Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:37

Полицияга қаршилик қилган ўзбек отиб ўлдирилди


Федерал хавфсизлик хизмати Саратовда ўтказган махсус амалиёт давомида асли ўзбекистонлик 60 яшар Абдураҳмон Турдиев¸ полиция иддаосича¸ қуролли қаршилик кўрсатган ва отиб ташланган.


Ҳодиса Саратов вилояти Ровенский тумани Луговское қишлоғи Ленин кўчасида рўй берди.

11 июл куни соат эрталабки 6:00 ларда Федерал хавфсизлик бошқармаси ходимлари Саратов ҳарбий гарнизон суди санкцияси асосида 2005 йилдан буён шу қишлоқда яшаётган 60 яшар Абдураҳмон Турдиев уйини тинтув қилгани келган.

“Уйга кириш пайтида бу шахс қуролли қаршилик кўрсата бошлади”, дейди мазкур воқеа юзасидан тергов олиб бораётган Андрей Морозов.

- Ходимлар соат 6:00 да Турдиев уйига келиб, унга суд қарорини кўрсатишди, уйига киришга уриниб кўришди. У қатъиян киришга рухсат бермади ва уйни портлатиб юборишини, полиция ходимларига қарата ўқ отишини айтди, эшикни эса ичкаридан қулфлаб олди. Шундан кейин оператив ходимлар ҳужум қилиш тўғрисида қарор қабул қилди, дейди Саратов вилоят Тергов қўмитасининг Энгелс шаҳри бўйича бўлим бошлиғи Андрей Морозов.

Тергов раҳбари сўзларига кўра, хавфсизлик ходимлари хонага кириши билан Абдураҳмон Турдиев уларга қарата “Макаров” пистолетидан беш маротаба ўқ узган. Отилган ўқлардан бир нечтаси амалиётчилар қалқонига, яна иккитаси полициячилардан бирининг оёғига теккан.



Морозовга кўра¸ ҳозирда ФСБнинг яранланган ходими жарроҳлик операциядан ўтган ва аҳволи барқарорлашган.

“Айрим оммавий ахборот воситаларининг “Турдиевнинг уйидан катта миқдорда ноқонуний адабиёт топилди” деган хабарларига эътироз билдирмоқчи эдим”, дея давом этади Морозов.

- Айтмоқчиманки, унинг уйидан катта миқдорда адабиёт аниқлангани йўқ: ундан икки ёки учта китоб – Қуръон ва бошқа китоблар мусодара қилинди, яъни бу “катта миқдорда” дегани эмас. Хабар Саратовдаги айрим сайтларда шундай бўрттириб берилибди. Лекин ундан обрез милтиғи, “Макаров” пистолети, портловчи модда ва патронлар олинганини тақдиқлайман, деди Саратов вилоят Тергов қўмитасининг Энгелс шаҳри бўйича бўлим бошлиғи Андрей Морозов.

Тергов қўмитасидан олинган маълумотга кўра, Федерал хавфсизлик хизмати 24 яшар ўзбекистонлик Абдуллоҳ Турдиев ва унинг 60 ёшли отаси ҳатти-ҳаракатларини кўпдан назорат қилиб келган.

Норасмий маълумотларга кўра, турдиевлар уйида ўтказилган амалиëт баробарида шаҳарда уларга алоқадор бошқа мусулмонлар ҳам тинтув қилинган. Хусусан¸ маҳаллий нашрлар Маллаев деган шахснинг уйида ўтказилган тинтув давомида учта жанговар граната ва Салафия оқимини тарғиб қилувчи адабиётлар, компакт-дисклар, 120 грамм героинга ўхшаш модда ва араб тилида ёзувлар битилган дафтарлар олингани ҳақида ëзмоқда.

Терговчи Морозовнинг Озодликка айтишича, ФСБ томонидан ўлдирилган Турдиев 5 нафар фарзанднинг отаси бўлган, улардан тўрттаси вояга етмаганлардир. Маълум бўлишича, 3 йил олдин у хотини билан ажрашиб кетган ва ҳозирги кунда фарзандлари онаси билан бирга яшайди.

60 яшар Абдураҳмон Турдиев бир ўзи чекка уйлардан бирида деярли ҳеч ким билан алоқа қилмасдан яшаб келган.

Терговни ўз назоратига олган Саратов вилоят Тергов қўмитаси расмийси Абдураҳмон Турдиевнинг Ўзбекистон фуқароси эмаслигини тасдиқлади.

- У Ўзбекистон фуқароси эмас, балки Ўзбекистон Республикасида таваллуд топган шахс. Қайси давлат фуқароси ва у ҳақда бошқа қўшимча маълумот ҳозирча очиқланаётгани йўқ, Айтишим мумкинки, у ердан мусодара қилинган адабиётлар экспертизага юборилди, дейди Саратов вилоят Тергов қўмитаси расмийси Анна Марсова.

Мазкур ҳодиса юзасидан Саратов вилояти Тергов қўмитаси томонидан “қотилликка уриниш” ва “Ўқотар қурол ва портловчи моддаларни ноқонуний равишда сотиб олиш ва сақлаш” моддалар асосида жиноий иш қўзғатилди.

Шу йилнинг 12 январида Татаристон пойтахти Қозоннинг Химиклар кўчасида кучишлатар идора ходимлари томонидан олиб борилган махсус операция давомида полициячига пичоқ билан ҳамла қилган 37 ёшли ўзбекистонлик Рустам Юсупов отиб ўлдирилган эди.
XS
SM
MD
LG