Линклар

Ўзбекистон президенти ғалла етиштириш юзасидан зиммаларига олган мажбуриятларини бажарган фермерларга йўллаган табрикномасида уларнинг бу йилги меҳнати маҳсулини “мамлакат қишлоқ хўжалиги тарихида янги саҳифа” сифатида баҳолади.

Ўтган ҳафта охирида эълон қилинган табрикномада бу йил 7 миллион 170 минг тонна ғалла етиштирилгани айтилган.

Ўзбекистон раҳбари фермерларни “қишлоқ ҳаётининг оғир юкини ўз зиммасига олишга қодир бўлган ҳал қилувчи ижтимоий куч”, деб таърифлади.

Мухбиримиз ўша президент табрикномасини ўша “куч” вакилларидан бири – сирдарёлик фермер билан биргаликда ўқиди.

Сирдарёлик ўқитувчи Исроилжон Ризаевнинг айтишича, бу йил ғалла ҳосили чиндан ҳам яхши бўлди.

- Қиш анча чўзилганига қарамасдан баъзи жойларда қаттиқ совуқ келгани билан барибир буғдой ҳосили яхши бўлган, ортиғи билан бажарилган, дейди Исроилжон Ризаев.

Ўзбекистон президенти табрикномасида айтилишича, баъзи фермерлар бу йил мисли кўрилмаган кўрсаткичларга эришган.

Масалан, Пахтачи туманида баъзи фермерлар гектаридан 97 центнердан ғалла йиғиб олган.

Вобкент ва Иштихон туманларида эса, гектаридан 87 центнердан ҳосил олган фермерлар борлиги қайд этилган табрикномада.

Бироқ Сирдарё вилоят Боёвут туманилик фермер Тўйчи ака бу йил президент назарига тушадиган даражада натижага эриша олгани йўқ.

- 14 гектар ғалла эккан эдик укажон.

Озодлик: Мўлжалдаги ғаллани олдингизми?

- Ҳа.

Озодлик: Гектаридан неча тоннадан олдингиз?

- Гектаридан 2,5 тоннага яқин бўлдида.

Озодлик: Қанчани кўзлаëтган эдингиз?

- Бизлар 3 тоннани кўзлаëтган эдик, дейди сирдарёлик фермер Тўйчи ака.

Президент табрикномасида айтилишича, “етиштирилган ҳосилнинг 60 фоиздан кўпроғи, яъни 4 миллион 347 минг тоннаси фермер хўжаликлари ва аҳолининг ихтиёрида қолдирилган”.

Ўзбекистон раҳбари фикрича, бу “деҳқонларнинг омборлари донга, рўзғорлари қут-баракага тўлиб бораётгани, улар ўз меҳнатидан катта манфаат кўраётганининг ёрқин далилидир”.

Биз сирдарёлик фермер Тўйчи акани яна гапга тутдик.

Озодлик: 14 гектардан 35 тоннагача буғдой топширибсиз. Шундан неча пул фойда кўрдингиз?

- Ҳали мен ҳисоб-китоб қилиб олганим йўқ.

Озодлик: Ўзингизга ҳам буғдой қолдими?

- Ҳа, қолди. Рабочийларга бердик.

Озодлик: Ўзингизга қанча қолди?

- Ўзимга 400-500 кило қолдида. Рабочийларга бердик озроқ.

Озодлик: Қолган ерингизга пахта экасиз-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ҳаммасига буғдой эксангиз, шу буғдойдан қоладиган фойдага сиз оилангизнинг бир йил сарф-харажатини кўтара оласизми?

- Йўқ, кўтара олмасам керак.

Озодлик: Нимага?

- Кўтара олмайман ука. Оила, ерда 5-6та одам ишлайди, ҳаммасини кўтариш қийинда, дейди Тўйчи ака.

Ўзбекистон раҳбари ўз табрикномасида фермерларни “қишлоқ ҳаётининг оғир юкини ўз зиммасига олишга қодир бўлган ҳал қилувчи ижтимоий куч”, деб таърифлаган.

Балки, гектаридан 97 центнердан ғалла етиштирган пахтачилик фермер ўзини “ҳал қилувчи ижтимоий куч”, деб ҳис қилса қилаётгандир.

Сирдарёлик фермер ўзини бундай куч, деб ҳисобламаяпти.

Озодлик: Сизни қишлоқдаги энг бадавлат одам дейиш мумкинми?

- Йўқ.

Озодлик: Қишлоқда фермерларни энг обрўли одамлар дейиш мумкинми?

- Энди жуда обрўли бўлмасак ҳам ишқилиб ëшим катталиги учун ҳурмат қилинадида энди. Фермерлигим учун эмаску 100 фоиз, ëшим катта, 60дан ошиб қолдик энди бизлар ука, шунинг учун Худога шукур, энди бирга ишлайдиганлар ҳурмат қилади. Қолган қишлоқдагилар ҳам энди бировга сомон берамиз, бировга у, бировга бу, бировга сувдан ëрдам берасиз, шунақа қилиб ҳурмат қиладида.

Озодлик: Шу кунда фермерни колхоз раисининг ўрнида дейиш мумкинми?

- Йўқ.

Озодлик: Бригадирми?

- Ҳа, ўша даражадамиз. Илгариги бригадир қаторда десак бўлади мени. Қолганларни билмайман энди, дейди сирдарёлик фермер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG