Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:10

MTC га аза – Билайну Юселлга мазза!


“МТС” савдо белгиси остида хизмат кўрсатган “Ўздунробита” ширкати фаолиятининг тўхтатилиши оператор хизматидан фойдаланиб келган минглаб одамларни сарсону саргардон қилди.

Уяли алоқа гигантининг мажбурий равишда қулатилиши ортидан икки асосий рақобатчи – “Билайн” ҳамда “Ucell”нинг куни туғди. Отнинг ўлими – итнинг байрами! 17 июл мобайнида минглаб абонентлар номер олиш истагида ушбу икки ширкат эшикларига бош уриб борди. Аҳли Тошкент чинакамига номер васвасаси ичида қолди. “Билайн” ҳамда “Ucell” ширкатларининг бош офисларидан олинган айрим суратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Кимга аза – кимга мазза! “Билайн” ширкатининг бош офиси сўнгги йилларда бу қадар катта издиҳомни кўрмаганди.


Одамлар эртадан кечгача рақам олиш илинжида ширкат эшигида сарғайишга мажбур бўлди. Бундай катта оқимга тайёр эмаслиги ошкор бўлган “Билайн” “Битта паспортга – битта сим карта!” тамойили асосида иш кўрди.



Ширкат офис ичи мижозларга тўлиб кетганидан тушдан кейин кўчада сайёр хизмат кўрсатиш шахобчаларини ташкил этди. Аммо бир соатга ҳам бормай 10 га яқин сайёр шахобча бисотидаги сим-карталар учди-кетди.





“Билайн” ширкатининг мижозларга хизмат кўрсатиш бўлимида оёқ қўйгани жой қолмади. Ширкат мижозларга ҳотамтойларча сим-карта улашди. Аммо сим-карта қўлга тегди дегани рақам ишлашига кафолат эмас ҳали! Операторлар мижозларга янги рақамлар 20-00гача ишга туширилишига ваъда беришди.




Одам тирбанд, нафас олишга ҳаво йўқ, мижозларнинг кайфияти хуфтон. Аммо оператор қизалоқлар оғзининг таноби қочган. Ахир, бугун улар кўчасида байрам, “сезон”ни олиб қолиш керак!




“Билайн” бош офис биқинидаги ҳали таъмирдан чиқмаган бўлмани ҳам ошиғич ишлатиб юборди. Борига барака! Мижознинг сазаси ўлгунча, шайтоннинг бўйни узилсин!




“Билайн” бош офиси жойлашган Бухоро кўчасида йиғилган оломонни тартибга солиш учун ҳар ерда ҳозир милиция зудликда етиб келди. Кўча оғзига бир неча машина кўндаланг қўйилиб, ҳаракат бўғиб қўйилди.




“Ucell”нинг Шаҳрисабз кўчасида қарор топган офисида ҳам ит эгасини танимайдиган турнақатор навбат юзага келди.




“Ucell” мижозлар оқими кўплигидан иш вақтини узайтирди: уяли алоқа оператори эрталабки 8 дан 21 гача фаолият юритади. Барака топкур “Ucell” “Билайн”дек бахиллик қилмади: бу оператордан битта паспортга бештагача рақам олиш мумкин, албатта, навбат етиб келса!




“Ucell” зудлик билан қатъий навбат жорий қилди. Офисда киришда навбат рақами ёзилган бир парча қоғоз олган мижозларнинг нигоҳи уззукун мониторга қадалди. Соат 11-30 ларда навбат олган 358-мижоз 18-00да ниҳоят оператор яқинига келишга муваффақ бўлди.

XS
SM
MD
LG