Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:04

“Золотой” номерга тобингиз қалай?


Билгичларнинг айтишича, "золотой" бўлмаса ҳам "крутойроқ" номерларни 100-200 "қўқонига" олса бўлади.
Билгичларнинг айтишича, "золотой" бўлмаса ҳам "крутойроқ" номерларни 100-200 "қўқонига" олса бўлади.

Шу кунларда ГАИга йўлингиз тушмадими мабодо? Нафасингизни иссиқ қилинг-э, дейсизми? Узр, минг бор узр. Яқинда ўша идорага ҳам ишим, ҳам йўлим тушиб, тоза сарсон бўлдим-да. Шунга, ҳа деган туяга мадад, бирор дардкаш бормикин, деб сўраган жойим...

Машина рақамини ўзгартиришга тўғри келиб қолди. Дуппа-дуруст юргандим, лекин 2013 йилнинг 1 январигача янги намунадаги давлат рақами олиш шарт экан. Бир парча темирни деб Юнусобод ГАИсига (йўл ҳаракати хавфсизлиги идорасига) бир неча бор қатнадим.

Биринчи борганимда, турнақатор навбатни кўриб юрагим орқага тортиб кетганидан қуённинг расмини чизиб қўя қолдим. Иккинчи гал душанбада борибман, бу куни дам олишарди-ку, ҳардамхаёллигимни қаранг! Учинчи марта...

Келинг, учинчи боришда нималарни кўрганимни батафсил айтиб берай.

Ит эгасини, мушук бекасини танимайдиган издиҳом

Юнусобод ГАИсининг қопқасига “Эски номерларни 2012 йил 31 декабргача янги намунадаги давлат рақамига алиштиринг!” деган мазмунда шапалоқдек эълон кўрга ҳасса қилиб илинган.

Кекса-ёш, эркак-аёл, бой-камбағал – бариси анвойи русумли уловини қантариб, номер олиш, тешилган талонини янгилаш, мусодара қилинган “права”сини ундириш ташвишида ичкари йўналяпти.

Эшик-ойналарга автомашиналарда тиббий қути (аптечка) бўлиши зарурлиги ҳақидаги “ҳасан-ҳусан” плакатлар ёпиштириб ташланган. Ҳайдовчи зоти фаромушхотир келади, эслатилгани зап иш бўлибди. Лекин “Тиббий қутиларни Oxy Med дорихоналаридан оласиз!” деган буйруқнамо чақириққа тушунмадим, тўғриси. Нима, бошқа фирманинг тиббий қутиси ўтмайдими? Монополиянинг ҳиди келмаяптими эҳтиёт-шарт?.. Майли, майли, асосий масаладан чалғимайлик.

Эски номер ва зарур ҳужжатларни қабул қилиш учун 6 та бўлма ишлаб турибди. 6 нафар “гаишник” (лекин липпасига таёқ қистирмаган улар, идорада ўтирадиганлар навидан) қўли қўлига тегмай ишлаяпти. Ҳар бир дарча оғзида 5-6 чоғли одам. Талабгор ҳужжат топширади, ўрнини бошқаси эгаллайди, карвон қисқаргиси келмайди.

Мен-ку, учинчи келишим, бу ерга танда қўйган ҳайдовчиларнинг айтишича, охирги ҳафталарда одам ниҳоятда кўпайиб кетибди. Узунқулоқ маҳобатларга ишонсак, бу ҳали ҳолва экан, янги йилга яқин яна минди-минди бўлиб кетармиш.

Соҳиби маркабларнинг аксари соткасида қулоғи динг бўлиб Азамат, Маъмур, Илҳом акалари билан гаплашади (шу ерда ишлайдиган “танка”лари, шекилли).

Илинж – сал кўримлироқ рақам олиш, ишни тезроқ битказиш.

Эҳ, ўчакишгандек, таёқдорлар орасидан бирорта таниш ҳам орттирмабман, жонимга ора кирарди, ахир.

Шу пайт анави машҳур актёрни кўриб қолсам денг. Оти нимайди, ҳаҳ, тилимнинг учида турибди, Миллий театрда ишлайди, хонтахта филмларни ҳам бўшатмайди. Доим мафия ролларини ўйнардилар акам, савлатларидан от ҳуркарди. Кинода нуқул номига тил келишмайдиган “иномарка”ларда юрардилару, а? Мўминқулнинг ўғли Қобулқул бўлиб келиб турибдилар.

Номер олишда актёру каскадёр (йўлларимиз ҳайдовчиларни каскадёрга айлантирворган, ишонаверинг) баробар экан-да!

Ким олади-ё, шугинани-ё?

Эътибор берсангиз, уч-тўртта эркак жам бўлса, об-ҳаво, нарх-наво ва “гаишник”ларни муҳокама қилади. Бугун ҳам гап қопларининг оғзи ланг очилган.

Кўркамроқ номерга кўз тиккан барзанги ҳайдовчи ёнидаги шеригидан чиқимини суриштиради.

– 101ни 400га олди танишим,– дейди у.

– Йўғ-э! Ваапше сувтекинга тушибди! Оғайним 707 учун 800 сўм отди,– суҳбатга қўшилади пўрим кийинган дароз ҳайдовчи.

– 800 сўмга шунақа зўр номер олса бўларканми, а?– ҳалитдан бери ҳайдовчилар оғзидан чиқаётган сўзлар мағзини чақолмаётган анойироқ киши саволга тутади Дарозни.

