Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:42

Тўйиб овқат ейсизми?


Британиядаги Economist Intelligence Unit иқтисодий таҳлил маркази ўтган ҳафта эълон қилган "Озиқ-овқат хавфсизлиги индекси"да Ўзбекистонда ҳар ўн одамнинг бири тўйиб овқатланмаслиги билдирилган.


105та давлатдаги аҳвол таҳлил қилинган рўйхатда Ўзбекистон тўйиб овқатланмаслик даражаси "ўртача" бўлган давлатлар қаторида 72-ўринга қўйилган.

Шунга қарамай¸ озиқ-овқат сифати ва хавфсизлиги рейтингида Ўзбекистонга 100 баллик шкала бўйича 93.9 балл берилган.

Айни пайтда, Economist Intelligence Unit ҳисоботида ҳатто дунёнинг энг бой мамлакатларида ҳам аксар аҳоли сифатли озиқ-овқат истеъмол қилмаслиги билдирилган.

Ҳафта саволи рукнининг бугунги сонида респондентларга “Тўйиб овқат ейсизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.


Мавлуда, Сурхондарë:

- Албатта тўйиб овқатланаман. Ўзимизнинг томорқамиз бор. Ўша ерда етиштирилган маҳсулотлар ва бозордан сотиб оламиз. Гўштли ва аччиқ таомларни яхши кўраман. Маҳсулотлар сифати мени қониқтиради. Харид қилаëтган дўкон ëки савдо растасига боғлиқда овқатнинг сифати. Жойига боғлиқ. Ҳар хил жойларда солиқ тўлашдан, бошқалардан қочиб турли хил ноқонуний жойларда савдо қилаëтган савдогарлар ҳам кўп. Мен Сурхондарë вилоятида яшаганим учун (Тожикистон) алюминий заводи таъсиридами масалан меваларда йод бор, темир бор дейишади, лекин аксинча ҳеч нарса йўқ. Мева-сабзавотсиз аҳолини тасаввур қилиш қийинку. Бизга бошқа жойлардан келтирилаëтганларники яхши. Ўзимиздаги яхши бўлмаяпти анор, хурмо, картошкаларни айтадиган бўлсак. Ҳар бир мусулмон бандаси каби рўза тутиш қўлимдан келади. Албатта тутаман.

Эркин ака, Қашқадарë:

- Овқатимиз, оиламизда пенсиямизга яшаймиз, саккиз кишимиз. Мен 300 мингдан кўпроқ пенсия оламан. Кампирим 145 минг олади. Шу билан 8 киши ўртача яшаймиз. Ҳозир ëзги пайт. Овқатдан кўпроқ палов еймиз. Чунки атрофда тўйлар кўп, маросимлар бўлади. Уларга борамиз, еб келамиз. Озиқ-овқатлардан ҳозир помидор, тарвуз, қовун чиқди. Буларни еймиз. Одамлар оч даражада эмас. Биз ҳозир 2000 йилга нисбатан анчагина ўзгариб қолдик. Чунки ейдиган овқатларимиз сифати ҳам, сони ҳам анчага яхши бўлиб қолди. Лекин халқимизнинг орасида исрофгарчилик жуда катта. Оилада ҳам худди шундай, бошқа ўтказиладиган маросимларда ҳам шундай. Овқат масаласида жуда оч яшайди, оғир яшайди деган гапларга қўшилмайман.

Азим, Жиззах:

- Худога шукур, зўр. Қозонкавоб, шашлик, ош. Сомса ëнимизда қилади. Жиззахнинг сомсасини биласизку. Суюққа унча ҳушим йўқ. Ҳар замонда бир емасам. Чойхонада кўп бўламиз, қорин тўймайдими? Уйда ҳам шу, ҳаммаси яхши. Мен Жиззахда тўйиб овқат емаганлар борлигини ҳали эшитганим йўқ. Чойхона одамлар билан тўла, сомсахонага келсангиз ҳам тўла. Ҳамма жой яхши. Ўзбекистон бўйича Жиззахда овқат сифати яхши, кучли. Шашлик, сомса овқатлари бўйича Жиззах биринчи ўринда менимча. Кўп вилоятлардан келганлар ҳам мақтаб кетишади. Ҳар бир вилоятнинг ўзиники борку. Тандир ҳам Жиззахда. Калорияси яхшику. Гўштники ҳам яхши. Устахонада ишлайман. Язвам бор. Кореяга бориб ишлаган пайтда язва бўлиб қолганман. Уларнинг овқати аччиқ экан. Ўшанга. Рўза тутолмасам керак. Закотини берамизда Худо хоҳласа.

