Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:20

Юридик институти танқид қилинди


Термиз ҳайвонот боғида 25 йилда илк бор туғилган йўлбарсчалар Тер ва Миз деб аталди.
Термиз ҳайвонот боғида 25 йилда илк бор туғилган йўлбарсчалар Тер ва Миз деб аталди.

Тошкент Давлат Юридик институти ректори Мирзаюсуф Рустамбоевнинг ишдан олиниш сабаби қисман очиқланди. Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси шаънига ножўя гап қилган ёзувчи Ғаффор Ҳотамов маҳкамага берилди. Жорий ҳафта Ўзбекистон матбуотини ўқиб, шу каби мавзуларда ахборот олиш мумкин.

Бестселлер муаллифи ҳақоратда айбланди

“Инсон ва қонун” газетасининг 10 июл сонига кўра, Адлия вазирлигида Тошкент Давлат Юридик институти фаолиятидаги камчиликлар кескин танқид қилинган.

Аввал хабар берганимиздек, 2 июл куни институтни 12 йил бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев лавозимидан бўшатилди. Ректор қизғин қабул жараёнида ишдан олинишига институтда авж олган коррупция сабаб бўлгани тахмин қилинди. “Инсон ва қонун” материалида коррупция калимаси тилга олинмаган. Аммо институт профессор-ўқитувчилари ахборот технологиялари бўйича замондан орқадалиги, амалиётдан узилиб қолгани қораланган.

“Ўзбекистон овози”нинг жорий ҳафта сонларида таҳрир ҳайъати таркибидан бош муҳаррир ўринбосари Ғаффор Ҳотамов чиқариб ташланган. Расмий нашрлардан бирида ишловчи журналистнинг айтишича, Ғаффор Ҳотамов адабиёт мавзусидаги эссеси учун яқинда маҳкамага берилган.

Манбага кўра, “Инсон ва қонун” газетаси бош муҳаррири Қўчқор Норқобил ўзи ва хотини Хосият Рустамованинг шаъни оёқости қилинган деган даъво билан судга шикоят қилган. Узоқ йиллар Ўзбекистон президенти девонида, сўнгги йилларда эса “Ўзбекистон овози” газетаси бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишлаган Ғаффор Ҳотамовнинг “Тақдир ажойиботлари” романи ўзбек журналистлари орасида бестселлер бўлгани айтилади. Интернет сайтларида эълон қилинган романда Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, қаҳрамон шоир Эркин Воҳидов, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Саъдулла Ҳакимов каби саройга яқин қаламкашлар ҳақида кескин танқидлар бор.

Вокзалдаги бемазагарчилик танқид қилинди

Тошкент Темир йўл вокзали атрофи панжара билан ўраб олингани, кузатишга чиққанлар “чиптанг йўқ” деган важ билан ичкарига қўйилмаётганидан йўловчилар норози (“Как пройти на перрон?”, “Новый век”, 12 июл).

Матлуба Раҳимованинг ёзишича, хавфсизлик дея оқланаётган бу каби чора-тадбирлар порахўрлик бор экан, фойдаcиз, негаки, ёвуз ниятли кучлар барибир тартиб посбонларининг оғзини мойлаб бемалол перронга ўта олади.

Раҳимовага кўра, “Дунёдаги бошқа бирорта аэропорт ёки вокзалда – ҳолбуки, уларда ҳам жангарилар хуружи кузатилган – бундай бемазагарчиликни кўрмайсиз”.

Газета айни шу сонида Тошкент денгизида балиқларга қирон келтираётган ўзбилармон овчилар кўпайгани, маҳаллий идоралар броконерларни кўриб кўрмасликка олаётгани ҳақида бонг урди.

Мамлакатнинг турли вилоятларида “тез тиббий ёрдам” хизмати ҳаяллаётгани, шифокорлар таъмагирлик қилаётгани кузатилмоқда. “Даракчи” газетаси пайшанба сонида мазкур хизмат фаолиятини таҳлил қилди. Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бўлим мудири Насиба Маҳмудова чақириқ қабул қилинганидан кейин узоғи билан 15-20 дақиқада бориш шартлигини айтади.

Мутасаддига кўра, шифокорлар кўрсатилган хизмат ёки беморга берилган дори учун пул сўраши қонунга зид. Уқтирилишича, таъмагир “тез ёрдам”чилар устидан Тошкентда 236-73-60, бошқа ҳудудларда (8371) 150-46-00 рақами орқали арз қилиш мумкин.

Андижонда 1500 тонналик бино силжитилди

Ўзбекистонда ялпи қурилиш пайти биноларни бузиб ташлаш одатий ҳолга айланган. Бу каби мажбурий бузди-буздилар одамларни кашфиётчига айлантирмоқда.

