Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Европада ўғирланган автомобиллар Ўзбекистон ва Тожикистонда сотиляпти


BMW X5 автомобили ҳам ўғрилар кўзига чиройли кўринган машиналардан бири ҳисобланади
BMW X5 автомобили ҳам ўғрилар кўзига чиройли кўринган машиналардан бири ҳисобланади

Германия жиноят полицияси расмийсининг “Шпигел” журналига берган интервюсига кўра, Германияда ўғирланаётган автомобилларнинг кўп қисми Марказий Осиёга, хусусан Ўзбекистон ва Тожикистонга юборилган.

Германияда истиқомат қиладиган ва исмини очиқлашни истамаган автомобил савдоси билан шуғулланувчи ширкат раҳбарининг Озодликка айтишича, Германияда қимматбаҳо автомобиллар ўғирлаш сўнгги йилларда анча кўпайган. Суҳбатдошга кўра, асосан “BMW Х6”, “BMW Х5” ҳамда Mersedes “GL” русумидаги автомобиллар ўғирланмоқда:

- Мен бу тизимни жуда яхши биламан. Лекин бу телефонда айтадиган гап эмас. Келсангиз тушунтириб бераман. Бу иш билан асосан Германияда истиқомат қиладиган, лекин миллати немис бўлмаганлар шуғулланади. Қимматбаҳо автомобиллар баъзан шундай, баъзан эгаларининг “рози”лиги билан ўғирланади. Бунда машина эгаси ҳам “ўғирлаган” одамдан улуш олади, ҳам “ўғирланган” машинаси қийматини суғурта компаниясидан тўлалигича ундириб олади, дейди автомобил савдоси билан шуғулланувчи ширкат бошлиғи.

Суҳбатдошга кўра, ўғирланган автомобиллар асосан икки йўналиш билан мамлакатдан олиб чиқилади. Биринчиси, Польша орқали ва иккинчиси шимолий йўналиш - Санкт-Петербург орқали. Ундан кейин, дейди суҳбатдош, ўғирлик изини йироқлаштириш учун бу автомобиллар Ўзбекистон ва Тожикистонга юборилади.

Ўзбекистонда хориждан келтирилган қимматбаҳо автомобиллар асосан Сирғали автомобил бозорида сотилади. Шу бозорда ишлаётган ва исмини очиқламаган автомобил сотувчисига кўра, хориж автомобилларини фақат жисмоний шахслар сотади:

- Бизлар мошин сотмаймиз. Машиналарни эгалари сотади. Энди булар ўғирланганми ёки йўқми, бунисини билмаймиз. Бизни бозорда ўғирланган деган гап бўлмаган, бироқ ора-сирада эшитиб қоламиз. Бу мошин ўғирланган экан, Интерполдан чиқиб қопти, деб эшитиб турамиз, дейди бозор ходими.

Ўзбекистон ИИВ расмийларидан бу ҳақда ҳеч қандай маълумот олишнинг иложи бўлмаган бир пайтда, тожикистонлик расмийлар Германиядан ўғирлаб келтирилган ўнлаб машиналар аниқланганини очиқлади.

Тожикистон Божхона қўмитасининг контрабандага қарши кураш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қурбон Абдуназаровнинг 16 июл куни Душанбеда ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, Германия полицияси маълумотлари ва Интерпол билан ҳамкорликда ўндан ортиқ ўғирланган машиналар қўлга олинган.

Ўзбекистон ва Тожикистонда қимматбаҳо автомобиллар савдоси катта фойда келтирадиган бизнеслардан бири эканлиги айтилади.

Тожикистонда хориж автомобиллари учун божхона тўлови арзон. Бироқ Ўзбекистонда хориждан келтирилган автомобилларга машина таннрахининг120 фоизигача (Россия ва Украина автомобилларидан ташқари) божхона солиғи солинади. Бироқ божхона тўлови шунча катта бўлса ҳам Ўзбекистонга қимматбаҳо автомобиллар кўплаб келтирилади.

Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган Озодлик манбасининг божхона тизимида ишлайдиган танишининг гапига таяниб айтишича, бу катта тўловлар ҳаммага ҳам жорий қилинмайди. Катта амалдор шахслар ва божхона раҳбариятида яқин танишлари бор одамлар учун қимматбаҳо хориж автомобилини арзон нархда растоможка қилишнинг имкони бор, дейди Озодлик манбаси.
XS
SM
MD
LG