Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:35

Душанбеда ота ўз ўғлини ўзи ўлдирди


Хотини фақат қиз туққанидан аламда яшаган олти қизнинг отаси аëли қорнидаги 6 ойлик ҳомилани яна қиз деган хаëлда сунъий тўлғоқ билан туширтирди. Атиги бир неча дақиқа яшаган чақалоқ¸ не кўз билан кўрсинларки¸ ўғил бўлиб чиқди.

Воқеа Тожикистон пойтахти Душанбега туташ қишлоқлардан бирида рўй берди.

Ҳомилани туширтирган отанинг синглиси¸ унинг исми-шарифини айтмаган ҳолда¸ акасининг оилалик бўлгандан бери ўғил талабида яшаганини таъкидлайди:

- Акамнинг қизлари бири-биридан чиройли¸ чаққон қизлар. Уйнинг ҳамма юмуши шу қизлар ва янгам елкасида. Лекин акам бу қизлардан ҳеч қачон хурсанд бўлган эмас. Бу қизларни унинг кўзи кўрмайди ҳам. Унинг бирдан-бир талаби¸ ўғил эди. Ўғил туғмадинг¸ деб хотинига кун бермай келарди¸ дейди сингил.

Ҳар гал хотини ҳомиладор бўлганда¸ ундан ўғил туғишни талаб қилиб келган акам¸ ҳар гал чақалоқ қизлигини эшитиб¸ уйдагилар ҳаëтини дўзахга айлантирарди¸ деб давом этади исми айтилишини истамаган бу аëл.

Бундан бир неча ой аввал хотини яна иккиқатлигини билган эр¸ ҳомиланинг жинсини олдиндан билиш учун¸ ультратовуш (УЗИ) текширувига олиб боради.

Ҳомила беш ойлигида бу текширувни ўтказган врач¸ бу гал яна қиз туғилишини айтади.

Орадан бир ойча ўтиб такрорланган айни текширув¸ отанинг сўнгги умидларини пучга чиқаради – врачлар яна ҳомиланинг қиз бола эканини айтишади.

Бу хабардан қаттиқ жаҳли чиққан ота¸ ҳомиладор хотинини мажбурлаб яқиндаги касалхонага олиб боради ва болани йўқотинг¸ деб жанжал қилади.

Врачларнинг олти ойлик чақалоқни аборт қилиб бўлмаслиги ҳақидаги тушунтиришлари ëрдам бермайди¸ ота бу болани йўқ қилинг¸ деб икки оëғини бир этикка тиқиб туриб олади.

Шундан сўнг врачлар ҳомиладор онага сунъий тўлғоқ қўзғовчи укол-дори беришади¸ кўп ўтмай¸ ҳали охиригача шаклланиб улгурмаган чақалоқ дунë юзини кўради. Атиги бир неча дақиқа яшаган бу чақалоқ ҳаммани¸ айниқса¸ ўғил деб ақлини еб қўйган отани ҳайратда қолдиради. Туғилмай туриб ўлимга маҳкум этилган ҳомила ўғил бўлиб чиқади.

12 йил кутгани ўғилни ўз қўли билан ўлдирганини англаган ота¸ гувоҳларнинг айтишича¸ қарийб ақлдан озган. Ҳозирда на у¸ ва на унинг хотини учун яшашдан маъни қолмаган¸ дейди оиланинг яқини.

Айни пайтда¸ муддатидан олдин ўлим ҳукми билан туғдирилган чақалоқ қиз бўлиб чиққанда¸ бу гапларнинг бирортаси бўлмас¸ на ота-она¸ ва на врачлару жамоа бу ҳаракатдан афсус чекмаган бўларди.

Айтилишича¸ ҳар йили Тожикистонда 215 мингдан ошиқ ҳомиладорлик қайд этилади.

Душанбедаги Акушер-гинекология илмий-тадқиқот маркази директори Шамсиддин Қурбоновга кўра¸ кейинги 20 йил ичида тожикистонликлар орасида аборт қилиш ҳоллари кескин ошган.

Мутахассисга кўра¸ агар 90-йилларнинг биринчи ярмида жами 48 минг аборт қайд қилинган бўлса¸ бугунга келиб¸ йилига расман 15 минг аборт амалиëти қайд этилмоқда. Қайд этилмаган абортлар сони ҳақида эса¸ ҳеч ким билмайди.

Тиббиëтда мавжуд қоидаларга кўра¸ ҳомиладорлик биринчи 12 ҳафта¸ яъни 3 ой ичида тўхтатилиши мумкин ва Тожикистондаги абортларнинг 70 фоизи ҳам айни шу муддатда қилинади¸ дейди Қурбонов:

- Қабул қилинган қоидаларга мувофиқ¸ ҳомила ëши 12 ҳафтадан ошмаса¸ аëл аборт қилдириши мумкин. Ҳомила муддати 22 ҳафтадан ошса¸ уни олиб ташлаш учун жиддий асослар лозим.

Буни аниқлаш учун 11 та ижтимоий мезон белгиланган. Улар орасида¸ оиланинг кўп болалик экани¸ турмуш шароитининг оғирлиги¸ ишсизлик¸ онанинг ëши ва саломатлиги¸иш ҳақининг камлиги каби мезонлар бор.

Айни пайтда¸ Тожикистон Жиноят Кодексининг 124-моддасига мувофиқ¸ аëлни аборт қилишга мажбурлаш¸ икки йилгача қамоқ билан жазоланади¸ дейди душанбелик мутахассис.
XS
SM
MD
LG