Андижон шаҳридаги “Ҳилол” савдо маркази катта йўлга яқин жойлашгани туфайли бузиш режасига тушади. Мулк эгалари ака-ука Абдусалом ва Ҳалим Дадажонов катта маблағ эвазига кўтарилган иморатни бузиш ўрнига, уни суришга қарор қилади. Шу тариқа 1500 тонналик бино 22 кун давомида 11,4 метр орқага силжитилди (“Кўчмас мулк кўчганини кўрганмисиз”, “XXI аср” газетаси, 12 июл). Бинони суриш ака-укага 75 миллион сўмга тушади, аммо бу орқали иморатни қайта қуришга кетадиган 100 миллиондан ортиқ маблағ тежаб қолинади.

Жойларда фермерлар билан тузилган шартнома мажбуриятларини бажармаслик, маҳсулот учун тўловни вақтида ўтказмаслик ҳамон учрамоқда. Тошкент вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Суннатулло Абдурасулов “Қишлоқ ҳаёти” газетасида ёзишича, “Оҳангарон” ҳиссадорлик жамияти “Раимқулов Маҳмуд агро” фермер хўжалигига 2011 йили етказиб берилган доннинг пулини йил ўтса-да тўламаган. Зангиота туманидаги “Иттифоқ додо нур” фермер хўжалиги билан эса 2010 йилги маҳсулот учун 2012 йилда ҳисоб-китоб қилинган.

Прокурор пахсакашликни маслаҳат берди

Наманган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Қодирхон Асқаровга кўра, Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний маҳсулот олиб ўтмоқчи бўлган Маъруфжон Убайдуллаев 5 йилу 6 ой қамоққа ҳукм қилинган, судланувчининг 17 млн сўмлик моли, “Форд” русумли икккита машинаси давлат фойдасига мусодара қилинган. “Эркак киши ер чопиб ҳам, техника ускуналарини таъмирлаб ҳам, дурадгорчилик, пахсакашлик қилиб ҳам оиласини боқса бўлади-ку”, дея беминнат маслаҳат беради наманганлик прокурор “Ҳуқуқ оламида” нашри орқали.

“Халқ сўзи” йўлсозликда эришилган улкан ютуқлардан нақл қилди (“Эзгуликка элтувчи йўллар”, 12 июл).

Қайд этилишича, “Ўзавтойўл” компанияси республика йўлларини жаҳон стандартига мослаштириш йўлида чора-тадбирлар кўрмоқда. 2011-2015 йилларда мамлакат бўйича 2306 км йўл қурилиб таъмирланади.

“Ҳуррият” газетаси эса Самарқанд вилоятининг 106 минг аҳоли истиқомат қилаётган Қўшработ тумани йўллари абгор эканидан огоҳ этади (“Йўллар йўлларга туташ, муаммолар ҳам”, 11 июл). 24 апрел куни тумандаги бир неча қишлоқ йўл ва кўприкларини сел ювиб кетган. “Хусусан, Тоз маҳалласи ҳудудидаги йўллар, қолаверса, Жўш қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган Жўш, Қўштамғали, Минишкор, Чиммос Тўра қишлоқларини кесиб ўтадиган кўприклар бугунда кунда бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган”. Газета бир муаммо иккинчисини келтириб чиқараётгани, шу боис қуруқ ёз фаслидан фойдаланиб, йўлу кўприкларни созлаш кераклигини эслатади.

Термизда Тер ва Миз дунёга келди

Газеталарда Термиз ҳайвонот боғида ноёб Амур йўлбарси болалагани ҳақида хабар чоп этилди.

25 йилда илк бор туғилган йўлбарсча Сурхондарё вилояти маъмурий маркази шарафига Тер ва Миз деб аталган. Совуқ иқлимли ўлкалардан яшайдиган Амур йўлбарсидан иссиқ шароитда зурриёт олингани катта натижа сифатида баҳоланган.

“Китоб дунёси” газетаси 7-сонида “Мўмиёга келган йўлбарслар” суҳбати билан бўлишди. Ушбу материалнинг Термиздаги жониворларга алоқаси йўқ.

Унда Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевнинг китобхонлик муаммолари тўғрисидаги мушоҳадалари билан танишиш мумкин. Таниқли режиссёр ёшларда маърифатга эмас, давлатга ҳавас кучайиб бораётганидан огоҳлантиради:

“Ёш пайтимизда шундай одамлар суҳбатида бўлардикки, уларга қараб жуда ҳавасимиз келарди. Улардай бўлгимиз келарди. Шунақа бўлиш учун эса китоб ўқиш керак деб билардик. Кўпчилик назарида ана шундай ўқимишли, маърифатли одамлар “катта одам” деб ҳурматланарди. Ҳозир бу қараш бироз ўзгардими, кенгайдими, кузатсангиз, бу тушунчани кўп пул топадиган одамларга нисбат бериш, айниқса, ўсмир ёшларнинг табиатига сингяпти”.
XS
SM
MD
LG