Линклар

logo-print

Россия Федерация Кенгашининг тўрт аъзоси АҚШ сенаторларини юқори даражали Москва расмийларига санкция қўллашга қаратилган “Магнитский қонуни”ни қабул қилмасликка ундамоқда.


Россия парламентининг юқори палатаси – Федерация Кенгаши аъзолари Алексей Чернишев, Виталий Малкин, Александр Савенков ва Валерий Шнякинлар ғайриоддий ташаббус билан АҚШга сафар бошлади.

Рус сенаторларининг Вашингтонга ўзлари билан Россия ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан "Магнитский иши"га оид жамланган янги ҳужжатлар билан келгани айтилмоқда.

Россиялик сенаторлар америкалик ҳамкасблари билан учрашиб, АҚШ Конгресси томонидан россиялик қатор амалдорларга санкция жорий этишни кўзда тутувчи “Магнитский қонуни”ни қабул қилмасликка кўндириш ниятида.

Юқори даражали Россия расмийларини коррупцияда айблаганидан сўнг ҳибсга олинган Магнитский 2009 йил ноябрида 11 ой тутқунликда сақланганидан сўнг Москва ҳибсхонасида ўлган эди.

Тиббий муолажасиз қолдирилган адвокатнинг қамоқда қийноққа солингани айтилади. Магнитский ўлимида паст лавозимли врачлар айбланди¸ аммо бу ўлимга алоқадор асосий расмийлар жазосиз қолмоқда.

АҚШ Сенати қошидаги махсус гуруҳ Магнитский ўлимига алоқадор Россия расмийларига виза беришни тақиқлаш ва уларнинг АҚШдаги банк ҳисобларини музлатишга оид "Магнитский қонуни" лойиҳасини тасдиқлаган.

Россия сенаторлари билан АҚШ Давлат котиби муовини Уэнди Шерман, сенаторлар Бен Нелсон, Жон Маккейн, Рожер Уикер, Боб Коркер ҳамда конгрессменлар Грегори Микс ва Жеймс Макговернлар учрашишга розилик берган.

Сенат муҳокамасига бу қонунни тақдим этган демократ Бенжамин Кардин Россия парламенти аъзолари билан учрашиш таклифидан бош тортган.

Россиялик сенаторлар Вашингтонга олиб келган 14 саҳифалик маълумотнома ва 32 бетлик кўргазма материалларидан иборат ҳужжатларда Магнитскийнинг “ҳақиқатан тергов изоляторида қўлланилган нотўғри даволаш қурбони бўлгани, лекин қонун асосида ҳибс этилгани”га оид далиллар келтирилган.

Freedom House инсон ҳақлари ташкилоти раҳбари Дэвид Кремер Озодлик билан суҳбатда Россия сенаторларининг Вашингтон миссияси муваффақиятсиз якунланишига ишонишини айтади:.

- Уларнинг бундай мақсад билан бу ерга келишга уялмаганини қаранг! Aхир Магнитскийга нафақат зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаган, балки у ўлим олдидан калтакланган. Бу парламент вакиллари бу ерга келиб бизни Магнитский ишининг қонуний асосда олиб борилганига ишонтирмасдан, Россияда ҳуқуқий жамият тузишга киришсалар бўларди, дейди Дэвид Кремер.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, агар АҚШ Конгресси адвокат Сергей Магнитскийнинг қамоқхонада ўлишига алоқадор рус расмийларини қора рўйхатга қўшишга оид қонун лойиҳасини тасдиқласа¸ Москва бунга тегишли жавоб қайтаришидан огоҳлантирган.

АҚШ Конгрессида мазкур қонун лойиҳаси бўйича якуний овоз бериш август ойига режаланган.

Давлат тизимларидаги коррупцияни фош қилишга киришганидан кўп ўтмай¸ қамоқда ўлдирилган Сергей Магнитский тақдири¸ АҚШ Конгресси ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун Россиядаги демократия истиқболининг ўзига хос тимсолига айланган.
XS
SM
MD
LG