– Қанақа сўм, 800 “қўқон”га олди дивомман?– “дунёбехабар”га тушунтирган бўлади у.

– “Қўқон”ингиз нимаси? Фарғонадаги шаҳарни айтяпсизми?– кўча тилидан паққос ғофил киши яна қовун туширади.

Бу гал Дароз ўзини тутиб тура олмайди:

– Намунча ғалчалик қиласиз, “кўк”ига – 800 АҚШ дол-ла-ри-га!

Бояқиш “таркидунёчи” ойлигини тишининг ковагида сақлаб-сақлаб машина олган мактаб ўқитувчисига ўхшайди. Ё, бирор илмий даргоҳ тупроғини ялаб юрган олим бўлсамикин?..

– Такой (чиройли, эсда қоладиган демоқчи) номер олиш учун ё зар, ё зўр бўлиши керак. Номерам котта бизнес бўп кетган! Бўтта ишлайдиганлар йил тўлмай машинани қаттан овотти бўлмаса?– суҳбат жиловини яна қўлга олади Дароз.

– Манга деса, 777да юрмайсизми, гаишникни қўлига тушганда, муомаласини қилмасангиз, эмаклатади барибир!– унинг гапини бўлади бошига офтобпана кўзойнак қистирган, афт-ангоридан киракашлиги кўриниб турган йигитча.

– Айтганча, 777 номери қанча туради ўзи?– арини инига чўп тиққан анави барзанги ҳайдовчи яна баҳсталаб савол ташлайди ўртага.

– Кимошдига қўйилган у. Бошланғич нархи 100 миллион сўм,– билағонлик қилади Дароз.

– Учта бир хил рақамлилар муомалага чиқарилмаган ҳали. Даже “Дода”ни машиналарида ҳам йўқ унақаси!– мунозарага киришади “гаишник эмаклатган” киракаш.

– Учта еттили номерни олишга қурби етадиган кўп, лекин бунақа “золотой” номерда юрадиганлар органни назарига тушади. Оч қорним, тинч қулоғим, пулдорлар мундайроқ номерга қаноат қилади,– вазмин луқма ташлайди ёши улуғроқ амаки.

– “Бунёдкор” стадионини қурвоммиз мана! Омон бўлсак, яна бошқа “стройка”ларниям битказиб берамиз кўплашиб,– баҳсга якун ясайди Дароз.

Сизга ёлғон, менга чин

Олижаноб милиционерларимизнинг муомаласига қойил қоламан-да! Тилидан бол томади десангиз, ҳаққига куппа-кундуз куни хиёнат қилган бўласиз. Тилидан бол эмас, асл швейцар шоколадлари томади! Хизмат маданияти-чи!

Турнақатор навбатда турганларнинг ҳайҳайлашига қарамай, 3-бўлмадаги майор шартта ойнасини ёпиб, бамайлихотир чиқади-кетади. Осмон қўлингизда бўлса, ташлаб юборинг, зато, майорниг қўлида ҳокимият бор!

Амаллаб бу босқичдан ўтганингиздан кейин ариза топширишингиз керак.

Меҳрибонликни қаранг, аризани ҳам иккита қўли енгил ходим ўзи ёзиб беради, фақат... шу инсоф юзасидан 3-4 минг ташлаб кетасиз. Тўғри-да, ариза ўзингизга қўйиб берилса, ҳаяжонда фамилянгизни нотўғри ёзворишингиз мумкин.

Айтганча, орада техник кўрикдан ўтасиз. Машинангиз “масло” – яп-янги бўлса, бир йилгача бу бошоғриқдан озодсиз!

Кассадаги ҳолатни бир кўрсангиз эди. 4 та дарча атрофи пул тўламоқчи бўлганлар билан тўлиб тошган. Танга, э-э, танга нима бўпти, игна ташласангиз ерга тушмайди! Одамлар уруш пайти нонга навбатда турганмиди.

Сизга ёлғон, менга чин, даста-даста пул кўтарган соҳиби маркаблар жиғибийрон бўлиб гал кутяпти. “Милиция ишламайди, лекин жарақ-жарақ ойлик олади” деганлар бекор айтибди. Мана, ўзининг туз-насибасидан орттириб, давлат ғазнасига ҳам оламжаҳон пул туширяпти барака топгурлар.

Ўзбекистонда транспорт воситалари учун янги давлат рақами 2008 йилдан жорий қилинди. Аслида, ҳукумат қарори бўйича 2011 йил 1 январда ёппасига янги номерга ўтилиши керак эди. Хайрият, яна икки йил қўшимча берилган экан. Бўлмаса, билмадим, одамлар номер васвасасида кўрпа-ёстиқ қилиб шу ерга ётволармиди...

Юнусобод йўл ҳаракати хавфсизлиги идораси фақат шу туманга эмас, Мирзо Улуғбек ва Олмазор аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.

ГАИдаги сарсонгарчилик бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Одамларнинг қимматли вақтини ўғирламай, ҳар бир туманда рақам бериш ёки жарималарни қабул қилиш бўйича алоҳида шахобчалар очиш керакка ўхшайди.

...Сабр таги – сариқ олтин! Ниҳоят, маҳталу интизор қилган янги рақам ҳам қўлга тегди. (Бизга “золотой” керак эмас, “бронза”си ҳам бўлаверади) Радарга тушмагур киракашлар топиб айтган: мелиса ва банисага ишинг тушмасин экан!..
XS
SM
MD
LG