Линклар

Ўзбек рассоми гигант асарини Прагада намойиш қилди


Леким Иброҳимов Прагадаги Экспо марказда ўрнатилган ўз улкан асари қаршисида.

Леким Иброҳимов Прагадаги Экспо марказда ўрнатилган ўз улкан асари қаршисида.

Прагадаги Кўргазмалар марказида 9 июл куни ўзбекистонлик таниқли рассом Леким Иброҳимовнинг Гиннес рекордлар китобига кириши мумкин улкан асарининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.


Рассом асарининг тақдимот маросимида халқаро санъатшунослар, журналист ва оддий прагаликлар иштирок этди.

Тақдимот маросимидан кейин журналистлар учун матбуот анжумани бўлди.

Анжуманда иштирок этган Россия 24 телеканали мухбири бу улкан санъат асари кўргазмаси учун нега айнан Прагадаги марказ танлангани борасида савол берди.

Бу саволга лойиҳа ижрочиларидан бири Нигилина Мелникова жавоб бериб, бу улкан расм учун жой танлаш мушкул кечганини айтди.

- Расм катта бўлгани боис жой танлаш қийин бўлди. Праганинг турли туманлари бизга жой таклиф қилишди. Биз ниҳоят Экспо марказини танладик. 100 йилдан кўпроқ тарихга эга бу бинода қадимий ўзбек мотивлари акс этган гигант сурат туришини маъқул кўрдик¸ деди Нигилина Мелникова.



Бу расмнинг кейинги тақдирига оид саволга жавоб берган лойиҳа раҳбарларидан бири Улуғбек Қосимхўжаев¸ гигант асарнинг Мадрид ва Римдан сўнг Тошкентга қайтишини билдирди.

- Бу асар ўзи яратилган Тошкентга қайтади. Бир муносиб ерда кўргазма қилинади. Минг бўлакдан иборат бу расмни майда-майда қилиб сотиш ниятимиз ҳали йўқ, деди Улуғбек Қосимхўжаев.

Гигант расм тақдимотига Норвегиядан махсус ташриф буюрган рассом, Леким Иброҳимов ижодининг Европадаги тарғиботчиларидан бири Астрид Йоҳаннесенга кўра, бу тадбир Европа санъат оламидаги катта воқеадир.

Гиннес рекордлар китобига киритилишга лойиқ иккита рекорд учун ариза берган ўзбек рассомининг улкан асари сешанба куни Прагадаги кўргазма залига олиб келинган эди.

Таниқли ўзбек рассоми Леким Иброҳимовнинг юк машиналарига ортилган минг бир полотнадан иборат “Минг малак ва бир суврат“ асари Прагага келгунга қадар бир ҳафта йўл босди.

Минг малак учун миллион доллар

Кўргазма ташкилотчиси¸ Россиядаги "Global Festina" ширкатининг Марказий Осиë бўйича вакили Мурод Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, минг бир бўлакдан иборат улкан картина тамсили билан боғлиқ лойиҳага шу бугунгача бир миллион доллардан кўпроқ пул сарфланган.

- Биз бу лойиҳадан тижорий фойда кўзламаймиз. Бу бир хайрия тадбири деса ҳам бўлади. Асар намойиш қилинган шаҳарлардаги касал болаларга ҳам кўмак бериш режамиз бор, дейди Мурод Иброҳимов.

Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкентдан келган продюсер Улуғбек Қосимxўжаевга кўра, оғирлиги 22 тонна, баландлиги 8 метр, узунлиги эса 60 метр бўлган “Минг малак ва бир суврат“ гигант асарини монтаж қилиш деяри якунланди.

Суҳбатдошга кўра, айни пайтда виртуал маконда лойиҳани тарғиб қилиш ишлари бормоқда.

- Агар кимда-ким www.1001artproject.com сайтимизга кириб¸ улкан расм парчаларини яxлит холда виртуал йиға олса¸ унга Ipad-3 совға берилади. Бундан ташқари¸ 4 июлдан бошлаб Прагадаги 50 та трамвай ўзбек рассоми асарини тарғиб қилишга киришди, дейди Улуғбек Қосимxўжаев Озодлик билан суҳбатда.

Минг бинога минг малак

Гигант суратни тамсил қилиш учун 5 июл куни Прагага учиб келган рассом Леким Иброҳимов Озодлик мухбирининг гигант асарнинг илк намойиши учун нега айнан Прага танланди¸ деган саволига жавоб берди:

- Прагада мингта қадимий бино бор. Ҳар бирига биттадан малак зарур деб билдим. Қолаверса¸ бугун Прага рассомликдаги янги тўлқинлар марказига айланмоқда. Бу шаҳарда Европадаги энг баланд от ҳайкали бор. Рақсга тушаëтган бино фақат Прагада мавжуд. Телевишкага ўрмалаëтган улкан чақалоқлар ҳайкалининг машҳур муаллифи Давид Черний ҳам Прагада истиқомат қилади. Шу боис¸ дунëдаги энг улкан расм намойиши учун Прага шаҳри айни муддао¸- дейди суҳбатдош.

Леким Иброҳимовнинг Озодликка билдиришича, бу расмни яратиш учун 3 тонна бўëқ ва 600 квадрат метрга яқин махсус оҳорланган¸ нам ўтказмайдиган махсус мато сарфланган.


Муаллиф ҳақида:

Леким Иброҳимов 1944 йили Олмаотанинг уйғур қишлоғида туғилган. 1971 йилда Тошкентдаги Театр ва рассомлик институтига ўқишга кириб, уни 1977 йил тугатган.

Россия Бадиий академиясининг фахрий аъзоси.

Леким Иброҳимов нафақат рассом балки, ўз фалсафий фикрларини сўз билан ифода қиладиган файласуф ҳамдир. Леким Иброҳимовнин “Афсоналар” китоби 1994 йили Германияда немис тилида нашр қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG