Линклар

Интернетдаги энг йирик энциклопедия – Википедиа (Wikipedia) Россия парламентида муҳокама қилинаётган ахборот тўғрисидаги қонунга ўзгартиш критиш лойиҳасига норозилик ўлароқ сайтнинг рус тилидаги нашрини бир кунга тўхтатиб қўйди.

10 июл куни Ru.Wikipedia.org сайтидаги “Википедия” сўзи устидан йўғон қора чизиқ тортилиб, остига “Дунёни эркин билимларсиз тасаввур қилинг” деган ёзув қўйилди.

Википедия сайтида Давлат Думасида Ахборот тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритиш таклифининг иккинчи марта муҳокама этилиши Россияда Интернет устидан суд қарорисиз цензура ўрнатилишига олиб келиши, жумладан, Википедиянинг рус тилидаги сайтига тўсиқ қўйилиши мумкинлиги билдирилган.

Рус тилидаги Википедия, Хитойда Интернет ҳукумат томонидан цензура қилинишига ишора қилиб, Россиянинг Ахборот тўғрисидаги қонунига тузатишлар киритилиши “Буюк Хитой Деворининг русча версияси яратилишига олиб келиши мумкинлиги”дан огоҳлантирган.

Давлат Думаси депутатлари Ахборот тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритиш масалани биринчи марта 6 июл куни муҳокама қилган эди.

Қонунга киритилиши таклиф қилинган тузатишлар Федерал регистр тузиш ва унда тақиқланган ахборотлар борлиги иддао қилинган сайтлар бўйича чиққан қонунларни чоп этиш, шунингдек, Интернет сайтлари эгалари ва провайдорлар зиммасига тақиқланган сайтларни ёпиш мажбуриятини юклашни ўз ичига олади.

Қонун лойиҳасида болалар порнографияси, наркотиклар истеъмол қилишга сабаб бўладиган ва қандай қилиб ўз жонига қасд қилиш борасида маслаҳатлар берадиган сайтлар тўсиб қўйилиши керак бўлган сайтлар сифатида қайд қилинган.

Ru.Wikipedia.org сайти воқеалар ривожи Россия бўйлаб Википедияга кириш тўсиб қўйилишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Википедияга кўра, Россияда “болалар соғлом ўсиб катта бўлишига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлардан уларни ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун аллақачон қабул қилинган.

Россияда Интернет мухолиф фикрларни Facebook, Twitter ва Live Journal каби ижтимоий тармоқлар орқали оммага етказишда муҳим рол ўйнайди.

Шунингдек, Интернет Россия Президенти Владимир Путин ва унинг иттифоқчиларига қарши бўлган гуруҳлар томонидан норозилик акциялари уюштиришни мувофиқлаштиришда ҳам катта аҳамиятга эга.

Айни пайтда, Россия Давлат Думасининг нодавлат ташкилотлар устидан назорат ўрнатишга қаратилган янги қонун лойиҳасини ҳам шу ҳафтада муҳокама этиши режаланган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари “хориж агентлари” сифатида талқин қилинган мазкур ҳужжат 6 июл куни биринчи муҳокамадан сўнг маъқулланган эди.

Россиялик фаоллар буни Путинга қарши ҳаракатни бўғиш йўлидаги уриниш деб бахолаган.

Единая Россия партияси ташаббуси билан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида хориждан молиялаштириладиган нодавлат ташкилотларини ўз фаолияти ҳақида бир йилда икки марта ҳисобот беришга мажбур қилиш орқали улар устидан давлат назоратни кучайтиришни назарда тутган.
XS
SM
MD
LG