Бахтиëр, Самарқанд:

- Масалан мен олдинги пайтдаги овқатланганимдан ҳозир норозиман. Вақтида овқатлана олмайман. Ҳар замонда обедга бориб ош-пош еб келаман. Сомса емайман. Шўрва ичиб келаман. Уйда шароитим йўқ, газ йўқ. Лекин бундай олганда қийин барибир. Мақтамайман. Вақтида овқатланаман деб айтолмайман мен. Бугун масалан мен завтрак қилганим йўқ. Обедда салат едим. Иссиқ овқат еганим йўқ. Сабаби менинг пенсиямни вақтида бермайди. Бермагани учун етишмай қолади менга. Тўғриси аҳвол қийин. Ўзбекистон озиқ-овқат масаласи қийин ҳозир.

Илҳом, Москва, (Фарғоналик):

- Ҳа, Худога шукур тўйиб овқатланаман. Кўпинча палов истеъмол қиламанда. Баъзан шўрва қиламиз. Вақт бўлса домашний чучвара қиламиз, сомса қиламиз. Ош қилсак, шакароб қиламиз помидор, бодринг билан еймиз. Қалампир оламиз. Ўзбекистондан келаяпти қалампирлар. Бу ерда ўзбеклар оч бўлганини кўрмадим. Қорни оч бўлса ëрдам берамиз. Жуда бўлмаса бориб кўриб турамиз. Барибир энди ҳаммамиз бир жойданмизда. Меҳмондорчиликка бориб турамиз. Гаплашиб, маслаҳатлашиб келамизда. Ошқозоним оғрияптида бир-икки кундан бери. Тузалиб қолса, Рўза тутаман. Ният бор.

Машҳура, уй бекаси:

- Қорнимиз тўйиб овқат еймиз. Ҳар хил овқатлар қилиб еймиз. Кундузи қуюқ бўлса, кечқурун суюқ овқат албатта. Қозонимиз қайнайди Худога шукур. Кунда бўлса кунда, кунора бўлса кунора бозорга бориб олиб келамиз ҳамма нарсани. Ҳамма нарса ғарқ пишиб ëтибдику. Ҳамма нарса борку ҳозир. Оч қоладиган пайт эмаску. Битта помидор билан бир бурда нон еса ҳам, бир тилим қовун билан бир бурда нон еса ҳам қорни тўяди ҳозир. Оч қоладиган пайт эмас ëз. Нотўғри гап бу. Қишда ҳам ҳамма еганидан ортганини банкага босиб ëтибди. Биз ҳам икки-уч кун икралар қилдик, компотлар қилдик, мураббо ëпиб ëтибмиз. Қишга барибир ғамланадику. Егандан ортгани қишга ғамланаяпти ҳозир. Рўза тутаман ҳолим келганча. Ўзи кўзимга мумкин эмас деган докторлар. Лекин барибир тутаман.

Садирохун ака, Андижон:

- Худога шукур қорним тўйиб овқат ейман. Нон кўпроқ ейманда. Нон ейман, макарон ейман, картошка ейман. Гўшт кам. Бир-икки марта бир-икки кило олиб қўямиз. Оч қолмайман. Нон борку, ун борку Қозоғистон уни. Кўчаларда овқатнинг сифати яхши, 4000-5000-6000 сўм қимматроқ. Ундан икки-уч марта есангиз, пенсиянинг ярми кетиб қолади. Шунинг учун уйда ўзимиз овқат қилиб еймиз. Қўй ëғи, қўй гўштида бир шўрва ичгим келади. Ичолмайманда. Мева-сабзавотларнинг сифати яхши. Мен пенсия оламан еб турибман. Кўпи пенсия олмайди. Бир хиллариники Россияга, Қозоғистонга кетиб қолган. Унинг пули йўқ.

Ражаб оға, Хоразм:

- Мен кейинги пайтларда ўзимизнинг Хоразмча ошни жуда яхши кўраман. Ҳар ҳафтада икки-уч марта ош қилдириб ейман. Яна хамирли овқатни яхши кўраман. Ўзим нафақадаман. Ҳозирча ҳамма нарсамиз етарли бўлиб турибди. Худога минг қатла шукур қорнимиз тўқ, устимиз бут. Бизнинг Хоразмда бу йил ўриклар жуда яхши бўлди. Мазаси жуда яхши. Ўзимизда етиштирилган мева-чеваларнинг сифатида гап йўқ. Бу йил айрим тарвуз ўстираëтганларнинг тарвузи сал сифатсиздай. Бу йил рўза ëзнинг иссиқ пайтларига тўғри келди. Камида 17 соат оч юриш керак. Менинг касалим бор, давлением бор. Мен тез-тез дори олиб тураман. Тез-тез сув ичишим керак. Шунинг учун рўза тута олмасам керак.

Ҳурматли тингловчи, Сиз ҳам "Ҳафта саволи"га жавоб ёзмоқчи ёки шу мавзуда маълумот бермоқчи бўлсангиз "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикр-мулохазаларингизни ёзиб қолдиришингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG