Линклар

UCell: Янги мижозларга хизмат кўрсатишга тайёрмиз


Тошкентдаги Билайн биноси олдидаги 17 июлги манзара.

Тошкентдаги Билайн биноси олдидаги 17 июлги манзара.

Ўзбекистонда МТС алоқаси узилиши нафақат бу ширкат ва унинг абонентлари, балки рақиб мобил компанияларни ҳам саросимага солиб қўйди. Алоқа узилишини эшитган МТС абонентлари тўда-тўда бўлиб Билайн, UCell ва бошқа ширкатлар эшиги олдида навбатга чизилди. Айни пайтда бу компаниялар МТСнинг миллионлаб собиқ абонентига хизмат кўрсатишда қийинчиликлар юзага келмаслигини айтишмоқда.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни соат 18 дан бошлаб “Ўздунробита” лицензиясини 10 кунга бекор қилиши ҳақидаги хабар кўпчиликни саросимага солиб қўйди. Абонентларнинг айтишича, бу ҳақда на МТС, на расмийлар олдиндан огоҳлантирган. МТС-Ўзбекистон ширкатининг Интернет саҳифаси ишдан чиққани боис, бу ҳақда Facebook даги саҳифаси орқали эълон қилди.

Шу сабабдан МТСнинг 9,5 миллион абонентининг аксари бу ҳақда ўзаро тарқалган миш-мишларга таянишга мажбур. Лекин шунга қарамасдан, кундалик ҳаётни мобил телефонисиз тасаввур қила олмай қолган минглаб МТС мижозлари 17 июл куни бошқа мобил алоқа компаниялари эишклари олдида турнақатор бўлишди.

Озодликка жавоб берган ўзбекистонликларнинг аксари МТС-Ўзбекистон лицензияси тортиб олинаётган, оқибатда алоқа тўхташи ҳақида бехабарлигини айтмоқда.

Фарғоналик Абдулазиз МТСда алоқа тўхтатиши ҳақида кўчадаги миш-мишлардан эшитиши биланоқ янги сим-карта сотиб олганини айтади.

Ўзбекистонда, бошқа давлатлардан фарқли ўлароқ, сим-карта сотиб олиш учун абонент бўлгич шахсан мобил алоқа ширкати шўхбасига бориб, паспортини тақдим этиши ва маълум вақт оладиган жараёндан ўтиши лозимлиги вазиятни қийинлаштирмоқда ва навбатларнинг катталашишига сабаб бўлмоқда.

Билайн, UCell ва бошқа ширкатлар потенциал мижозларга янги рақамларни очишга улгурмаяпти.

Билайн ширкати 17 июл куни иш куни соат 22:00 гача узайтирди.

Абдулазизга ўхшаган собиқ МТС мижозларининг оммавий тарзда бошқа ширкатларга ўтиб кетаётгани техник носозликларга ҳам сабаб бўлиши борасида хавотир билдирилаётган эди.

Ucell мобил оператори эгаси ҳисобланган Швециянинг TeliaSonera ширкати вице президенти Сисилия Эдстром, Озодлик билан суҳбатда, Ўзбекистондаги шўъба корхона янги мижозлар миллионларни ташкил қилган тақдирда ҳам бемалол хизмат кўрсата олишини билдирди.

- Ucell кейинги бир неча йил мобайнида тармоқларини ривожлантириш учун катта сармояларни ётқизди ва мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди. Ўйлашимча, Ucell келгусида ҳам мижозлар сони кўпайишига тайёрдир, деди TeliaSonera ширкати вице президенти.

Сисилия Эдстром МТС ширкати лицензияси тўхтатилаётгани Ucell учун қўшимча мижозлар олиб келиши эҳтимоллари тўғрисида изоҳ беришдан тийилди. Айни пайтда TeliaSonera вакили Ўзбекистонда телекоммуникация соҳасида ишлайдиган хорижий сармоядорга нисбатан авж олган таъқиблар юзасидан фикр билдирмасликни ҳам маъқул кўрди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги 17 июл куни “Ўздунробита” ширкатининг 2004 йил 28 июл куни уяли алоқа хизмати кўрсатиш учун берилган лицензиясини 10 кунлик муддатга бекор қилди.

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги матбуот хизмати тарқатган маълумотда айтилишича, буйруқ бугун соат 18.00 да кучга киради. Бу эса МТС савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи “Ўздунробита” ширкатига уланган уяли алоқа абонентлари телефонлари хизмат доирасидан ташқарида бўлишини англатади.

МТС ширкати матбуот хизмати Озодликка бу қарор нимани англатишини изоҳлай олмаслигини таъкидлади. "10 миллионга яқин абонент уяли телефони ўчириб қўйиладими", деган саволга МТС расмийси "ҳозирча билмаймиз, бу масалани аниқлаштиришга ҳаракат қиляпмиз", дея жавоб берди.

Бундай қарор Ўзбекистон Республикасининг “Айрим фаолият турларини лицензиялаштириш” тўғрисидаги қонунининг 22 – моддасига асосан қабул қилинган. Яъни “Ўздунробита” ширкатининг мунтазам тарзда назорат тузилмалари тавсияларига амал қилмагани иддао қилинаётир.

“Ўздунробита” алоқаси Ўзбекистоннинг 94 фоиз ҳудудини қамраб олади ва 9 миллиондан зиёд абонентга эгадир.

МТС-Ўзбекистон маркетинг департаменти абонентларни алоқа ўчирилиши ҳақда SMS орқали огоҳлантиришини билдирди.

“Ўздунробита” ширкати 1991 йилда фаолият бошлаган. 1990 йиллар охирларида ширкат Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова назоратига ўтган. 2004 йилда эса Каримова “Ўздунробитани” Россиянинг МТС компаниясига 212 миллион АҚШ долларига сотган.

МТС-Ўзбекистон муаммолари ўтган ойда “Ўздунробита” бош директори Беҳзод Аҳмедовнинг мамлакатдан қочиб кетгани тўғрисидаги хабарлар ортидан пайдо бўлди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Беҳзод Аҳмедовни молиявий қаллобликларда айблаб, халқаро қидирувга берган. Айни пайтда Ўзбекистон расмийлари МТС раҳбариятини Беҳзод Аҳмедовни яшираётганликда ҳам айбламоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG