Линклар

logo-print

Ўзбекистон Марказий банки “Универсалбанк”дан чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи бош лицензияни қайтариб олди.

Марказий банк ахборот хизмати тарқатган маълумотга кўра, мазкур банкдан лицензия валютани тартибга солишга доир амалдаги қонунчилик талабларини бузганлиги сабабли “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги қонуннинг 40 ва 53-моддасига асосан олиб қўйилган.

Айни пайтда МБ ахборот бўлими ходимаси Озодликка мазкур воқеага оид тафсилотлар ўзига маълум эмаслигини айтиб, Геннадий исмли мутахассисга мурожаат қилишимиз лозимлигини айтди.

Геннадий билан боғланганимизда эса у шу бугун командировкадан келганини, яқин кунлар ичида содир бўлган воқеалардан мутлақо хабарсиз эканини айтди.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги қонунни кўздан кечириш ҳам мушкулимизни осон қилмади. Чунончи, мазкур қонуннинг “Валютани тартибга солиш” деб номланган 40-моддаси Марказий банкнинг “банклар, бошқа юридик ва жисмоний шахсларга чет эл валютасида операциялар ўтказиш учун лицензиялар беради ва лицензияларни қайтариб олади, уларнинг фаолиятини назорат қилади ва тартибга солиб боради” ҳамда “банклар учун очиқ валюта мавқеи лимитларини ва бошқа иқтисодий нормативларни белгилайди” каби умумий фаолиятидан баҳс этади. “Марказий банк қўллайдиган чоралар ва санкциялар” деб номланган 53-моддада ҳам “Банклар ва уларнинг филиаллари иқтисодий нормативларни белгиловчи банкларга оид қонун ҳужжатларини бузган тақдирда Марказий банк устав капиталининг энг кам миқдоридан 0,1 фоизгача жарима ундириш ёхуд айрим операцияларни ўтказишни олти ойгача бўлган муддатга чеклаб қўйиш ҳуқуқига эга”лиги ҳамда МБ “банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайтариб олишга ҳақли” экани кўрсатилган, холос.

“Универсалбанк”нинг валюта операциялари билан боғлиқ бўлимида ишлайдиган, аммо исмини ошкор қилишни истамаган ходими ҳам банк лицензияси олиб қўйилганини тасдиқларкан, банк фаолиятида ҳақиқатан ҳам камчиликлар бўлганини эътироф этди. Бироқ у ҳам: “Бу камчиликлар нимада иборат эди?” деган саволимизни очиқ қолдирди. Суҳбатдошимиз айни пайтда “Универсалбанк” ходимлари Марказий банк аниқлаган камчиликларни бартараф қилиш устида ишлаётганини айтаркан, улар яна олти ойдан кейин хорижий валютада операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни қайтариб олишдан умид қилаётганларини қўшиб қўйди.

Очиқ турдаги хусусий акциядорлик-тижорат банки бўлмиш “Универсалбанк” чет эл валютасида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи бош лицензияни 2011 йил декабрида олганди.

2001 йилда “Қўқон” банки базасида 50 миллион сўмлик бошланғич капитал билан ташкил қилинган “Универсалбанк”нинг асосий ҳиссадорлари хусусий ширкатлар ва жисмоний шахслар бўлиб ҳисобланади.

Универсалбанк Ўзбекистонда валютада операция амалга оширишга оид лицензиясидан маҳрум бўлган ягона банк эмас. Дейлик, ўтган йил ноябрида РАВНАҚ-БАНК, шу йил январида эса HI-TECH BANK ана шундай лицензиясидан маҳрум бўлганди. РАВНАҚ-БАНК ўз лицензиясини қайтариб олгани ҳақида маълумот йўқ (бу банкда ҳатто телефон гўшагини ҳам кўтармаяптилар), аммо Озодлик мухбири билан суҳбатлашган HI-TECH BANK вакиласи, орадан олти ўтган бўлса-да, ҳали-ҳануз лицензияларини қайтариб олмаганларини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG