Линклар

Бошқирдистонда автокредит билан шуғулланиб, товламачилик қилганликда айбланаётган ва асосан ўзбекистонликлардан иборат жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Уфада ОМОНчилар ўтказган махсус амалиёт натижасида жиноий гуруҳга алоқадорликда айбланаётган бир неча ўзбекистонлик ҳибс этилди.

“Операция якунланганидан кейин 9 киши қўлга олингани аниқланди”, дейди Озодликка ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Бошқирдистон Республикаси ИИВси ахборот бўлими бошлиғи Максим Родионов.

- Тергов ва Иқтисодий жиноятлар бўйича бўлимининг дастлабки тахминларига кўра, бу шахслар автокредитлар билан боғлиқ бир нечта товламачилик эпизодларига алоқаси бор. Товламачилик схемаси қўйидагича бўлган: бирор тайинли яшаш жойига эга бўлмаган ёки наркотик, алкоголга ружу қўйган шахс номига автокредит олиш учун ҳужжатлар расмийлаштирилган. Автосалонлардан олинган янги автомобиллар асосан Шимолий Кавказда пулланган, дейди Бошқирдистон полицияси расмийси Максим Родионов.

Айбланувчилар яшаш келган уйларда ўндан зиёд тинтув амалиёти ўтказилгани айтилмоқда.



Родионовнинг айтишича, қаллобликда айбланаётган 27 ёшли ўзбекистонликнинг уйида ўтказилган тинтув натижасида сохта ташкилотлар муҳрлари ва қалбаки ҳужжатлар мусодара қилинган. Шунингдек, бу шахс олдин уч маротаба судлангани, Бошқирдистонда қалбаки паспорт билан яшаб келгани аниқланди.

(Суратлар Бошқирдистон республикаси ИИВ матбуот хизмати томонидан тақдим этилди)

Полициячилар товламачиликда гумонланаётганлар ўз қилмишларини амалга ошириш учун ҳатто ижарага офис олгани, у ерда банкка тақдим этилиши зарур бўлган барча ҳужжатлар нусхалари аниқланганини хабар қилмоқда.

Ҳозирча исми ошкор этилмаётган гуруҳ таркибига ўзбеклардан ташқари Россиянинг турли минтақаларидан бўлган шахслар киргани аниқланган.

- Мазкур жиноий иш юзасидан фақат Россияда ишлаб чиқарилган автомобиллар расмийлаштирилгани аниқланди. Умумий зарар 2 миллион рублдан зиёддир. Ҳозирга келиб қаллоблик факти юзасидан бешта жиноий иш қўзғатилди ва яқин кунларда яна бир нечта жиноий иш қўзғатилиши кутилмоқда, дейди терговни олиб бораётган Бошқирдистон Тергов қўмитаси тергов бўлими бошлиғи Дмитрий Элинсон.

Элинсоннинг айтишича, ҳозирда тахмин қилинаётган жиноий гуруҳнинг икки нафар ташкилотчиси қамоққа олинган, қолган шахслар Уфани тарк этмаслик тилхати асосида қўйиб юборилган.

Полициячилар 30 кишидан ортиқ одам аферистлар қурбони бўлганини тахмин қилмоқда.

Бошқирдистон Республикаси ИИВси ахборот бўлими Озодлик Радиосига тақдим этилган видео ва фотода тасвирланган шахслар томонидан алданганларни Бошқирдистон ёки Россиянинг бошқа минтақаларидаги полиция бўлимлари мурожаат қилишларини сўрамоқда.

- Ҳозир полиция автокредитлар расмийлаштирилган шахсларни қидиришни давом этмоқда. Чунки айнан шу шахсларга кредитларни берган банкларнинг эътирозлари пайдо бўлиши табиий, дейди Максим Родионов.
XS
SM
MD
LG