рубл (115 миллион АҚШ доллари) маблағ ажратилди.

Краснодар Миграция хизмати бошқармаси маълумотига биноан, 2012 йилнинг биринчи ярмида Краснодар ўлкасида 202 минг хориж фуқароси миграция қайдида турган, уларнинг аксари марказий осиёлик меҳнат муҳожирларидир.

Россия президенти Владимир Путин ўзининг махсус қарори билан 9 июл кунини Краснодар ўлкасидаги табиий офат ва Украинада автоҳалокат натижасида халок бўлганлар хотирасига бағишлаб Россияда мотам куни деб эълон қилди.
XS
SM
MD
LG