Линклар

12 июл куни Швециянинг Остуршенд шаҳрида Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасдга алоқадорликда айбланаётган икки ўзбекистонлик устидан суд маҳкамаси бошланди. Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова суиқасд ижрочисига кўмаклашганликда айбланмоқда. Улар икки ой аввал ҳибсга олинган, лекин Обидхон қори Назаровни отганликда гумон қилинаётган шахс ҳамон очиқда қолмоқда.

Ўзбекистон фуқаролари, эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага нисбатан расман айблов ўтган ҳафта эълон қилинган эди.

Швеция прокурори Кристер Питерсен Остуршенд шаҳар судида 6 июл куни айбловларни эълон қилгач Озодлик радиосига буларни маълум қилди.




- Бугун Швеция қонунларига кўра, суд тергови олдидан ўтказилган дастлабки суриштирув материалларини судга тақдим қилдим. Бу материаллар асосида айбловларни ҳам эълон қилдим. Ўзбекистон фуқаролари Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовага суиқасдга уринишда ёрдамлашганлик айбловини қўйдим. Бу иш бўйича суд мажлиси келаси ҳафта пайшанба куни (12 июл) бошланади, деди 6 июл куни Швеция прокурори.

Суд жараёнини кузатаётган асли ўзбекистонлик Тоҳир қори Озодлик билан суҳбатда айбланувчиларнинг иккаласи ҳам асли бухорилик эканини маълум қилди. Унинг айтишича, судланувчилар адвокати ўз мижозлари уларга қўйлаётган айбларни инкор қилишини баён қилган.

Прокурор Петерсен суд мажлисида келтирган ҳужжатларда Обидхон қорига қилинган суиқасддан кейин Нодира Аминованинг банк ҳисоб рақамига бир неча минг АҚШ доллари миқдорида пул тушгани айтилади.

Швеция полицияси 30 ёшлар атрофидаги Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминовани 15 май куни Сконе шаҳарчасида қўлга олган эди.

Тоҳир қорининг айтишича, суд мажлисининг биринчи кунида суиқасдни бевосита ижро этганликда гумон қилинаётган шахснинг исми ва суратлари ҳам ижро этган. "Прокурор бу одамни 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Юрий Жукуовский эканини айтди", дейди Тоҳир қори.

Унинг айтишича, прокурор эҳтимолий қотилнинг ёнида яна бир паспорт бўлгани ва унда бу шахснинг 1980 йилда туғилгани кўрсатилганини маълум қилган.

Қуйида Тоҳир қори билан суҳбатни тинглашингиз мумкин.



Прокурор Питерсен бундан аввал Озодлик билан суҳбатда, суиқасднинг бевосита ижрочиси очиқда қолаётгани ва унинг шахси аниқланганини маълум қилган эди.

- Ҳозирда бир шахс очиқда қолмоқда, уни ҳибсга олиш ордерини берганман, лекин у ҳозирда Швецияда эмас. Бу шахс, тахминларимизга кўра, Швециядаги имомни отган... Бизда унинг исми, суратлари ҳам бор. Лекин бошқа тафсилотларни очиқлай олмайман. Чунки агар буни радионгиз орқали очиқлайдиган бўлсак, бу шахс терговдан қутилиш чораларини кўриши мумкин. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, унинг кимлиги ва уни қаердан қидириш кераклигига доир етарли маълумотларимиз бор. Унинг фуқаролиги масаласига келсак, биз кўрган ҳужжатлар қанчалик қонуний бўлгани аниқ эмас, лекин бу ҳужжатларга кўра, у 1978 йилда туғилган Ўзбекистон фуқаросидир. Ҳар қалай унинг қўлида Ўзбекистон паспорти бўлган, дейди яна прокурор.

Суд мажлисида прокурор Обидхон қорини отган шахс ижарага олган автотранспорт рақамларини аниқлагач, унинг Стокҳольм ва Остершунд шаҳарларида турган меҳмонхоналари ва ёқилғи қуйган шохобчалари ҳам топилганини қайд этди, дейди маҳкамани кузатаётган Тоҳир қори.

Судга топширилган айблов хулосаларига кўра, Обидхон қорига суиқасдда иштирок этганликда айбланаётган Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова 2010 йилда Швецияга келган ва қўлга олунгунга қадар Малмо шаҳрида яшаган. Аминова Швеция визасини олишда Малмо шаҳридаги ўқув юртларидан бирида ўқиш мақсадини кўрсатган. Нодиранинг эри Пўлатов эса унга ҳамроҳлик қилган, лекин ҳеч қаерда ишламаган.

Агар улар айбдор, деб топилса, 10 йилга қамоққа ҳукм қилиниши мумкин, дейди прокурор.

- Агар имом суиқасд натижасида ҳалок бўлганида, уларга бериладиган максимум жазо умрбод қамоқ бўлар эди. Лекин улар суиқасдга уринганликда айбланмоқда ва бу айблов ўз тасдиғини топса, суд¸ албатта¸ уларга юмшоқроқ жазо бериши мумкин. Лекин мен суддан, йўқ деганда, 10 йиллик қамоқ жазоси берилишини сўрайман, дейди Кристер Питерсен.

Швеция матбуоти мамлакатдаги ўзбекистонлик муҳожирлар билан суҳбатларга таяниб, Обидхон қори Назаровга қилинган суиқасд ортида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати турибди, деган иддаоларни илгари сурмоқда. Швециядаги ўзбекистонликлар Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминова ҳам МХХ жосуси бўлган, дея таъкидлашда давом этмоқда.

Швеция прокурори бу иддаоларни на тасдиқлай олиши, на инкор эта олишини айтади.

- Бир нарсани айтишим мумкин. Тушунишимча, Ўзбекистондан чиқиб кетаётган ҳар бир фуқаро хавфсизлик хизмати суҳбатидан ўтар экан. Гумонланувчиларнинг Ўзбекистондаги бирор ташкилотга ишлаётгани ёки бирор идора жосуси эканини тасдиқловчи далилларим йўқ, дейди Швеция прокурори Кристер Питерсен.

54 ёшли Обидхон қори Назаров 22 феврал куни Стромшунд қишлоғидаги уйи олдида номаълум шахс томонидан ўққа тутилган ва бошидан жароҳатланган эди. У ҳамон Швециянинг Умио шаҳридаги клиникада кома ҳолатида қолмоқда.

Обидхон қори Назаров Ўзбекистон махсус хизматлари таъқиби остида 1998 йилнинг баҳорида ўз уйини тарк этган.

2000 йилда қўшни Қозоғистонга ўтиб, у ерда 2006 йил баҳорига қадар яширин ҳаёт кечирган.

2006 йилнинг мартида БМТнинг қочқинлар иши бўйича олий комиссарлиги томонидан қочқин, деб тан олинган Обидхон қори Назаров Швециядан сиёсий бошпана олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG