Линклар

Қизил Хоч: Сурияда фуқаролар уруши кетяпти


Тремсаликлар БМТ вакилларига 12 июл куни қилинган ҳужумда ҳукумат қўшинлари фойдаланган қуроллар гилзаларини намойиш этмоқдалар.

Тремсаликлар БМТ вакилларига 12 июл куни қилинган ҳужумда ҳукумат қўшинлари фойдаланган қуроллар гилзаларини намойиш этмоқдалар.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Суриядаги воқеаларни расман "фуқаролар уруши" ўлароқ таснифлади.

Бу ҳақда якшанба куни билдирган Қизил Хоч қўмитаси вакили Ҳишом Ҳасан бундан буён Сурия учун халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрлари амалда бўлиши жоиз эканини таъкидлади.

Бу меъёрлар уруш ҳаракатларини олиб бориш усуллари ва воситаларини тартибга солувчи тамойиллар ҳамда қоидаларни, шунингдек, тинч аҳоли, касал ва ярадор ҳарбийлар ва асирларни ҳимоя қилиш каби жиҳатларни қамраб олади. Хусусан, Уруш қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Женева конвенцияси тамойилларига мувофиқ, тинч аҳолига нисбатан ҳарбий ҳаракатлар ва қатлиом ҳарбий жиноят саналади.

16 ойдан буён қуролли тўқнашув тинмаётган Сурияда президент Башар Ассад фақат ўтган ойга келибгина ҳақиқий уруш бораётганини эътироф этган.

Биз уруш ҳолатидамиз. Бундай вазиятда турмушнинг барча жабҳаларидаги ҳаракатларимизнинг ҳаммаси фақат ва фақат бу урушда ғалаба қозонишга қаратилиши лозим, - деганди Башар Ассаднинг июн ойи охирида Суриянинг янги ҳукумати аъзоларига мурожаат қиларкан.

Бироқ шу кунгача, айрим халқаро ташкилотларнинг якка мулозимларини ҳисобга олмаганда, биронта ташкилот Сурияда содир бўлаётган воқеаларни фуқаролар уруши дея баҳоламаётганди. Дейлик, БМТ Бош котибининг Тинчликни сақлаш амалиëтлари бўйича ўринбосари Эрве Ладсу июн ойида Суриядаги қуролли тўқнашувларни “фуқаролар уруши” ўлароқ баҳолаганди. Бироқ БМТ Бош котиби Бан Ки Мун бу каби баёнот бермаган, балки мамлакат фуқаролар уруши ёқасида турганини урғулаганди, холос.

Сурияда вазият кескинлашуви сўнгги нуқтага етди ва мамлакат кенг кўламли фуқаролар уруши билан қаршилашиб қолиши мумкин, - деганди Бан Ки Мун.

Қизил Хоч баёноти янграган бир пайтда Сурияда янги йирик ҳужум амалга оширилди – Дамашқда хавфсизлик хизмати ходимларини олиб кетаётган автобус портлатилди. Бу борада бир-бирини инкор қилувчи маълумотлар келмоқда. Баъзи маълумотларга кўра, портлаш бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлган, бошқа маълумотларга кўра эса, портлашдан ҳеч ким ўлмаган, балки кўп одам ярадор бўлган. Сурия расмийлари мамлакатда хорижлик журналистлар фаолиятини ўта чеклаб қўйгани учун бу маълумотларни мустақил манбалар орқали текшириш имкони бўлмаётир.

Айни пайтда Сурия расмийларининг ўзлари ҳам ҳуқуқ фаоллари томонидан бир неча бор қатлиом уюштирганликда айбландилар. Шулардан сўнггиси Хама вилоятидаги Тремса қишлоғи ўққа тутилишидир. Сурия мухолифати фаоллари ҳукуматга тарафдор бўлган жанггари гуруҳлар Тремса атрофидаги ҳудудларга уюштирган ҳужумда (мазкур ҳужумда 200 дан зиёд киши нобуд бўлгани айтилмоқда) танк ва вертолётлардан фойдаланганини билдирган. Буни инкор қилган Сурия расмийлари мазкур қишлоқда қон тўкилиши учун “террорчи гуруҳлар”ни айблаб, мухолифатга қарашли ахборот воситаларини жамоатчилик фикрини чалғитишга уринаётганини иддао қилди.

Тремсага ташриф буюрган БМТ кузатувчилари қишлоқда нобуд бўлганлар сонини тўла аниқлашга муваффақ бўлолмаганлар, бироқ мазкур “қишлоқда асосий нишон мухолифат фаоллари ва Башар Ассад рақибларига қўшилган ҳарбийларнинг уйлари бўлган” деган хулосага келганлар. Шунингдек, улар ҳукумат қўшинлари уйларни ўққа тутишда оғир қуроллардан фойдаланганини билдирганлар.

Бу орада халқаро майдонда Сурияни дастаклаётган Россия ва Хитойга дипломатик босим кўрсатиш ҳаракатлари кузатилмоқда. Халқаро дипломатлар Сурияда қон тўкилишининг олдини олиш учун Москва ва Пекинни президент Башар Ассадга қарши қатъийроқ позиция эгаллашга кўндирмоқчилар.

Хусусан, душанба ва сешанба кунлари БМТ ва Араб лигаси халқаро элчиси Кофи Аннаннинг Россия президенти Владимир Путин ҳамда ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиши кутилмоқда. Пекинда эса бугун БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзинтао ва бошқа мансабдорлар билан учрашади.

Россия билан Хитой ҳам аъзоси бўлган БМТ Хавфсизлик кенгаши жума куни Суриядаги халқаро кузатувчилар миссиясини узайтириш масаласини кўриб чиқиши керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG