Линклар

Афғонистон ҳукумати Толибон томонидан бир аёлнинг омма кўзида қатл қилинишини “аксилисломий ва аксилинсоний” амал сифатида кескин қоралади.


Мазкур масала юзасидан эълон қилинган баёнотда расмий Кобул қотилларни топиш ва жавобгарликка тортишга чақирган.

Афғонистондаги НАТО кучлари қўмондони, АҚШ генерали Жон Аллен юз берган воқеани “жирканч ёвузлик”, деб атади.

Хиёнатда айбланган аёл ўтган ҳафтада пойтахт Кобул яқинида, Парван вилоятига қарашли Кимчок қишлоғида қатл этилди.

Қатл маросими видеотасвирга ҳам туширилган.



Афғонистонлик ҳуқуқшунос аёл Фавзия Куфи юз берган воқеани қоралар экан, бу жирканч жиноят қандай қилиб пойтахтга шу қадар яқин жойда ҳамда кўпчилик кўз олдида амалга оширилганидан хайратга тушаётганини айтди.

2014 йилга режалаштирилган президент сайловида президентликка номзод сифатида иштирок этажагини эълон қилган Куфи бундай жирканч жиноят хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш учун кўп ишлар қилгани тўғрисида баёнотлар бераётган ҳукумат кўз ўнгида амалга оширилганига эътибор қаратди.

Афғонистон Мустақил инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси Муса Маҳмудий воқеани шарҳлар экан, “Зўравонликка барҳам бериш йўлида қилаётган ҳаракатларимизга қарамай, бу жиноят хотин-қизлар Афғонистонда ҳануз зўравонликнинг энг биринчи қурбонлари бўлиб қолаётганидан далолатдир”, деди.

Тилга олинган комиссияга кўра, Афғонистонда кейинги йилларда хотин-қизларга қарши зўравонлик кейинги йилларда кескин ортиб кетган.

Бир неча кун олдин Афғонистоннинг шарқида бир аёл ва унинг икки фарзанди сўйилган эди. Полицияга кўра, қотил аёлнинг турмуш ўртоғи бўлган. Бу жиноят “номус ҳимояси” сифатида талқин этиладиган қатор қотилликлардан сўнггиси эди.
Афғонистонлик хотин-қизлар Толибон режими қулатилганидан сўнг таълим олиш, сайловларда қатнашиш ва ишлаш ҳуқуқларини қўлга киритган эди.

Эндиликда, ҳукумат ва Толибон орасида ярашув сўзлашувлари кетаётган бир шароитда ўша ҳуқуқлар таҳдид остида қолмоқда.

Донор мамлакатларнинг Токиода ўтаётган конференциясида АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Афғонистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашга чақирди.
“Халқининг ярми ваколатсиз қолган ҳар қандай давлат тинчликка ҳам, барқарорликка ҳам, иқтисодий тараққиётга ҳам эриша олмайди, деган фикрни АҚШ комил ишонч билан айта олади”, деди Ҳиллари Клинтон.

“Барча фуқаролар Афғонистон тараққиётига ҳисса қўшиш ва унинг ютуқларидан фойдаланиш имконига эга бўлишлари керак. Қўшма Штатлар Афғонистон хотин-қизлари учун мустаҳкам таянч бўлиб туриб беришда давом этади”, деб қўшиб қўйди Клинтон хоним.

Парван вилояти ҳокими Басир Салангига кўра, аёлнинг қатл этилиши акс этган видеотасвир бир ҳафта муқаддам суратга олинган.

Салангининг айтишича, Толибон ҳаракати жанговар қўмондонларидан икки нафари аёл билан жинсий алоқада бўлган.

Айтилишича, улар аёлни зўрлаганми ёки алоқа унинг розилиги билан бўлганми – аниқ эмас, лекин ҳар ҳолда, иккалови кейин аёлга эгалик қилиш юзасидан ўзаро баҳсларига барҳам бериш учун уни ўлдиришга қарор қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG