Линклар

logo-print

27 июл куни бошланадиган 2012 йилги Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун жаҳоннинг турли мамлакатлари спортчилари ҳамда спорт идоралари расмийлари Лондонга кела бошлади.

Британия пойтахтининг Хитроу аэропорти хавфсизлик хизмати матасаддиларидан олинган маълумотга кўра, душанба куни 236,955 йўловчи етиб келиши кутилаётган эди.

Бу кўрсаткич ҳар йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 45 000 пассажирга кўпдир.

Умуман эса, Ёзги Олимпия ўйинларида қатнашиш учун Лондонга жаҳоннинг 200 мамлакатидан ҳаммаси бўлиб 16 минг киши – спортчилар ҳамда спорт идоралари расмийлари келади.

Хитроу аэропорти бошқаруви вакили Том Уиллиснинг айтишича, Лондонга келаётган кўп минг кишилик меҳмонлар билан ишлаш учун 20 тилда сўзлаша оладиган қўшимча ходимлар ҳамда кўнгиллилар жалб этилган.

-Биз маҳаллий жамоалар вакиллари бўлган минглаб кишини махсус ёлладик ва тайёргарликдан ўтказдик. Улар меҳмонларни Лондон шаҳри номидан олқиш билан кутиб олади. Самолетдан тушган спортчиларни бир хил форма кийган кўнгилли ходимларимиз юзларида табассум билан “Лондонга хуш келибсиз, Олимпиадада сизга омад тилаймиз”, деган сўзлар билан кутиб олади, деди Том Уиллис.

Хитроу аэропортига АҚШ сув спортчилари тушган учоқ олимпиячиларни ташиган дастлабки махсус учоқлардан бири бўлди.

Улар Лондондан Англия жанубидаги Уэймут шаҳрига йўл олади. Денгиз соҳилида жойлашган бу шаҳарда Ёзги Олимпия ўйинларининг сув спорти мусобақалари бўлиб ўтади.

АҚШ сув спортчилари жамоаси аъзоси Стив Бреннан ўзи ва жамоадошлари етиб келишлари биланоқ жуда илиқ кутиб олинганларини айтар экан, жумладан бундай деди:

-Жуда зўр бўлди. Лондонликларнинг ўйинларга тайёр эканлиги, улар ҳаяжонда эканлиги кўриниб турибди. Уэймут ҳам зўр шаҳар. Биз у ерга кетишга тайёрмиз.

Меҳмонлар етиб келишининг бошланиши Лондон расмийлари Олимпиада хавфсизлиги етарли таъминланмагани тўғрисидаги ташвишларни бартараф этишга уринаётган бир пайтга тўғри келди.

Ташвишлар хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олган ва бунинг учун 440 миллион долларли контракт имзолаган G4S ширкати етарли ходим ёллай олмаганини тан олганидан сўнг кучайиб кетган эди.

Британия ҳукумати 3500 ҳарбий хизматчини бу масаладаги етишмовчиликни қоплаш учун жалб этажагини эълон қилган.

Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Жак Рогге аскарларнинг жалб этилиши “хавфсизлик масаласида хотиржамлигимизни таъминлайди”, деб душанба куни баёнот берди.

Рогге, шунингдек, Ливия Миллий Олимпия қўмитаси президенти Набил ал-Алам душанба куни Триполи шаҳри марказида ўғирлаб кетилгани тўғрисидаги хабардан чуқур ташвишга тушганини изҳор қилди.

Бир неча кундан кейин ливиялик 5 спортчи 2012 йилги Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш учун Лондонга учиши керак.

Ёзги Олимпиада 12 августгача давом этади.
XS
SM
MD
LG