Линклар

logo-print

Интернетда Андижон воқеалари ҳақидаги филм трейлери пайдо бўлди


"Ўзбекистондаги қирғин" филми трейлеридан олинган скриншот.

"Ўзбекистондаги қирғин" филми трейлеридан олинган скриншот.

Етти йил мобайнида йиғилмиш материаллар асосида олинган “Ўзбекистондаги қирғин” филми, муаллиф Майкл Андерсенга кўра, ҳам ғарблик мулозимлар, ҳам шарқликлар, хусусан, ўзбекистонликлар кўриши ҳамда Андижон воқеаларини унутмасликлари учун тайёрланган.

“4-5 дақиқалик кичик роликларга 80 минутлик филмдаги асосий урғуларини жойлаштиришга ҳаракат қилдик”, дейди даниялик журналист Майкл Андерсен.

Роликда Андижон воқеалари чоғида олинган видеоматериал ва фотосуратлар намойиш қилинади, 2005 йил майидаги воқеа гувоҳлари бўлган шахслар, ўзбекистонлик мухолифат намояндалари, ҳуқуқ фаоллари, мустақил журналистлар ўз хотира ва мулоҳазалари билан ўртоқлашадилар, ғарблик сиёсатчилар ва халқаро нодавлат ташкилотлари вакилларининг Ўзбекистон, хусусан, Андижонда содир бўлган ҳодисаларга муносабати келтирилади.



Кирилл ва лотин алифбосидаги титрлар билан ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган айни роликлар ўзбекистонликлар ичида ҳам оммалашган YouTube видеопорталида жойлаштирилган.

“Андижон воқеалари ҳақида филм олиш фикри менда мазкур фожеадан кейиноқ Қирғизистонга қочиб ўтган андижонликлар лагерига борганимда пайдо бўлганди”, дейди Майкл Андерсен.

Даниялик журналистга кўра, ўша пайтда Каримовни бир муддат “бурчакка турғазиб қўйган” Ғарб Афғонистонга чиқиш йўлига эга бўлиш ва газ андишасида тез орада Ўзбекистонга нисбатан жорий қилинмиш санкцияларни бекор қилган.

- Филмни тайёрларкан, олдимизга уч мақсад қўйгандик. Биринчиси, Андижонда нима бўлганини аниқ ва муфассал қилиб тушунтириб бериш. Бу қирғин эди. Бизда буни исботловчи далиллар бор ва биз буни исботлаб берамиз. Иккинчиси, бунга Ғарбдаги сиёсатчиларнинг нақадар бетамизларча ва хунук алфозда муносабат билдирганини, аниқроғи, ҳеч қандай муносабат билдирмай туриб олганларини кўрсатмоқчимиз. “Каримов бизга керак” бўлгани учун улар бу қирғинни эътиборсиз қолдиришди. Учинчиси, биз бу филмни уч тилда тайрламоқчи бўлдик. Ҳозир бу филмнинг инглизчаси тайёр. Эндиликда филмни ўзбекча ва русчага таржима қилиш учун маблағ қидираяпмиз. Кейин ўзбек ва рус тилларида 8-10 дақиқалик филмлар тайёрлаб Интернет орқали текинга тарқатамиз, - дейди Майкл Андерсен.

Марказий Осиёда яшовчи ўзбеклар, қирғизлар ва тожиклар орасида дўстлари жуда кўплигини таъкидлаган даниялик журналист Андижон воқеалари ҳақида филм тайёрлашга уни инсоний бурч ундаганини қайд этади.

“Тайёрлаган филмингиз томошабинлар учун нечоғли таъсирли ва самарали бўлиши мумкин?” деган саволимизга Майкл Андерсен даставвал “билмайман” деб жавоб берди.

- Биринчи жавобим, билмайман, ростини айтсам. Чунки Ғарбда Ўзбекистон тўғрисидаги билим-тасаввур жуда ғариб. Иккинчи жавобим эса, мен бунга қараб ҳам ўтирмайман. Ҳатто филм томошабинларда қизиқиш уйғотмаган тақдирда ҳам бу Андижон воқеалари ҳақида филм қилмаслик керак, дегани эмас. Аввал айтганимдек, бу бурч иши. Мен аслида некбин одамман ва бунақа нарсаларга Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда қизиқиш бор, деб ўйлайман, - дейди Майкл Андерсен.


Даниялик журналист Майкл Андерсен аввал ҳам Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондаги турмушга оид филмлар ҳозирлаган. Хусусан, унинг 2010 йил январида Ал-Жазира телеканалида қайта-қайта намойиш қилинган "Марказий Осиёда диний экстремизм ҳақида афсона" филми Тошкент нуқтаи назарини ифодаловчи "Пресс-уз.инфо" веб нашри томонидан танқид қилинганди. Ўшанда бу танқидга муносабат билдирган Майкл Андерсен “Каримов режимини яхши билган одам бу нима учун қилинаётгани тушунади”, деган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG