Линклар

Ўзбекистонни нефт махсулотлари билан таъминловчи заводига эга Фарғона вилоятида яна бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Автомобиллари суюлтирилган газ ёки дизелда юрувчи ҳайдовчилар учун аҳвол бундан ҳам баттар.

Фарғона, Марғилон, Қувасой, Тошлоқ, Олтиариқ, Чимён туманларидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари олдида узундан-узун автомобиллар навбати юзага келган.

- Нархи икки ярим мингдан тортиб кетаверади, тўрт минггача. Ҳаммаси қўлда. Заправкада бензин тополмайсиз. Заправкага келса ҳам, қўлга тушиб кетади. Ҳаммаси қўлда ҳозир,- дейди фарғоналик ҳайдовчи Муҳаммаджон.

Автомобиллари суюлтирилган газ ёки дизел ёнилғисида юрувчи ҳайдовчилар учун аҳвол бундан ҳам баттар. Заправкаларда автомобиллар бир километрдан ошиқ навбатга тизилиб, бир неча соатдан кутишларига тўғри келмоқда, дейди яна бир фарғоналик.

- Бензинку олдингига қараганда яхши, лекин дизел ва газ анча қийнаяпти. Дизел 3000-3500 сўмга чиқиб кетган литри. Кейин газ заправкалар ҳам нархни кўтариворди,- дейди фарғоналик Расул.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистонда сиқилган табиий газ ва суюлтирилган углерод газдан фойдаланувчи автомобиллар улуши 17 фоизни ташкил этади.

2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон АЁҚШларида Аи-80 бензини ва дизел ёнилғиси нархи 1605 сўм, Аи-91 бензини 1770 сўм, Аи-95 бензинининг нархи эса 1955 сўм қилиб белгиланган.

Бензин тақчиллиги юзага келгани ҳақидаги хабарлар хусусида Фарғона вилоят ҳокимлиги расмийларидан изоҳ бўлмади.

Ўтган ойда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбариятидан ўттизга яқин мулозим ҳибсга олинган эди.

Уларнинг ҳибсга олиниши сабаблари номаълум. Айтилишича, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг аввалги раҳбарияти водийда сунъий бензин тақчиллигини пайдо қилиш орқали қўшимча даромад қилиб келган.

Айрим хабарларга кўра, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи раҳбарияти ўзгариши ортидан вазият бир мунча яхшилана бошлаган, дейди мазкур заводда узоқ йиллар ишлаган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Исмоил Маллабоев .

- Қўлда ҳам сотиляпти, заправкаларда ҳам бор. Завод шу ердаку. Яқинда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига шу ерда ўсиб улғайган Шамсиддин Саидаҳмедов қайтадан бошлиқ этиб тайинланди. Биласиз, заводнинг олдинги раҳбарларини олиб кетишган. Мана энди Шамсиддин ҳаммасини қўлга оляпти,- дейди Исмоил Маллабоев.

Аввалроқ, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида ҳам мисли кўрилмаган бензин тақчиллиги юзага келган ва бу ҳол бензин чайқовчилигини кучайтириб юборган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG