Линклар

logo-print

Қирғизистонда 17 июл куни кечқурун узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Уламолар кенгаши мусулмонлар диний бошқармасига вақтинча раҳбар сайлади.

Қирғизистон муфтийси истеъфосини қабул қилиш ва янги муфтийни сайлаш юзасидан ўтказилган Уламолар кенгаши йиғини жуда катта баҳс –мунозаралар билан бошланди. Уламолар анчагача муфтийнинг истеъфосини Уламолар кенгашининг яқиндагина сайланган янги таркиби қабул қилишига қаршилик билдиришди.

Шундан сўнг эски таркибдаги Уламолар кенгаши чақиртирилиб, кун тартибидаги масалаларни кўриб чиқиш бошланди. Аммо Уламолар кенгашининг бу таркиби ҳам айрим ҳуқуқий масалалар атрофида баҳс –мунозарага киришиб кетгани боис, Чубак ҳожи Жалилов истеъфоси қабул қилинмай турибоқ намойишкорона тарзда йиғинни тарк этди.

Уламолар кенгаши Абдушукур Норматовга вақтинчалик муфтийлик вазифасини бажаришни таклиф қилди. Бироқ Абдушукур ҳожи муфтийликка фақат қурултойда ва фақат муқобил танлов асосидагина сайланишга рози эканини билдириб, бу таклифдан бош тортди.

-“Абдишукур муфтий бўлар экан”, деган миш-мишлар тарқатилган. Бугун мен муфтийликни қабул қилсам, одамлар “Абдишукур муфтийликни олиш учун шунча жанжални уюштирди”, деб гапиришади. Шунинг учун мен бу лавозимдан бош тортаман. Агар мен айтган шартлар асосида муқобил сайлов ўтказилсагина, мен муфтийликка рози бўламан, -деди Абдушукур Норматов.

Собиқ муфтийга мухолиф бўлган диндорлар гуруҳи 16 июл куни муқобил муфтият ташкил этиб, Руслан Жумагуловни ўзларининг муфтийси сифатида сайлаб олган эдилар. Диний мухолифат уламолар кенгашида Руслан Жумагулов номзодини муфтийликка кўрсатди. Бироқ Уламолар кенгаши қирғиз матуботида “жиноят орламининг пахани” сифатида талқин этилаётган Руслан Жумагуловни муфтийликка сайлашдан бош тортди.

Шундан сўнг Уламолар кенгаши кўпчилик овоз билан Қувайт давлат университети битирувчиси, Боткен вилоятининг собиқ қозиси, 35 ёшли Рахматуло Эгембердиевни муфтийликка сайлади.

17 июл куни истеъфо берган муфтий Чубақ ҳожи Жалилов ҳаж зиёратини уюштиришни давлат тасарруфидан чиқарилишига муваффақ бўлган эди.

2011 йил бошида парламент депутатлари ҳаж зиёратини фақат муфтият уюштиришини тасдиқловчи ва давлат тузилмаларининг бу жараёнга аралашувини тақиқловчи қарорни чиқарди. Шундан сўнг Қирғизистон тарихида биринчи марта коррупциялашмаган ва жанжал-низоларга сабаб бўлмаган ҳаж зиёрати уюштирилгани айтилади.

Мазкур қарор чиққанидан сўнг муфтият ва Қирғизистон ҳукумати қошидаги Давлат Дин комиссияси ўртасида зиддият пайдо бўлди. Ҳаж зиёратини уюштириш учун ҳожибошилар танлови ўтказилгани ва 20 йил давомида ҳожибошилик қилган кўплаб шахсларнинг бу танловдан ўтмай, ишдан четлатилиши эса диний мухолифатни пайдо қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG