Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:57

Исломий тўйни қандай тушунасиз?


Сўнгги пайтларда Ўзбекистоннинг Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида исломий тўй қилиш анча оммалашган.

Эл орасида “оқ тўй” ҳам деб аталадиган бундай тўйлар “қизил” (яъни, советча) тўйлардан дастурхонда спиртли ичимликлар бўлмаслиги, базм учун машшоқлар чақирилмаслиги, улар ўрнига кўпинча бирор илмли кишининг маъруза қилиши, тўйхонада эркак ва аёлларнинг алоҳида-алоҳида ўтқазилиши билан ажралиб туради.

Ўзбекистондаги Эксперт ишчи гуруҳи маълумотига кўра, кейинги пайтларда тўйдан кейиноқ орган ходимлари бундай хонадонларга келиб, ёш келин-куёв ва уларнинг ота-оналари билан “профилактик суҳбатлар” ўтказмоқдалар, уларнинг нима учун айнан исломий тўй қилгани билан қизиқмоқдалар, айрим ҳолларда уларни тушунтириш хати ёзишга мажбур қилмоқдалар.

Айни пайтда, Озодлик билан суҳбатда бўлган аксар ўзбекистонликлар ихчам ва камхаражат¸ аммо замонавий тўй ўтказиш истагини билдирди.

"Ҳафта саволи" рукнининг бугунги сонида респондентларга “Исломий тўйни қандай тушунасиз, Сиз ўзингиз исломий тўй қиласизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Муҳаррам ая, пенсионер:

- Исломий тўйга мен бордим. Хотинлар алоҳида ўтирди, эркаклар алоҳида ўтирди. Хотин артистлар келди. Хотинлар ўзи ўйнади. Ўйин-кулги бўлди биз борган исломий тўйда. Хотинларнинг ўзига айтди. Эркакларга айтгани йўқ. Эркаклар бир чеккадаги хонада ўтиришди. Икки-икки ярим соат бўлди. Кечки пайт бўлди, қоронғида. Соат 6-7 лардан кейин бўлдида. Келин алоҳида ўтирди бизлар билан. Куëв эркаклар билан ўтирди. Мусиқа бўлди, ўйинлар бўлди. Ҳамма нарса жойида бўлди. Лекин эркаклар бизларнинг хонага чиққани йўқ. Менимча, эркаклар камроқ бўлди. Фарзандларимнинг тўйини совет пайтида ўтказганман, яхши бўлган. Иккита ўғлим, иккита қизим бор. Энг кичкина қизимники кафеда бўлди. “Қизил тўй” қилганман. Мен унақа исломий тўй қилмайман. Ëқтирмайман мен.

Очил ака, Жиззахлик тадбиркор:

- Исломий тўйлар бу мусулмонларнинг тўйлари бўлиб, бу тўйлар 18 минг оламни яратган Оллоҳ, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. томонидан кўрсатилган амаллар бўйича қилинади. Албатта¸ мен мусулмон сифатида исломий тўйларни ëқлаб чиқаман. Мен ўзим тўй қиладиган бўлсам, албатта¸ исломий тўй қиламан. Исломий тўй шундан иборатки, масалан ҳаром-ҳаришсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан суннатларга амал қилиб ўтказиладиган тўйлар. Ҳаром-ҳариш деганда маст қиладиган ичимликларни қўшаман. Бундан ташқари¸ ўртага чиқиб ярим яланғоч бўлиб, баданни кўрсатиб ўйнайдику аëллар, буни ҳам мен ҳаром-ҳаришга қўшаман. Кейин фаҳш сўзлар билан қўшиқ айтилади. Ана буларни ҳам мен ҳаром-ҳаришга қўшаман. Яна ўзини кўрсатиш учун жуда катта пулларни сарфлаб дабдабали қилиб ўтказилади. Буларни ҳам мен ҳаром-ҳариш¸ деб ҳисоблайман. Чунки улар исрофгарчиликка йўл қўяяпти.

