Линклар

Олийгоҳга киришга талабгорлар кўпаймоқда


Бу ёз Ўзбекистон олийгоҳлари ҳовлиси ўтган йилдагидан ҳам гавжумроқ бўлиши кутилмоқда.

Бу ёз Ўзбекистон олийгоҳлари ҳовлиси ўтган йилдагидан ҳам гавжумроқ бўлиши кутилмоқда.

Бу йил Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 450 мингдан зиёд абитуриент ҳужжат топшириши мумкин. Бу кўрсаткич ўтган йилдагидан тақрибан 10 фоизга кўпроқдир.

Айни пайтда мамлакатдаги айрим олийгоҳларга шу кунгача ўтган йилдагидан икки баробар кўп абитуриент ҳужжат топширгани айтилмоқда. Бундай ҳолат, хусусан, Қодирий номидаги Жиззах Давлат педагогика институтида ҳам кузатилаяпти.

- Қабул ўтган йилга нисбатан анча юқори. Кечаги маълумотга қарайдиган бўлсак, ўтган йил шу кунгача 3879 нафар абитуриент ҳужжат топширган экан, ҳозирги кунда эса улар сони 6355 нафар, - деди ЖДПИ қабул комиссияси статисти Фурқат Аҳмедов.

Шу кунда Ўзбекистонда 57 та олий ўқув юрти абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинмоқда. 1 ой давом этадиган ҳужжат қабул қилиш жараёни аксар олийгоҳларда 20 июлда якунига етади. 1 августга белгиланган тест синовларида (ўтган йили синов куни бир кунга кечиктирилганди) абитуриентлар учта предмет бўйича 108 та саволга жавоб беришлари, тўғри жавобни эса ҳар бир савол остидаги тўрт вариантдан бирини танлаш орқали белгилашлари лозим бўлади.

Олийгоҳлардаги қабул комиссиялари аъзолари бу йил ҳам абитуриентларнинг тест синовига шпаргалка ва уяли телефон олиб кириши бўйича қаттиқ назорат қилинишини, бундайлар синовга қўйилмаслигини айтмоқдалар. Айни пайтда қабул комиссиясига топширилган ҳужжатларда сохталиклар бўлса ҳам абитуриент синовга қўйилмайди. Агар бундай қонунбузарлик абитуриент тестни топшириб, талабалик ҳужжатини қўлга киритганидан сўнг аниқланса, у ўқишдан ҳайдалади, бунинг устига сохта ҳужжат тақдим қилган кишининг иши прокуратурага оширилиши айтилмоқда.

ЖДПИ қабул комиссияси статисти Фурқат Аҳмедовга кўра, ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар бу йил ҳам олийгоҳларга кириш чоғида имтиёзлардан фойдаланишлари мумкин (бу ҳақда қарийб бир ой аввал Озодлик махсус лавҳа тайёрлаганди).

- Бундан ташқари, кўзи ожизлар, етимлар, республика бўйича ижодий ёки спорт мусобақалари ғолиблари, фан олимпиадалари ғолибларига имтиёзлар берилиши белгиланган, - дер экан Фурқат Аҳмедов ҳатто ўтган йили олимпиада ғолиби бўлган абитуриентлар ҳам бу имтиёзлардан фойдалана олмаслигини, фақат бу йилги натижалар эътиборга олинишини қайд этди.

2012-2013 ўқув йилида Ўзбекистон олий ўқув юртлари бакалавриатга 56607 нафар (9340 нафари давлат гранти асосида, 37267 нафари эса), магистратурага эса 6300 нафар киши (1566 нафари давлат гранти асосида, 4734 нафари эса шартнома асосида) қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул жараёни 1992 йилдан бошлаб тест синови асосида амалга оширилмоқда.

Синов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси қошидаги Давлат тест маркази томонидан ташкил этилади ва ўтказилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG