Линклар

Кобулдаги тожик учувчиларидан беш нафари ватанга қайтди


Тожикистонлик учувчиларни Душанбе аэропортида 45 кундан буён уларга маҳтал бўлиб яқинлари қарши олди.

Тожикистонлик учувчиларни Душанбе аэропортида 45 кундан буён уларга маҳтал бўлиб яқинлари қарши олди.

“Тожик Эйр” авиаширкатининг Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан бир ярим ой мобайнида Кобулда тутиб турилган беш учувчиси жума оқшомида Душанбега қайтди.

Учувчилардан бири – Шамсиддин Қаҳҳоровнинг Озодлик тожик хизматига маълум қилишича, Афғонистон хавфсизлик кучлари томонидан 45 кун аввал паспортлари олиб қўйилгани туфайли улар ватанга қайта олмаганлар.

- 12 нафар учувчининг паспортини йиғиб олаётган пайтларида улар турли сабабларни келтиришди, аммо мен уларнинг энг майда эътирозлари ҳақида ҳам айта олмайман, улар ҳақида “Тожик Эйр” яхши билади. Биз учувчиларнинг бу ерда айбимиз йўқ, қолганини “Тожик Эйр” ширкати вакилларидан сўранг, - деди Қаҳҳоров.

“Тожик Эйр” ўн икки нафар учувчиси Афғонистонда “Supreme Food” ширкати билан тузилган шартнома асосида ишлаган ва НАТО қўшинлари учун озиқ-овқат ташиш билан шуғулланган.

“Тожик Эйр” авиаширкати матбуот хизмати ходимаси Лола Кенжаева Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбат чоғида муаммо учувчиларнинг кичик хатоси туфайли юзага келганини, аммо бу муаммо у қадар арзирли бўлмагани учун уни ҳал қилиш йўли анча тез топилганини билдирди.

- Учувчилар у ерда ишлаган шартномага мувофиқ, улар томонидан техник хатога йўл қўйилган. Учувчилар навбатдаги парвоз олдидан чегара назоратидан ўтмаганларидан кейин улардан ҳужжатлари олиб қўйилган. Аммо бу муаммо ҳал бўлди. Учувчилар “Supreme Food” ширкати учун шу йил охиригача ишлайдилар, кейин улар қайтишлари лозим, - деди Лола Кенжаева.

Кобул аэропортида қолаётган “Тожик Эйр” ширкати вертолётлари ҳақида ҳам тўхталган матбуот хизмати ходимаси “Supreme Food” учун ишлаган тожикистонлик учувчилар солиқдан озод қилинганини, аммо кейинчалик Афғонистон транспорт ва авиация назорати хизмати НАТО қўшинларидан солиқ тўлашни талаб қилганини айтди.

- Энди НАТО томонидан солиқ тўланиши масаласи ҳал бўлгунича Афғонистон расмийлари “Supreme Food” учун ишлаётган Тожикистон ва Қирғизистон вертолётларининг парвозига рухсат бермай турибди, - деди Лола Кенжаева.
XS
SM
MD
LG