Линклар

Тошкентдаги “Ижтимоий фикр“ жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон вилоятларида фаолият юрғизаëтган тадбиркорлар орасида ўтказган сўров асосида шундай хулосага келган.

- Ўзбекистоннинг барча вилоятлари бўйлаб ўтказилди бу сўров. Маҳаллий банк мижозларидан тортиб йирик тадбиркорларгача бўлган қатламни фикрини инобатга олиб шундай хулосага келинди, дейди Озодлик билан суҳбатда “Ижтимоий фикр” маркази раҳбари муовини Марат Ҳожиматов.

Хулосага кўра¸ сўровда қатнашганларнинг 96.1 фоизи мамлакат тижорат банкларида аҳоли омонатлари бўйича таклиф этилаётган хизматлардан қониқишини билдирган.

Респондентларнинг 94,3 фоизи ўзбек банкларига ишонишларини, 91 фоизи эса мамлакат банкларида хизматлар юқори савияда эканини айтган.

“Ижтимоий фикр“ хулосасига кўра, Ўзбекистонда пластик карточка тизими сўнгги йилларда аҳоли орасида оммалашган.

Тошкентлик тадбиркор Равшан Собиров ўз тажрибасидан келиб чиқиб “Ижтимоий фикр“ сўров маркази хулосаларига қўшилишини айтади.

- Ҳозир Ўзбекистондаги банклар ҳақиқатан ҳам тадбиркорлар ишончини қозонган, десам бўлади. Хоҳлаган пайтда пул қўйишингиз¸ хоҳлаган пайтда¸ хоҳлаган миқдорда омонатингизни олишингиз мумкин. Шахсан мен сўнгги йилларда банкда пул йўқлиги ёки бошқа муаммога дуч келмаганман, дейди Собиров.

Сўровда қатнашганларнинг 80 фоизи пластик карточка тизими тўлов амалиётларида қулай восита эканини таъкидлашган.

Шу билан бирга респондентларнинг аксар кўпчилиги пластик карточкадан фойдаланиш учун Ўзбекистонда тўлов терминаллари етишмаслигини айтиб, улар сонини оширишни таклиф этганлар.

Марказий Банк маълумотига кўра, Ўзбекистон тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилган пластик карточкалар сони 2012 йил 1 январ ҳолатига кўра қарийб 8,276 миллион донани ташкил этган.

Мамлакат бўйлаб 99 688 та тўлов терминали, 312 та банкомат ҳамда 593 та инфокиоск ўрнатилган.

- Ҳозир пластик карточкалар жуда қулай. Аввалари пластик карточкалар учун терминаллар етишмас эди. Ҳозир вилоятларни билмадим, лекин Тошкентда деярли ҳар бир дўконда тўлов терминали бор. Шунингдек, Интернет банкинг ҳам тўловлар учун жуда қулай. Ҳозир кўпчилик тўловларни Интернет банкинг орқали амалга оширади, дейди тошкентлик бошқа бир тадбиркор Тоҳир ака.

Шунингдек, “Ижтимоий фикр” ўтказган сўровда қатнашганларнинг 90 фоизидан кўпи сўнгги пайтда Ўзбекистонда дистанцион банк хизматлари, жумладан Интернет банкинг, СМС-банкинг, мобил банкинг хизматларидан мамнун эканликларини айтишган ва бундай хизматлар қамровини кенгайтириш лозимлигини қайд этишган.

“Ижтимоий фикр” сўрови натижалари бўйича Ўзбекистондаги “Микрокредитбанк”, “Агробанк”, “Халқ банки”, “Саноат қурилиш банки”, “Миллий банк”, “Асака банк” етакчи банклар саналади.

Сўровда қатнашганларнинг 92 фоизи мазкур банкларда тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш тўғри йўлга қўйилгани, айниқса¸ аёл тадбиркорлар учун кредит олишда қулайликлар мавжудлигини таъкидлаган.

Бухоролик савдогар Фахриддин ака¸ бу фикрга қўшилмайдиганлардан.
Озодлик билан суҳбатда бу тадбиркор ўзбек банкларига ишончи йўқлигини, маблағларини уйида сақлашини айтади.

- Ўзбекистон бакнларига ишонмайман. Банкка пул қўйсангиз олишади. Қайтариб олишга борганизда муаммо. Пул йўқ, дейди, у дейди, бу дейди эртага келинг¸ дейди. Мен савдогарман, пул менга бугун керак бўлиб қолса ола олмасам, унда бўлмайдида. Ўзингизнинг пулингизни банкдан олаолмасангиз қандай қилиб ишонишим керак. Мен¸ масалан¸ маблағимни банкда сақламайман, дейди Иброҳим ака.

Хоразмдаги "Келин либослар" салони эгаси Арслон ака эса сўнгги йилларда мамлакат банкларида аҳвол яхшиланиб қолганини айтади.

- Ҳозир банкларда катта муаммо йўқ. Тўғри авваллари пул йўқ, дейишарди. Ҳозир ҳисобингизда пул бўлса¸ доим олишингиз мумкин. Шахсан мен муаммо кўрмаяпман. Лекин биргина муаммо валюта конвертацияси билан боғлиқ. Давлат курси бор, қора бозор курси. Банкларда ҳали ҳам давлат курсида доллар олиб бўлмайди, дейди Арслон ака.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, банкларининг умумий капитали ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бир ярим баравар кўпайган ва қарийб 5 триллион сўм (2¸6 миллиард АҚШ доллари) га етган.
XS
SM
MD
LG