Линклар

logo-print

Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида Ўзбекистондан бу ерга келин бўлиб тушган ўн мингдан ортиқ аёл паспортсиз яшамоқда.

Маҳфуза Ашуралиева Ўзбекистоннинг Наманган вилоятидан Қирғизистоннинг Жалолободига 15 йил олдин келин бўлиб тушган. Шу кунгача у Қирғизистон фуқаролигини ололган эмас.

- Исмим Махфуза.Қирғизистонга келин бўлиб тушганимга 15 йил бўлди. 15 йилда тўртта фарзандли бўлдик, Бироқ шу кунгача Қирғизистон паспортини ололганим йўқ, -дейди Маҳфуза.

У 13 йилдан бери Қирғизистон фуқаролигини олиш илинжида яшаб келади. 13 йил ичида у бормаган идора, ташкилот ва амалдор қолгани йўқ. Аввалига “Ўзбекистонда яшаган жойингиздаги учётдан чиқиб келинг”, дейишди. Маҳфуза Ўзбекистон паспортини топшириб, керакли ҳужжатларни олиб келиб Қирғизистондаги тегишли идораларга борди. Шундан сўнг Махфуза: “Сизнинг Қирғизистон фуқаролигини олишингизга қонун йўл бермайди”, деган жавобни олди.

- Бу ерда яшаганимга 15 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Мен бу ерга турмушга чиққанимдан кейин Қирғизистон фуқароси ҳисобланман. Менга ҳам паспорт берилишини орзу қиламан, -дейди Маҳфуза.

Ўшдаги “Фарғона водийсининг чегарасиз юристлари” нодавлат ташкилоти тарқатган маълумотда айтилишича, Маҳфуза каби Қирғизистонга турмушга чиқиб, паспорт ололмай юрган ўн мингдан ортиқ ўзбекистонлик аёл бор.

“Фарғона водийсининг чегарасиз юристлари” ташкилоти расмийси Максатбек Жўрўқўловнинг айтишича, Қирғизистонга турмушга чиққан ўзбекистонликларнинг фуқаролиги ва уларга паспорт бериш муаммоси Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасида визасиз режимнинг йўқлиги туфайли пайдо бўлган. Қирғизистон қонунларида мамлакат ҳудудида беш йил узлуксиз яшаган одамга фуқаролик берилиши мумкин. Аммо ўзбекистонликлар Қирғизистон ҳудудида фақат икки ойгина визасиз яшай олади. Шундан сўнг улар Ўзбекистонга қайтиб кетишлари ва бир неча кундан сўнг яна Қирғизистонга қайтиб келишлари керак.

Максатбек Жўрўқўловнинг айтишича, бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилнинг март ойида Қирғизистон фуқаролигини олиш тартиби тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилган.

- Энди Қирғизистонга турмушга чиққан бошқа давлат фуқаролари қирғиз фуқаролигини олиш имкониятига эга бўлдилар. Бу қонун 17 март куни кучга кирди. Энди ўзбекистонлик келинлар Ўзбекистон паспортига эга бўлсалар, Қирғизистондаги тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб, кўп йиллик виза олиш ҳуқуқига эгалар. Бу виза олинганидан сўнг, ўзбекистонлик келинлар навбатсиз ва енгиллатилган тартибда Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ҳужжат топшира олади,- деди Максатбек Жўрўқўлов.

Қирғизистон фуқаролигини олиш тартиби тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартишларга асосан, бундан буён Қирғизистонга келин бўлиб тушган ўзбекистонликлар фуқаролик олиш учун сарфланадиган тахминан 50 долларлик тўловдан ҳам озод этилган.

2005 йилда ўтган парламент сайловлари арафасида ўзбекистонлик келинларнинг Қирғизистон фуқаролгини олиш тартиби енгиллаштирилган, уларга паспорт ўрнига Қирғизистон фуқаролигини тасдиқловчи вақтинчалик ҳужжатлар ҳам берила бошланган эди. Орадан кўп ўтмай бу жараён номаълум сабабларга кўра тўхтатиб қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG