Линклар

Клинтон: АҚШ Мисрдаги ўзгаришларни дастаклайди


АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон ва Миср Президенти М.Мурсий, Қоҳира ш., 2012 йил 14 июл.

АҚШ Давлат котиби Ҳ.Клинтон ва Миср Президенти М.Мурсий, Қоҳира ш., 2012 йил 14 июл.

Мисрга ташрифи давомида президент Муҳаммад Мурсий билан учрашган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Вашингтон Мисрдаги демократияга ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлашни айтди.

Мурсийнинг барча мисрликларга президент бўлиш ҳақида берган ваъдасини олқишлаган Клинтон уни аёллар ва озчиликни ташкил этганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди.

- Президент ва мен Мисрда демократияга ўтиш жараёнининг давом этиши муҳим эканини муҳокама қилдик. Мен унга барча мисрликларга президент бўлиш, жумладан, аёллар ва озчиликни ташкил этганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида берган ваъдасини бажаришни тавсия қилдим, деди Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Миср ҳарбийларини ўз халқини ҳимоя қилишга чақирди. Айни пайтда Клинтон Сурия армияси ўз халқини ўлдираётганини кескин қоралади.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Муҳаммад Мурсийни собиқ президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан бери мамлакатни бошқариб келаётган армия генераллари билан сиёсий мулоқот бошлашга ундади.

- Демократияга эришиш осон иш эмас. Биз 236 йилдан ортиқ вақтдан бери шу йўлдан бораяпмиз. Бу мулоқот, муроса ва реал сиёсат юритишни талаб қилади. Биз бу борада ёрдам беришни хоҳлаймиз. Аммо биз бунга Қўшма Штатлар эмас, Миср халқи қарор бериши кераклигини биламиз, дея баёнот берди АҚШ Давлат котиби.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий Олий суди қарорига мувофиқ тарқатиб юборилган мамлакат парламентни қайта тиклаш ҳақида буйруқ берганидан кейин мамлакат Адлия тизими билан зиддиятга борди.

Ҳиллари Клинтон Вашингтон Мисрдаги бизнес ривожи учун 250 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши ва Мисрга ёрдам ўлароқ 60 миллион долларлик сармоя жамғармаси тузишни режалаётганини маълум қилди.

АҚШ Давлат котиби 15 июл куни Мисрни бошқариб келаётган Олий ҳарбий кенгаш раҳбари маршал Ҳусайн Тантавий ва бошқа қўмондонлар билан учрашди.
XS
SM
MD
LG