Линклар

18 июл куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Муҳожирлар платформаси ва бир гуруҳ ноҳукумат ташкилотлари Қумқапи депортация маркази биноси қаршисида бошпана изловчи мусулмонлар, шу жумладан, ўзбекистонлик фуқаролар ҳимояси учун норозилик акцияси ўтказди.

Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон халқ ҳаракатининг Туркия бўлими раҳбари Алибой Йўляхши маълум қилди.

“Қумқапи Гуантанамога айланмасин”, “Ҳукумат муҳожирларни ўлимга юбораяпти” каби шиорлар остида ўтган ва Муҳожирлар платформаси томонидан уюштирилган бу тадбирда, Алибой аканинг айтишича, Мазлумдер, Имкандер, Ўзбеклар, Акдав, Фатиҳ Ақинжилари, Адолат платформаси, Озод Ўзбекистон платформаси, Туркистон платформаси, Ғариблар, Турксойлулар бирлашмаси, Ўзбекистон халқ ҳаракати ва Ўзбеклар бирлиги каби ташкилотлардан вакиллар қатнашди.

- Тахминан 30-40 киши қатнашувчилар, матбуотдан келганлар билан қўшиб ҳисобласангиз, 60-70 киши тўпланди. Туркия ҳукуматидан Қумқапида ўтирган одамларни озод қилиш талаб қилинди, Туркиядан паноҳ сўраб келган кишилар бундай кампларда, Гуантанамога ўхшаш жойларда сақлаб турилмаслиги керак, деган талаб қўйилди, - дейди Алибой Йўляхши.

Унинг айтишича, намойишлар ўз олдиларига чиққан Қумқапи депортация маркази масъулларига талабномаларини тақдим қилганлар.

- Қумқапи масъулларидан жуда кўп киши чиқди, 6-7 киши чиқди, суҳбат қилди биз билан. Улар бизга жуда яхши муомалада бўлди. Қумқапида ўтирганлар панжарадан қараб, бизнинг гапларимизни қўллаб-қувватлаб турди, шиорлар ўқиди, бақириш-чақиришлар қилди, уларга ҳам эркинлик бериб қўйди бунинг учун, - дейди Алибой Йўляхши.

Истанбул вақти билан соат 12 да бошланган ва бир соат давом этган акцияда, “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Одам Чевикнинг айтишича, ўзбекистонлик, қозоғистонлик, чеченистонлик, германиялик ва жазоирлик мусулмонларни депортация марказида ноҳақ тутиб турган, уларга инсонлардай муомала қилмаётган ва улардан айримларини ватанига бадарға қилган Туркия расмийлари, хусусан, миграция хизмати ходимлари хатти-ҳаракати юзасидан норозилик изҳор қилиниб, улардан бу каби ҳаракатларни бас қилиш ҳамда қочқинлар ва бошпана изловчилар масаласи бўйича халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилиш талаб этилган.

- Масалан, ўзбек аслли Муҳаммадали Абдураҳмоновни Туркия мулозимлари Чанқара вилоятига юбормоқчи бўлди. Хотини Фотима Абдураҳмонова Истанбулда даволанаётгани учун у Истанбулда қолишга рухсат сўраб, Бош вазир идорасига мурожаат қилганди. Унинг илтимоси қондирилиши айтилди. Бироқ кейин у бирданига қўлга олинди ва 8 ойдан буён Қумқапи ҳибсхонасида тутиб турилибди. Халқ орасида бу Қумқапи “Гуантанамо” деган ном билан танилган. У ер ҳашоратларга тўлалиги, димлиги, овқатларининг ёмонлигидан ҳамда тутқунлар таҳқирланаётганига оид шикоятлар тушган бизга. Биз Туркия ўз халқаро мажбуриятларига риоя қилган ҳолда, буларга чек қўйишини, Қумқапи ҳибсхонаси ёпилишини, ҳатто маҳбусларга ёмон муомала қилганларга жазо берилишини талаб қилаяпмиз, - дер экан Адам Чевик Қумқапи депортация марказида тутиб турилган бу мусулмонлар ўз ватанида исломий ҳаёт кечира олмагани ва ўлим таҳдидига дуч келгани учун Туркиядан бошпана сўраганини қўшимча қилди.

“Ўзбеклар бирлиги” раҳбари мазкур муассасада шу кунда ўзбекистонлик Шоҳмурод Қосимов ва Бахтиёр Алимов ҳам тутиб турилганини ва уларга депортация хавф солаётганини айтади.

- Шоҳмурод Қосимовнинг икки ёшли қизи ва беш ёшли ўғлига ҳам булар террорчиларга қилингандай муомала қилганлар. Туркия полицияси худди катта бир иш қилгандай икки ёшли бир “террорчи”ни қўлга олаяпти. Уларнинг ҳозир қаерда экани маълум эмас. Бизга бу ҳақда дадаси хабар юборибди “оиламни топишга ёрдам беринг” деб. Улар қайси полиция бўлимида ё қайси ҳибсхонада, уларга ёмон муомала қилинаяптими, калтакланаяптими – тўрт кундан буён хабар тополмаяпмиз. Шоҳмурод Қосимовнинг ўзи ҳам беш кундан буён ҳибсхонада. Бахтиёр Алимовнинг эса (у икки ойдан буён ҳибсхонада) хотини билан икки фарзанди озодликда, уни ҳам анча уринишлардан кейин куни кеча хотини билан кўриштиролдик. Уни ҳам Сабиҳа Гўкчен аэропортида оч қўйишган, нон-сув беришмаган, бу ҳам бир қийноқдек гап. Улар анчадан бери прокурор суриштирувисиз, суд ҳукмисиз, полициянинг ўзбошимчилиги билан ушлаб турилибди, - дейди Одам Чевик.

“Ўзбеклар бирлиги” раҳбари 8 ойдан буён ҳибсда тутиб турилган Муҳаммадали Абдураҳмонов тақдири ҳақида шахсан Туркия ташқи ишлар вазири Аҳмет Довутўғлига маълумот бергани, вазир Муҳаммадалининг қийноқларга дучор қилиниши мумкин бўлган ватанига депортация қилинмаслигига сўз берганини, бироқ у ҳалигача полициянинг маънавий қийноқлари қаршисида қолаётганини маълум қилди.

- Тунов куни тўрт адвокат билан Қумқапига бордик. Вазирнинг гапини айтсам, “биз ҳеч қанақа вазирни билмаймиз” дейди, худди бу ер бошқа мамлакатдай. Уларга Ташқи ишлар вазирлигидан бу бўйича қўнғироқ бўлган экан, аммо улар оғзаки гап билан кифояланмай, қоғоз талаб қилишаяпти. Уларга учинчи мамлакатга чипта олинганди, бироқ учинчи мамлакатга чиқиб кетишга ҳам рухсат беришмаяпти. Гунтекин деган бир полициячи: “Ўзингнинг юртингга юборамиз”, деб айтибди. Ўз юртига юборилган тақдирда эса, сиз Ўзбекистондаги вазиятни янада яхшироқ биласиз, қамоқда қийнаб ўлдирилади. Биз шу жиноятга шерик бўлмаслигимиз керак, - дер экан Одам Чевик бугунги норозилик тадбиридан мақсад туркиялик масъулларни инсофга чақириш ҳам бўлганини қўшимча қилади.

Айни пайтда Ўзбекистон халқ ҳаракатининг Туркия бўлими раҳбари Алибой Йўляхши Қумқапи депортация маркази биноси қаршисида ўтказилган бугунги акция албатта самара беришига ишонишини айтади.

- Бу биздагидай милиция келиб қувиб юборадию қоғозингизни йиртиб ташлайди эмас. Бу ерда ҳатто бир киши чиқиб норозилик билдирган бўлса, унга ҳам керакли, қонунларда кўрсатилгандай реакция қилинади. Шунга ишонамиз ва шунга умид қилиб бунақа йиғилишлар ўтказамиз, - дейди Алибой Йўляхши.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG