Линклар

Россиядаги МТС компаниясининг Ўзбекистондаги шўъбаси бўлган “Ўздунробита” ширкати Лабзакдаги бош савдо ва хизмат маркази ëпилганини маълум қилди.

Ширкат расмий сайтида мижозлар учун қўйилган билдиришномада¸ Шайхонтоҳур туманидаги марказий идоранинг техник сабабларга кўра ëпилгани айтилади.

Ширкат раҳбариятининг билдиришича¸ марказий офис ëпилгани муносабати билан мижозларга хизмат кўрсатиш Амир Темур кўчасидаги 2-сонли идорага кўчирилган.

Бундан аввал 7 июл куни Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси ширкатнинг 208 станциясини ноқонуний ишлаб келган деб топиб¸ уларни ëпиш ҳақида буйруқ берган эди.

МТС Ўзбекистонда 3000 дан ошиқ станцияга эга ва Алоқа инспекцияси қарори билан бу станцияларнинг 10 фоизи ишдан тўхтатилди.

МТС матбуот котиби Валерия Кузьменко Dow Jones Newswires агентлигига Ўзбекистон расмий идораларининг ширкатга қарши олиб бораëтган кенг кўламли текширувларига қарамай¸ “Ўздунробита” ўз мижозларига хизмат кўрсатиш сифатини сақлаб қолишга уринаëтганини билдирди.

Ўзбекистон расмий идораларининг “Ўздунробита”га қарши ҳаракатларини агрессив ва қонунга зид деб баҳолаган МТС матбуот котиби¸ юзага келган вазиятнинг асл сабаблари қоронғулигича қолаëтганини таъкидлади.

Айни пайтда¸ “Ўздунробита” директори Беҳзод Аҳмедов тақдири ҳамон қоронғулигича қолмоқда.

Ширкат ва унинг раҳбарлари расман иқтисодий жиноятларда айбланиши арафасида Ўзбекистондан қочиб кетгани айтилган Аҳмедов¸ айрим нашрларга кўра¸ Москвадан Тошкентга олиб келинган.
XS
SM
MD
LG