Линклар

logo-print

10 июл куни кечга яқин Ўш сафарини якунлаган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Нави Пиллай Бишкекда журналистларга мана шундай баёнот берди.

Нави Пиллай Ўш сафари давомида 2010 йилги зўравонликлар қурбонлари ва жабрдийдаларга адолатли судлов шароити яратиб берилмаганига эътибор қаратди. БМТ Олий Комиссарининг айтишича, Қирғизистонда 2010 йил августидан 2012 йилгача Ўш воқеасида айбланиб ҳибс қилинган ўзбекларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида 68 та маълумот олинган.

“ Бу айсбергнинг бир учи холос. Қийноқлар ҳолати мавжудлигини тан олишни истамаётган прокурорлар, судлар ва қийноқлар қўллагани учун жазоланмай қолаётган милиция ходимлари давлатчилик тамойилларига путр етказмоқда. Ҳукумат миллатидан қатъий назар ҳар бир фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак”, деди Нави Пиллай.

Журналистлардан бирининг “Нега фақат ўзбеклар ҳақида гапирасиз? Қийноқларга солинган қирғизлар ҳақида нега индамайсиз?” қабилидаги саволига эса Нави Пиллай қуйидагича жавоб берди:

“Менинг қўлимда қирғизларга нисбатан қийноқлар қўллангани ҳақида маълумот йўқ. Шу кунгача бу борада ўзбек ҳамжамияти биз билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда ва қийноқлар ва бошқа ҳуқуқ бузилишлар ҳақида маълумотларни бераяпти.Қирғиз ҳамжамияти эса бу борада бизга ҳали бирорта маълумот бермади. Бу йўналишда ҳамкорлик қилишни истаган ҳар бир одам учун биз ҳамиша очиқмиз”, деди Нави Пиллай.

Пиллай Ўшда миллий озчиликларга, айниқса этник ўзбекларга нисбатан дискриминация мавждулигини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, миллий озчиликларга нисбатан дискриминация Қирғизистоннинг энг катта муаммосига айланиб бормоқда.

“Масалан, Ўшда аҳолининг 50 фоизи ўзбек эканига қарамай, судлардан бирортаси ўзбек миллатига мансуб эмас. Бошқа ҳокимият тузилмаларида ҳам мана шундай вазият ҳукм сурмоқда. Ўш қирғинида ҳалок бўлган ва жабрланганларнинг 75 фоизга яқини ўзбек эканига қарамай, қамалганларнинг 77 фоизи ўзбек. Бу эса Қирғизистонда адолатли тергов ва судлов борлигини шубҳа остига қўяди”, деди Нави Пиллай.

БМТ Олий Комиссари Қирғизистонда Ўш воқеалари учун айбни фақат бир миллатга, яъни ўзбеклар зиммасига юклаш анъанаси шаклланганини кескин танқид қилди. Пиллай Ўш қирғинида ҳар икки миллат вакилларининг қурбон бўлгани низода ҳар икки томон иштирок этганини исботлашини ҳамда қирғин учун масъулиятни фақат бир миллат зиммасига юклаш салбий оқибатларга олиб келувчи сиёсий хато эканини таъкидлади.

Нави Пиллай халқаро ҳамжамият Ўш қирғини ташкилотчиси сифатида айбланиб умрбод қамоққа ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли, этник ўзбек Азимжон Асқаров иши юзасидан ташвиш билдираётганини яна бир карра эслатиб ўтди. Пиллай Қирғизистон президенти ва Бош прокурори билан бўлган учрашувда бу масалани кўтарганини ва Асқаров иши адолатли тарзда қайта кўриб чиқилишини талаб қилганини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG