Линклар

logo-print

15 июль куни соат 10:20 да Тошкент катта халқа йўлининг Қўйлиқ буюм бозори ҳудудида Нексия автомобилига ўрнатилган метан газ баллони портлаши оқибатида йирик автоҳалокат юзага келди.

Воқеа гувоҳларининг таъкидича, гумбурлаган портлаш овози 2-3 чақирим радиусгача эшитилган.

Нексия йўлда ҳаракатланиб кетаётган пайтда портлаган. Портлаш натижасида Нексия бўлакларга ажралиб кетган. Бўлаклардан бири Нексия ортида келаётган Жигулининг устки қисмини юлиб кетган.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳайдовчи оғир жароҳатланиб, шифохонага олиб кетилган.

Портлаш натижасида газ баллони ўрнатилган Нексия автомобили бир уюм темир-терсак ҳолига келган ва катта халқа йўлининг асосий қисмини тўсиб қўйган.

Портлаш зарбидан Нексия ортидан келаётган Жигули, Матиз, Дамас автомобиллари ҳам қаттиқ техник шикаст кўрган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг прицепли трактори ҳам зарар кўрган.

Вазиятни ўрганган Озодлик манбасига кўра, портлаш натижасида бир неча ҳайдовчи ва йўловчилар тан жароҳати олган, айримларининг жароҳатлари оғир экани айтилмоқда.

Воқеа Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрига борувчи киракашлар турган ҳудудга яқин бўлган ва айрим киракашлар ўткир руҳий депрессияга тушгани кузатилган.

Катта халқа йўлининг бу қисмидаги ҳаракатланиш бир соатча тўсиб қўйилгач, соат 11:30 га келиб, қайта йўлга қўйилди.

Воқеа жойига Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тезкор отряди ва прокуратура ходимлари етиб келишди.

Ҳозирда кўчма криминалистика лабораторияси воқеа жойида фаолият олиб бормоқда, ҳудуд миршаблар томонидан қуршаб олинган.

Жорий йилнинг 8 апрел куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги Янгиқишлоқ қишлоғида жойлашган АЁҚШга газ қуйиш учун кирган Ласетти автомобилининг газ баллони портлаши оқибатида 29 ёшли оператор йигит Зафар Авазов ҳалок бўлган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG