Линклар

logo-print

Эмомали Раҳмоннинг поччасини ўлдирганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди


Тожикистонда президент Имомали Раҳмоннинг поччасини ўлдирганликда гумон қилинган шахс қўлга олинган.

Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги душанба куни маълум қилди.

Лекин, гумондорнинг шахси ва уни қотиликка ундаган сабаблар ҳозирча ошкор қилинмаяпти.

Тожик расмийлари гумондорнинг тезкор-қидирув амалиёти чоғида ҳибсга олинганини айтиш билан чекланишмоқда.

Тожикистон президенти тўнғич опасининг турмуш ўртоғи бўлган 57 ёшли Холмўмин Сафаров ўтган ой пойтахт Душанбеда шаҳар автовокзали яқинида ўлдириб кетилган эди.

Сафаровга қарата тўппончадан бир неча бор ўқ узилган ва у шу жойининг ўзида жон таслим қилганди.

Холмўмин Сафаров ўлимидан олдин Тожикистонда давлатга қарашли "Ўрмон хўжалиги ва овчилик" бирлашмасига раҳбарлик қилган.

Айрим таҳлилчилар қотиллик Сафаровнинг иш фаолияти билан ҳам боғлиқлигини айтишади.

"Ўрмон хўжалиги ва овчилик" бирлашмаси сердаромад жой экани айтилади. Тожикистон тоғларининг бари ана шу бирлашма ихтиёридадир.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги аниқ миқдорини айтмаган эса-да, унинг қотилини топишга ёрдам берганларга катта миқдорда пул мукофоти ваъда қилганди.
XS
SM
MD
LG