Линклар

Ўзбекистонлик теннисчи қиз юлдузи АҚШда порламоқда


Шу йил июнида Варвара Лепченко French Open теннис мусобақасининг сўнгги 4-босқичига чиқишга муваффақ бўлди.

Шу йил июнида Варвара Лепченко French Open теннис мусобақасининг сўнгги 4-босқичига чиқишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон ичкарисида ўз истеъдодини ривожлантиришга имкон топа олмаган Варвара Лепченко бундан 12 йил олдин АҚШдан сиëсий бошпана топган эди. Бугунга келиб 26 яшар Варвара халқаро теннис рейтингида тезлик билан юқорилаб бораëтган юлдуз ўйинчига айланди.

Теннис ўйнашни ўз отаси ва мураббийси Петр Лепченкодан ўрганган Варваранинг бугунги профессионал ҳаëти Ўзбекистонда экан¸ на унинг¸ на устоз-отанинг тушига ҳам кирмаган.

Гарчи теннис Ислом Каримовнинг севимли спорти саналиб¸ мамлакат бўйлаб ўнлаб замонавий теннис майдончаси қурилиб¸ бу кортларда халқаро мусобақалар ўтказилаëтган бўлса-да¸ Ўзбекистонда экан Варвара ўз истеъдодини ривожлантиришга на пул ва на ҳомий топа олди.

Бугун Америка мухбирларининг севимли қаҳрамонларидан бирига айланиб бораëтган Варвара Ўзбекистондаги ҳаëтини эслар экан¸ уни “ниҳоятда оғир”¸ “тинимсиз мужодала” сифатида таърифлайди.

Ўз қизининг Ўзбекистонда камол топишидан умидини узган Петр Лепченко 2000 йилда уни олиб АҚШнинг Флоридасига келади. Варваранинг синглиси бир ҳафтадан сўнг¸ онаси эса¸ тўрт йилдан кейин АҚШдаги оиласига қовушади.

Америкада дастлаб Ўзбекистон фуқароси сифатида ëшлар ўртасидаги мусобақаларда қатнаша бошлаган Варвара¸ ўйинлардан бирида Ўзбекистон ундан расман воз кечганидан сўнг¸ ўзини бу мамлакат билан боғлаган ришталар узилганини айтади.

- Буни эшитиб йиғлаб юбордим. Шундан сўнг Ўзбекистонга қайтишни мутлақ истамадим¸ дейди Варвара.

Аввалига АҚШ Грин картаси олган Лепченколар¸ 2011 йил сентябрида Америка фуқаролигига қабул қилинди.

Грин кард соҳиби сифатида Лепченко АҚШ ичкарисидаги теннис мусобақаларида иштирок этиб келган бўлса¸ фуқароликдан сўнг у халқаро мусобақаларда АҚШ байроғи остида қатнашиш ҳаққини қўлга киритди.

- Мен бу бир парча қоғозни қўлга киритишни қанчалик орзу қилганимни билмайсиз. Кўпчилик мендан кимлигимни сўрайди. Мен ҳамиша ўзимни америкалик ҳис қилганман¸ зотан умримнинг ярмини шу ерда яшадим¸ дўстларимнинг аксари америкаликлар. Америкалик эканимни тасдиқловчи қоғоз йўқ эди¸ холос. Мен америкаликман¸ дейди АҚШ нашрларига берган интервюсида Варвара Лепченко.

“Америка фуқароси бўлишнинг қанчалик ажойиб нарса эканини сиз тасаввур қила олмайсиз. Паспортни олганимдан бери ўзимни гўë қўлимга катта бир олмос бўлаги тушган каби ҳис қилаяпман. Мен энди исталган жойга учишим¸ исталган мусобақамда қатнашишим мумкин. Қаршимда чегара қолмади”¸ деб тасвирлайди ўз ҳисларини туғилиб-ўсгани Ўзбекистон билан бор алоқасини узган Лепченко.

АҚШ даги мунтазам машқлар ва кучли рақобат¸ Варварани баланд парвозларга ҳозирлади – 2011 йилда асли ўзбекистонлик бу қиз дунëдаги якка теннисчи қизлар рейтингида 110 ўриндан 44-ўринга кўтарилди.

Ҳозирда АҚШдаги теннисчи қизлар рейтингига учинчиликка чиққан Варвара Лондон Олимпиада ўйинларида қатнашадиган расмий АҚШ жамоаси рўйхатига киритилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG