Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:26

Тошкент дунëдаги энг яхши шаҳарлар рўйхатида


Маркази Лондонда жойлашган Economist Intelligence Unit иқтисодий таҳлил маркази шаҳаршунослари эълон қилган сўнгги “Энг яхши шаҳарлар индекси”га жами 70 шаҳар киритилди ва Тошкент бу рўйхатнинг 58-поғонасига қўйилди.

Ўзбекистон пойтахти ҳақида “Тошкентнинг тариғини еган Маккатуллоҳдан қайтиб келибди”¸ деган гапни эшитмаган ўзбек топилмаса керак.

Аксар ҳудуди чўлу биëбондан иборат Ўзбекистон учун Тошкент энг сўлим¸ энг салқин¸ энг озода, энг гўзал¸ энг замонавий ва ҳоказо “энг”лар эгаси.

Ўзбекистонликларнинг Тошкентга мафтунлиги бежиз эмас – йиллардан бери Британиянинг нуфузли таҳлил маркази бу шаҳарни дунëдаги энг яхши шаҳарлар рўйхатига қўшиб келмоқда.



Айни марказ ҳар йили дунëдаги яшаш учун энг яхши шароитга эга шаҳарлар рўйхатини эълон қилиб келади. Унга одатда 140 ëки ундан ошиқ шаҳар киритилади ва бу шаҳарлар асосан хорижликларнинг унда ўрнашиш учун қандай қулайлик ва имтиëзларга эгалигига қараб баҳоланади.

Ана шу рўйхатга киритилган 140 давлатдан тенг ярми¸ аниқроғи 70 таси эса¸ “Энг яхши шаҳарлар индекси”га киритилади. Бу рўйхатга киришнинг бирламчи мезони¸ таҳлилчиларга кўра¸ шаҳарнинг ҳудудий кўламидир.

Куни-кеча эълон қилинган сўнгги рўйхатга киритилган 70 шаҳар орасида Ҳонг-Конг дунëнинг энг яхши шаҳри деб топилди.

Ҳолландия пойтахти Амстердам¸ Япониянинг Осакаси¸ Париж¸ Сидней¸ Стокҳолм¸ Берлин¸ Торонто¸ Мюнхен ва Токио “энг яхши шаҳарлар” рўйхати тепасидаги биринчи ўнликдан жой олди.

Мазкур рўйхат¸ унинг муаллифлари изоҳича¸ етти мезонга кўра тузилган.

Улар орасида шаҳарнинг ҳудудий кенгайиш жараëни ëхуд аҳоли зичлиги¸ шаҳардаги яшил ҳудуд кўлами¸ табиий ва маданий бойликлар¸ бошқа шаҳарлар билан ҳаво ва қуруқлик воситасида қанчалик боғланганлик¸ атрофда жойлашган катта шаҳарлар сони ва ҳавонинг қанчалик ифлослангани каби мезонлар бор.

“Энг яхши шаҳарлар индекси”нинг сўнгги нашрига кўра¸ Теҳрон¸ Найроби¸ Лусака¸ Пном Пен¸ Карачи¸ Дакар¸ Абижан¸ Дҳака¸ Лагос ва Ҳараре 70 шаҳар киритилган рўйхатнинг сўнгги ўнлигига қўйилди.

Тошкент бу рўйхатнинг тепасидан кўра тубига яқин – 58-поғонага киритилди ва Ўзбекистон пойтахтининг етти мезон асосидаги кўрсаткичлари ўтган йилгига нисбатан тўрт поғона пастлади.

Аммо “Энг яхши шаҳарлар индекси”га киритилишнинг ўзиëқ¸ демократия¸ инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий эркинликлар бўйича эълон қилинадиган халқаро ҳисоботларда йиллардан бери “ëмонларнинг ëмони” деб баҳолаб келинаëтган Ўзбекистон пойтахти учун хайр аломати сифатида кўрилмоқда.
XS
SM
MD
LG