Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:33

“Ўздунробита”нинг яна икки раҳбари халқаро қидирувда


“Ўздунробита” уяли телефон ширкатининг яна икки раҳбарига халқаро қидирув эълон қилинган.

Ўзбекистон бош прокуратураси расмий баёнотида “Ўздунробита” раҳбари муовини Раҳим Эргашев ва унинг ўғли, ширкатнинг роуминг департаменти раҳбари бўлиб ишлаган Баҳром Эргашев “Ўздунробита” бош директори бўлган куёвлари, Беҳзод Аҳмедов раҳбарлиги остидаги жиноий тўда аъзолари сифатида қидирилаётгани айтилади.

Ўз навбатида МТС уяли телефон ширкати Ўзбекистон раҳбариятига мурожаат этиб, Ўзбекистондаги бўлимлари текширув жараёнида йўл қўйилаётган қўпол қонунбузарликларни тўхтатишни талаб қилган.

Ширкат расмий баёнотида айтилишича, Ўзбекистондаги 100 фоизлик шуъба ширкати бўлмиш "Ўздунробита"нинг молиявий-хўжалик ишлари амалдаги Ўзбекистон қонунчилиги меъёрлари бузилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Текширувлар ортидан МТСнинг Ўзбекистондаги раҳбари Беҳзод Аҳмедовнинг қочиб кетгани хабар қилинган эди.

Аҳмедовнинг қаердалиги ҳали ҳануз қоронғулигича қолмоқда. Жумладан, "Ўздунробита"нинг вақтинчалик раҳбарлари Темирмалик Олимов ва Россия фуқароси бўлган Радик Даутовлар 520 миллион долларлик маблағни ноқонуний ўзлаштирган, деган асоссиз айбловлар билан асоссиз ҳибсга олинган.

Шунингдек, "Ўздунробита"нинг яна йигирмага яқин ходими, жумладан ширкат раҳбари муовинлари Азизулло Мирзамойдинов, Азиз Раҳимов ва Алишер Муҳамедовлар ҳам ҳибсга олиниб, тинимсиз сўроққа тутилмоқда.
XS
SM
MD
LG