Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:59

Петербургда футбол муштлашувга айланди


Санкт-Петербургнинг Невский туманида Озарбайжон ва Тожикистондан келган меҳнат муҳожирларининг футбол ўйини муштлашувга айланди. Оқибатда¸ икки тожикистонлик ўлдирилди, олти нафари тан жароҳати олди.


10 июл куни Санкт-Петербургнинг Обуховская оборона проспектидаги 269-уй спорт майдончасида Тожикистон ва Озарбайжондан келган мигрантлар ўртасида бўлиб ўтган футбол ўйини оммавий муштлашувга айланиб кетди.

Петербургнинг “Фонтанка” нашри хабарига кўра, тожик ишқибозларидан бўлган аёл 3:1 ҳисобида ўйинни бой берган озарбайжонликларга қўпол гап гапирган. Озарбайжонликлардан бири қўполликка қўполлик билан жавоб қайтарган.

Бошланиб кетган жанжал ва муштлашувда, воқеа гувоҳларига кўра, ҳар бир тарафдан йигирматадан одам иштирок этган.

Санкт-Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитонов Озодлик мухбирига жанжал тафсилотларини айтиб берди:

- Ҳозирга келиб тахмин қилишимизча, муштлашув бошланишига маиший жанжал ва шахсий келишмовчилик сабаб бўлган. Ҳозирда турли жароҳат олган 6 киши госпитализация қилинди. Ҳозирча мазкур ҳодиса юзасидан бирор киши ҳибс этилмаган, дейди Сергей Капитонов.

Петербургда футбол муштлашувга айланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:39 0:00
(Видео Фонтанка нашри сайтидан олинди)

Тергов қўмитаси расмийси берган маълумотга кўра, оммавий муштлашувда яраланган 32 ёшли Тожикистон фуқароси тез ёрдам машинасида жон таслим қилган. 11 июл куни эрталаб шифохонада 27 ёшли яна бир тожикистонликнинг ўлгани хабар қилинди.

Мазкур ўлимлар юзасидан Невский тумани бўйича Тергов қўмитаси томонидан жиноий иш очилди.

Петербург полицияси муштлашув жойида бирор киши ҳибс этилмаганини иддао қилаётган бўлса¸ минтақа Миграция хизмати жанжалдан кейин Невский туман полиция ва Миграция хизмати ходимлари ўтказган махсус рейд натижасида 103 муҳожирнинг полиция бўлинмасига олиб келинганини билдирди.

Миграция хизмати жанжалда иштирок этганларнинг аксарияти Петербургнинг Халқа йўли атрофидаги бузилиши режаланган уйларда яшаëтганлар эканини тахмин қилмоқда.

Шу асосда¸ полиция раҳбарияти шаҳар маъмуриятига бу уйларда яшаётганларни чиқариб ҳайдаш ва уйларни ёпиб ташлаш таклифи билан мурожаат қилди.

Пайшанба куни Петербург Миграция бошқармасида тожик ва озарий диаспораси вакилларининг учрашуви ўтказилди.

Учрашувда иштирок этган Тожикистон Республикасининг Санкт-Петербургдаги консули Муҳаммадназар Мирзода Озодлик билан суҳбатда бу жанжалг миллий тус бермасликка чақирди.

- Ҳозир озарий ва тожик диаспораларининг ФМС бошқармасида бўлиб ўтаётган учрашувида иккала томон вакиллари жанжалнинг маиший тусга эга экани, уни миллий низога айлантириб юбормасликка келишилди. Шунчаки иккита одамнинг футбол ўйинидаги даҳанаки жангига қолганлар қўшилиб кетган. Иккала томондан муштлашувда 5-6 тадан одам жароҳат олган. Уч киши жуда оғир аҳволда – оёқлари, қовурғалари синган, бошлари ёрилган, дейди Тожикистон консули Муҳаммадназар Мирзода .

Консулнинг сўзларига кўра, ўлган 32 яшар йигитнинг жасади дарҳол Тожикистонга юборилган.

Жаноб Мирзоданинг айтишича¸ диаспора ва консуллик вакиллари Петербург полицияси ва Миграция хизмати раҳбариятига¸ бу икки мамлакатдан келган меҳнат муҳожирларини оммавий депортация қилмасликни сўраб мурожаат қилган.

“Воқеа жойига етиб келган полиция ўз вақтида жанжалга аралашганида бунчалик қирғин бўлмас эди”, дея давом этади Тожикистоннинг Петербургдаги консули Муҳаммадназар Мирзода.

- Қизиғи, полиция жанжалга четдан қараб турган. Озарбайжон тарафидан қўлга олинган шахсларни эса кейинчалик қўйиб юборган. Тўғри¸ бундай жанжаллар ҳар йили бўлиб туради, лекин биз қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги қирғин такрорланишини истамаймиз, дейди консул Муҳаммадназар Мирзода.

Санкт-Петербург полицияси расмий хабарига кўра, 11 июл куни полиция бўлимидан тожик ва озарбайжонликлар ўртасидаги оммавий муштлашувда фаол иштирок этганликда гумонланиб ҳибсга олинган Озарбайжон фуқаросини озодликка чиқариб юборганликда айбланиб полиция офицери қўлга олинган.

Петербург Меҳнат ва аҳолини иш билан таъминлаш қўмитаси расмий маълумотига кўра, Петербургда ҳозирда расман рўйхатга олинган 200 минг меҳнат муҳожири бор.

Бироқ норасмий маълумотларда “шимолий пойтахт”даги биргина ўзбекистонлик муҳожир сонининг 850 мингдан ошиқ экани айтилади.
XS
SM
MD
LG