Сарвинисо, Қашқадарё, уй бекаси:

- Мен исломий тўйни ҳеч қачон кўрганим йўқ. Учта болам бор. Иккита ўғил, битта қиз. Мен ночор оиладанман. Мен фақат ихчам, кам харажат тўйлар қилишни хоҳлайман. Мен тўйда ҳамма баробар бўлиши кераклигини хоҳлайман. Аёллар ва эркаклар алоҳида бўлмаслиги керак. Энди одамлар қандай тўй қилишса, мен ҳам шундай қилишни хоҳлардим. Лекин ноиложман. Ичимликни аёлларга эмас¸ фақат эркакларга қўйиш мумкин, фақат оз-оздан. Бу гуноҳ, гуноҳ. Лекин маҳаллаларда қўйишади ўшани. Бизага қўймади, деб гап-сўз қилишлари мумкин.

Азамат, андижонлик талаба:

- Исломий тўйда бўлмаганман¸ тўғриси. Эшитганману, лекин ўзим бўлмаганман, кўрмаганман. Қанақа бўлишини ҳам билмайман. Диний бўлиб ўтса керакда. Современний қилмасдан, ЗАГСсиз, ҳар хил ўйин-кулгуларсиз ўқилади домлалар келиб. Керакли нималарини ўқиб никоҳдан ўтказиб, шунақа деб тушунаман. Уйлансам, қандай тўй қилишим ҳақида ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. Катталардан маслаҳат сўралади. Катталар нима деса шу. Ўзим энди, современний бўлиб жуда европейский ҳам эмас, эл қатори қилиб қилиш ниятим бор. Ўзимча ҳозир айтаяпман современний тўй бўлади деб. У ëғини билмайман. Балки эскича тўй қилармиз, балки замонавий бўлар.

Сулаймон, жиззахлик талаба:

- Мен исломий тўйни хоҳлаган бўлардим. Чунки исломий тўй бу, масалан ҳаром ва ëмон нарсалардан узоқроқ бўлган тўйларга айтилади. Мен ўзим қандай тўй қилмоқчилигимни айтсам, мусулмонча, оддий, нима дейди, ўзимизнинг юртимизда ҳам айтаяптику унча дабдабали тўй шарт эмас, оддий тўй қилиш мумкинку. Ўзим қилмоқчи бўлган тўй камтарона, мусулмонча тўй қилишни ўзим хоҳлаган бўлардим. Ўйин-кулги бўлади, лекин чегарадан чиқиш шарт эмасда. Нима учун тўй қилинади? Ўйин-кулги, яхшилик учун, эл-юрт билсин менинг тўйимни дейди. Мана шунча халқимнинг дуоси менга ўтсин, Оллоҳдан сўрасин, дейди. Шунинг учун тўй қилинади.

Собиржон, Россиядаги меҳнат муҳожири:

- Ака, мен исломий тўйларга кўп қизиққаним йўқ. Фақат намоз ўқиб юраман. Ёшим 54 да. Уйланганман. Бешта фарзандим бор. Тўрттасини уй-жойли қилганман. Тўрттала тўй замонавий бўлган. Ичимликлар бўлган. Кенжатой ўғлим қолган¸ холос. Унинг тўйини ҳам замонавий қилиб ўтказамиз.

Лазиз, Туркиядаги меҳнат муҳожири:

- Менимча, исломий тўйда ароқ, нима қўйилмайди, қизнинг ҳеч қаери кўринмайди, мен шунақа деб биламан. Исломий тўйни бир марта кўрганман. Ароқ йўқ эди. Ўзимизнинг бир эшон қилганда ўзимизнинг Нурободда. Келин-куëв алоҳида ўтирган. Кўрамиз, менинг исломий тўй қилиш ниятим борда. Бизларда яна ҳар-хил гаплар ҳам бўлади. Масалан¸ ароқ қўймасанг “Тўйинг яхши бўлмади. Тўйинг ўтмайди” деганлар ҳам бор. Билмадим ҳали уйланишимга тўрт-беш йил бор. Бирор нарса дея олмайман.

Тошкентдаги тўйхона ходими:

- Исломий тўй? Йўқ, йўқ, йўқ. Ҳеч мумкин эмас. Қарор бор бизларнинг қўлимизда. Бизлар (исломий тўй) ўтказа олмаймиз. Шаҳар ҳокимиятидан қарор бор. Исломий тўй умуман ҳеч қаерда ўтказмайди. Ҳеч қайси тўйхонада ўтказа олмайсиз. Ҳаммасига запрет.

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулоҳазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG