Линклар

Сурия ҳукумати ва мухолифати қатлиомни тан олди


Ҳомс вилоятидаги Карм шаҳрининг ҳужумга учраган Шамшам мавзеси, 2012 йил 12 июл.

Ҳомс вилоятидаги Карм шаҳрининг ҳужумга учраган Шамшам мавзеси, 2012 йил 12 июл.

Сурия ҳукумати расмийлари ва мухолифат вакиллари Ҳама вилоятида тинч аҳолидан 200 дан ортиқ одам ўлдирилганини хабар қилди. Қатлиом учун икки томон бир-бирини айбламоқда.


Сурия ҳукумати ва мухолифат гуруҳлари Ҳама вилоятида тинч аҳоли вакиллари оммавий суратда ўлдирилганини хабар қилди.

Сурия мухолифати фаоллари ҳукуматга тарафдор бўлган жанггари гуруҳлар Тремса қишлоғи атрофидаги ҳудудларга уюштирган ҳужумда танк ва вертолётлардан фойдаланганини билдирди.

Хабарларга кўра, 12 июл кунги ҳужумда 200 дан ортиқ тинч аҳоли ўлдирилган.

Суриялик фаоллар YouTube порталига қўйган видеолавҳада ҳукумат кучлари қишлоқ ҳудудини тўплардан шиддатли ўққа тутгани оқибатида ўлгани айтилаётган 15 кишининг жасади акс этган.

Бу инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши эканини таъкидлаган мухолифатдаги Сурия Миллий кенгаши раҳбари Абдул Босит Сайид БМТни Дамашқ режимига қарши ҳарбий интервенция бошлашга рухсат берувчи резолюция қабул қилишга чақирди.

Сурия ҳукуматига қарашли оммавий ахборот агентликлари, қон тўкилиши учун “террорчи гуруҳлар”ни айблади ва мухолифатга қарашли ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини чалғитишга уринаётганликда айблади.

16 ойдан бери зўравонликлар этаётган Сурияда мустақил журналистлар фаолияти ҳукумат томонидан чеклаб қўйилгани боис бир-бирига зид бўлган ушбу хабарлардан қай бирининг тўғри эканини тасдиқлаш имконсиз.

Сурияда янги қатлиом содир этилгани тўғрисидаги хабар АҚШ Сурия ҳукумати расмийларини кимёвий қуроллар хавфсизлигини таъминлай олмаса, бутун масъулият ўз зиммасига тушажагидан огоҳлантирган пайтга тўғри келди.

Давлат департаментининг бу баёноти “The Wall Street Journal” Суриянинг кимёвий қуроллари омборлардан олиб чиқилгани тўғрисидаги хабардан сўнг эълон қилинди.

Айни пайтда, Суриядаги бўҳронга оид янги резолюция хусусида БМТ Хавфсизлик кенгашида олиб борилаётган сўзлашувларнинг боши берк кўчага кириб қолгани айтилмоқда.

Сурия президенти Башар Ал-Ассад режими халқаро ҳамжамият томонидан таклиф қилинган тинчлик режасини бажариши кераклиги¸ акс ҳолда, Дамашққа қарши янги санкциялар жорий қилиниши ҳақида ултиматум беришни назарда тутган Ғарб қўллаб-қувватлаган резолюция лойиҳасини Россия рад қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG