Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:30

Афғонистонда ўзбек қўмондонига суиқасд қилинди


Таниқли ўзбек қўмондон ва Афғонистон парламенти аъзоси Аҳмад Хон Саманганий.
Таниқли ўзбек қўмондон ва Афғонистон парламенти аъзоси Аҳмад Хон Саманганий.

Афғонистон шимолида тўйга меҳмон сифатида келган худкуш ўзини портлатгани оқибатида камида 17 киши, жумладан, катта таъсирга эга бўлган қўмондон ва Афғонистон парламенти депутати Аҳмад Хон Саманганий ҳалок бўлди.

Худкуш ҳужум Саманган вилояти маркази Ойбак шаҳрида Аҳмад Хон Саманганий қизини турмушга бераётган тўй маросимида уюштирилган.

Миллати ўзбек бўлган Саманганий Афғонистон Президенти Ҳамид Карзайнинг тарафдори сифатида оммага яхши танилган.

Айни пайтда, Аҳмад Хон Саманганий мухолифатдаги Шимолий Иттифоқ собиқ қўмондони, Афғонистон ўзбекларининг сиёсий етакчиларидан бири генерал Абдул Рашид Дўстумнинг рақиби бўлган.

Шимолий Иттифоқ матбуот котиби Лал Муҳаммад Аҳмадзайга кўра, 14 июл кунги ҳужумда вилоят разведка хизмати бошлиғи ва Афғонистон миллий армиясининг дивизия қўмондони ҳам ўлган.

Яраланганлар орасида Афғонистон парламенти депутати Муҳаммад Исҳоқ Раҳгузар, "606 Ансар" минтақа полицияси қўмондони Саид Аҳмад Самий ва Сари Пул вилоятининг собиқ ҳокими Саид Иқбол Муниб ҳам бор.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай Аҳмад Хон Саманганийга қилинган суиқасдни қоралаб, бу "Афғонистон душманларининг иши" эканини айтди.

Кобул расмийлари "Афғонистон душманлари" деганда толибларни назарда тутади.

Бироқ Толибон ҳаракати шанба кунги худкуш ҳужумга алоқадор эканини рад қилди.

Толиблар Саманганийга қарши ҳужум шахсий адоват асосида амалга оширилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Толиблар матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид Аҳмад Хон Саманганий “Шимолда катта таъсирга эга шахс бўлгани ва шубхасиз унинг душманлари бўлгани”ни айтди.

1980-йилларда Совет Иттифоқининг босқинчи қўшинларига қарши курашда мужоҳид лидерлардан бири бўлган Саманганий Афғонистон шимолидаги машхур қўмондонлардан бири бўлган.

У 2011 йил ноябр ойида Афғонистон парламентига аъзоси бўлганди.

Саманганийга қарши суиқасд Афғонистоннинг Аёллар масалалари бўйича вазирлиги вилоят бўлими директорига қарши суиқасд уюштирилганидан бир кун кейин амалга оширилди.

13 июл куни Лағмон вилоятида уюштирилган портлаш оқибатида Аёллар масалалари бўйича вазирликнинг Лағмон вилояти бўлими директори Ҳанифа Сафи ва унинг турмуш ўртоғи нобуд бўлганди.

Хабарларга кўра, Сафи вилоят маркази Меҳтар Лам шаҳрида автомобилда кетаётган пайтда унинг машинасига ўрнатилгани тахмин қилинган бомба портлаган.

Ҳанифа Сафи Афғонистонда аёлларга нисбатан муносабатни яхшилаш йўлида саъй ҳаракат қилиб келган етакчи ва жонкуяр фаоллардан бири сифатида кенг жамоатчиликка яхши танилган сиёсий арбоб эди.

Толиблар Ҳанифа Сафининг ўлимига алоқадор эканини инкор қилган.

Бироқ Кобул расмийлари толибларни Сафининг ўлимида бевосита айблади.

Айни пайтда, Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ҳанифа Сафига қарши уюштирилган суиқасдни кескин қоралади.
XS
SM
MD
LG