Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:19

МТС Тошкентдан тазйиқларни тўхтатишни сўради


Россиянинг МТС ширкати Тошкент раҳбариятига мурожаат қилиб, Ўзбекистондаги шўъбаси "Ўздунробита"га қарши бораëтган ялпи текширув жараёнидаги қонунбузарликларни тўхтатишни талаб қилди.

МТС расмий баёнотида айтилишича, "Ўздунробита"нинг молиявий-хўжалик ишларини текширув жараëни амалдаги Ўзбекистон қонунчилиги меъёрлари бузилган ҳолда амалга оширилмоқда.

МТС раҳбариятига кўра, "Ўздунробита"нинг Ўзбекистондаги раҳбарларини сўроқ қилиш ғайриқонуний тарзда олиб борилмоқда.

МТС баëнотида ëзилишича¸ "Ўздунробита" вақтинча директор вазифасини бажараётган Темирмалик Олимов ва ширкатнинг Россия фуқароси бўлган молиявий директори Радик Даутовлар 520 миллион долларлик маблағни ноқонуний ўзлаштирган, деган асоссиз айбловлар билан асоссиз ҳибсга олинган.

Шунингдек, "Ўздунробита"нинг корпоратив ишлар бўйича директор муовини Азизулло Мирзамўйдинов, Ахборот технологиялари бўйича бош директор муовини Азиз Раҳимов ва ширкатнинг хавфсизлик департаменти директори Алишер Муҳамедовларнинг ҳам ҳибсга олиниб, тинимсиз сўроққа тутилаëтгани айтилади баëнотда.

МТС раҳбариятига кўра, сўроқ пайти Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодекси қўпол бузилаяпти, ҳибсга олинганлар ёнига адвокатлари вақтида қўйилмаяпти ва тергов ишлари тунги маҳал амалга оширилаяпти.

МТС ўз баёноти сўнггида "Ўздунробита" ва унинг шўъба бўлинмаларида 2004 йилдан буён мунтазам равишда олиб борилган аудит текширувларида бирор-бир жиддий қонунбузарликлар аниқланмаганини таъкидлайди. Шунга қарамай¸ Ўзбекистон прокуратураси ҳеч бир асоссиз ширкат фаолиятини қайта текширмоқда.

МТС матбуот хизматининг билдиришича, шу йил феврал ойида ўтказилган сўнгги текширув ортидан солиқ идоралари аниқлаган 2.4 миллиард ўзбек сўми миқдоридаги солиқ тўловини ўз ихтиёрлари билан ва тўлалигича тўлашган.

- Биз ҳодисаларни диққат билан кузатаяпмиз ва ўз ҳуқуқларимизни, Ўзбекистондаги ширкатимиз ходимлари ҳақларини барча мавжуд ҳуқуқий воситалар орқали ҳимоя қиламиз, дейилади МТС расмий баёнотида.

МТС Россия ва бошқа МДҲ давлатларидаги йирик телекоммуникация операторларидан бири саналади.

Ўз фаолияти ялпи текширув нишонига айлангунга қадар¸ "Ўздунробита" мамлакатда 9 миллиондан ортиқ мижозга эга эди. Ширкат вакиллари Ўзбекистонда ҳодимларига нисбатан тазйиқларга қарамай ўз мижозларига сифатли хизмат кўрсатишда давом этаётганини айтишади.

Ўзбекистон Давлат алоқа инспекцияси "Ўздунробита" фаолиятида бир қатор қонунбузарликларни аниқлаганини билдирган.

Текширувлар ортидан МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани хабар қилинган эди. Аҳмедовнинг қаердалиги ҳали ҳануз қоронғулигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG