Линклар

logo-print

Мамлакат футбол федерациясига яқин манбалардан олинган маълумотга кўра, футбол бўйича Олий лигада ўйнаётган клублар фаолияти Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси, прокуратура томонидан тафтиш қилинмоқда.

Бунга клублар раҳбариятининг талон-тарож ва коррупция билан боғлиқ жиноятларга қўл ургани сабаб бўлгани айтилмоқда. Хусусан, клублар маъмуриятларининг ҳомийлар томонидан ажратилаётган маблағларни “туя қилиши” оқибатида футбол жамоаларининг моддий-техникавий базасига жиддий путур етганини айтмоқда соҳа мутахассислари.

Хусусан, иқтисодий жиҳатидан энг бой клуб саналадиган Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоасидаги ҳодисалар бунга мисолдир. Йиллик бюджети 19 миллиард сўм (1 миллион АҚШ доллари)ни ташкил этадиган футбол клуби вице-президенти, бош директор Баҳромжон Давлатов клуб ҳомийси “Ўзтрансгаз” компанияси томонидан ажратилган маблағларни ўзлаштирганликда айбланмоқда. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 5 та моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши тафсилотларига кўра, Давлатов клуб йиллик бюджетининг каттагина қисмини талон-тарож қилган.

Ўзбек футболи, клублар фаолияти юзасидан олиб борилаётган суриштирувлар яна бир жиддий фактни ўртага чиқарди, дейди Озодлик манбаси. Яъни, футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Лондонда бўлиб ўтадиган Олимпия мусабақасининг саралаш ўйинларини сотганликда ҳам гумон қилинмоқда.

Озодлик суҳбатдошининг айтишича, Бирлашган Араб Амирликлари Олимпия терма жамоаси билан ўйин натижаси жамоа мураббийлари ва айрим футболчилар томонидан 8 миллион долларга сотилган. Бу борада ҳам Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон президентининг 2011 йил 19 январдаги “2011-2013 йилларда республикада футболнинг моддий-техникавий базасини янада мустаҳкамлаш ва уни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан олий ва қуйи лигаларда иштирок этувчи жамоаларнинг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш, клубларга ҳомийликни жорий қилиш ишлари тартибга солинган. Мазкур жараёнда юқоридаги каби талон-тарожликлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси шу йил 14 март куни Тошкентдаги "Жар" стадионида Лондон олимпиадасига йўлланма учун БАА жамоаси билан учрашувда 2:3 ҳисобида бой берган эди.

Ундан кейин 29 март куни Ветнамда Уммон олимпиячиларига 0:2 ҳисобида ютқазган Ўзбекистон Олимпия термаси Лондонга бориш учун сўнгги имкониятни қўлдан кетқазди.

Апрел ойида "Пахтакор" футбол жамоаси ишқибозлари клуб вице-президенти Самвел Бабаяннинг истеъфосини талаб қилиб, "Жар" стадионидаги ўйин пайтида намойиш уюштиргани ўзбек футболи учун фавқулодда ҳодиса бўлган эди.

Ишқибозлар ва ўзбек футболи вакилларининг баъзилари Самвел Бабаянни ўйинларни сотиш ва футболчиларни шантаж қилганликда айблаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG