Линклар

Ўшда “Дайджест” номи билан ўзбек тилидаги янги газета нашр этила бошланди. Бу нашр 2010 йил Ўш қирғинидан сўнг шаҳарда чоп этила бошланган биринчи мустақил ўзбек газетаси бўлди.

“Дайджест” газетаси ўшлик ёш журналист Шохруҳ Соипов ташаббуси билан нашрдан чиқди. Шохруҳнинг айтишича, газета 2010 йилнинг сентябр ойида давлат рўйхатига олинган. Аммо ўша пайтдаги вазиятдан келиб чиқиб, нашр этилмай келинган эди. Бир неча ҳафта аввал газетанинг биринчи сони дунё юзини кўрди. Шу кунгача газетанинг учта сони чоп қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борди.

Газета ўз номидан келиб чиққан ҳолда асосан интернет ва бошқа оммавий ахборот воситаларида чоп этилган долзарб мақолаларни ўзбек тилига таржима қилиб, кўчириб босиш билан шуғулланади. Таҳририят томонидан ёзилган таҳлилий мақолалар жуда оз. Шохруҳ Соиповнинг айтишича, Қирғизистондаги этник ўзбеклар жамоасида 2 йилдан бери ҳукм суриб келаётган ахборот очлигини бартараф этиш мақсадида газета мана шундай сиёсатни танлаб олган.

Шохруҳ Соиповнинг айтишича, бугунги кунда газета реклама мақсадида бепул тарқатилмоқда. Аммо тез орада у сотувга чиқарилади.

Ўш шаҳар кенгашига ва президентликка сайлов арафасида Ўшда бир қатор сиёсий партиялар ўз газеталарининг ўзбекча версияларини чоп этишган эди. Бироқ сайлов ўтиши билан бу нашрларни чоп этиш тўхтатиб қўйилган. Шохруҳ Соипов ўз газетаси бундай мақсадларни кўзламаганини ва чинаккам мустақил нашр бўлишини айтди.

Ўшдаги “Группа измерения” тадқиқот гуруҳи раҳбари Муножот Тошбоева шаҳарда ўзбек газетасининг очилиши узоқ кутилган ва мақсадга мувофиқ бўлган иш бўлди деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, 2010 йил воқеаларидан сўнг Қирғизистон жанубида ўзбек тилида нашр этилган мустақил газеталар чоп этилмай қолган, радио ва телеканаллар эса ўз фаолиятини тўхтатган эди. Ўшда шу кунгача фақат давлатга қарашли “Ўш садоси” газетаси сақланиб қолган. Бироқ бу газета “Дайджест” нашри ўзининг илк сонларида кўтариб чиққан мавзуларни кун тартибига қўя олмаган.

Бундан бир неча ой олдин Бишкекдаги “Аалам” деб аталувчи мустақил қирғиз газетаси “Олам” номи билан чоп этила бошланган эди. Бугунги кунда бу газета Қирғизистон жанубидаги вилоятларга 5 минг нусхада тарқатилмоқда.
“Дайджест” газетаси 2010 йилдан сўнг Қирғизистонда чоп этилаётган иккинчи мустақил ўзбек газетаси бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG