Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:49

Қирғиз диний мухолифати муқобил муфтият тузмоқчи


Қирғизистон муфтийси Чубақ Жалиловнинг мухолифлари уни ноқонуний фаолият юритаётганликда айбламоқда.
Қирғизистон муфтийси Чубақ Жалиловнинг мухолифлари уни ноқонуний фаолият юритаётганликда айбламоқда.

Қирғизистоннинг амалдаги муфтийси Чубақ ҳожи Жалиловга мухолифатда бўлган гуруҳ мамлакатда муқобил муфтият ташкил этилишини эълон қилди.

Ўзларини ташаббус гуруҳи деб таништирган ўн нафар одам бир неча кундан бери муқобил муфтият тузиш, муфтият олдида бўз уй тикиш ташаббусини кўтармоқда. Улардан бири Жипарбек хажи Тўйчубековга кўра, гуруҳ бунгача Дин ишлари бўйича давлат комиссияси томонидан ҳам қўллов топган:

- Улар берган ҳужжат ва қарор асосида муқобил муфтият тузаяпмиз. Бунгача биз қонун доирасидан чиқмаганмиз. Қонун доирасидан хозир ҳам чиқмайлик, деб бўз уй тикиш йўлларини қидирсак, бунинг имкони йўқ экан, -деди Жипарбек ҳожи Тўйчубеков.

У шунингдек муқобил муфтият муфтийси сифатида Руслан хожи Жумагуловни тайинлашларини айтади.

-Ҳозирги муфтийга тенг келиши мумкин бўлган Руслан Жумагулов дегани бор, шуни вақтинча муфтий қиламиз, - деди Жипарбек ҳожи Тўйчубеков.

Муқобил муфтият тузмоқчи бўлганлар тилга олган Руслан хожи Жумагулов 2010 йил муфтий Суйун хожи Кулуев калтакланиб, мажбурий тарзда ўз лавозимидан кеткизилгач, уч ой мобайнида Қирғизистон муфтийси лавозимида ишлаган. Ундан кейин уламолар кенгаши бу лавозимга амалдаги муфтий Чубақ ҳожи Жалиловни сайлаган. Бироқ ташаббус гуруҳи амалдаги муфтий Қирғизистон мусулмонлари қурултойида тайинланмаганини рўкач қилиб, унинг фаолиятини ноқоний деб баҳоламоқда.

Айни маҳалда ўндан ортиқ милиция ходимлари муфтият биноси олдида тартибни сақламоқда. Дин ишлар бўйича давлат комиссияси эса муқобил муфтият тузилишига қарши. Аталган идора раҳбари Абдулатиф Жумабоев, муқобил муфтият тузишга рухсат берилди деган сўзни рад этади.

-Ҳеч ким бизнинг рўйхатдан ўтмади. Бундай нарса биздан рўйхатдан ўтиши ҳам мумкин эмас. Улар бизга “шундай иш қиламиз”, деб мурожаат қилган. “Бизни муфтий эшитмагач, шундай қилаяпмиз”, дейишган. Уларга мен “марказий бошқарма бузилмаслиги керак, марказий бошқарув бузилса ҳар бир ҳудуд ўз муфтиятини очиб, Россия каби 81 муфтият бўлиб бўлиниб кетамиз. Бундай қилиш мумкин эмас”, деб жавоб берганман, - деди Абдулатиф Жумабоев.

Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармаси эса муфтият ва Чубақ хожи Жалиловга қарши ҳаракатларни, ҳаж ишларининг уюштирилиши билан боғламоқда.
Уларга кўра, бунга бир неча йилдан бери ҳаж зиёратини ташкил қилишдан катта миқдорда фойда кўриб келган коррупциялашган амалдорлар муфтиятда мана шундай беқарор вазият юзага келишидан манфаатдор.

Мусулмонлар дин бошқармаси матбуот котиби Максат Мамбеталиев аталган идорада тўлақонли иш олиб борилаётганини айтади:



-Бу борада хеч қандай изох беролмаймиз. Ҳозир демократия деган замон, “ўзимни ўзим биламан, ўтигимни тўрига ечаман” деган тушунча хосил бўлган. Хоҳлаган ишини қилаверадиган замонда яшаяпмиз. Муфтият олдига келиб бўз уй тикадими ёки балиқ қовуриб ейдими, бу борада ҳеч нарса айта олмаймиз. Уларнинг ўзларини иши. Биз бўлса ўз ишимиз билан машғулмиз, муфтиятда тўлақонли иш кетмоқда, - Мақсат Мамбеталиев.

Айтиш жоизки, бунгача айрим жамоат арбоблари ва депутатлар мусулмон жамоатчилигидаги тарафларни яраштириш ҳаракатларини ҳам амалга оширган.
XS
SM
MD
LG