Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:06

Тожикистондаги ҳарбий база масаласи ҳал этилгани йўқ


Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг 201-мото-ўқчи дивизияси жойлашган ҳарбий база масаласида тарафлар ҳозирча бирор келишувга эришмаганини маълум қилди. Бу билан расмий Душанбе Россия Пиёда қўшинлари Бош қўмондони Владимир Чиркиннинг “рус базаси эски шартлар асосида яна 49 йилга Тожикистонда қолади”, деган баёнотини инкор этди.

Россиянинг 201-мото-ўқчи дивизияси жойлаштирилган Тожикистондаги ҳарбий база ижара муддати 2014 йилнинг кузида якунланиши муносабати билан ижара муддатини узайтириш юзасидан Москва таклиф қилган шартнома лойиҳасини расмий Душанбе маъқуллади, дея баён қилди душанба куни журналистлар олдида қилган чиқишида Россия Пиёда қўшинлари Бош қўмондони Владимир Чиркин.

Жумладан, генерал-полковник Владимир Чиркин лойиҳага кўра Россия ҳарбий базасининг фаолияти тартиби ўзгаришсиз қолиши, яъни ижара ҳақи бундан кейин ҳам тўламаслигини таъкидлади.

Бироқ, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия Бош қўмондонининг бу баёнотини инкор қилиб, музокаралар ҳамон давом этаётганини айтмоқда.

Куни кеча Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифи Россия ва Тожикистон ўртасида ҳарбий база хусусида ўтказилаётган музокараларда якуний келишувга эришилгани йўқ, деди.

- Тожикистон ҳукумати Россия билан ўрнатилган стратегик ҳамкорлик, кўп йиллик дўстлик муносабатлари ўрнатилганини ҳисобга олиб, Россия Федерацияси билан нормал музокара олиб бормоқда. Мен музокаралар тўғрисида бирор маълумот бериш ёки қандайдир рақамларни келтира олмайман, чунки музокаралар давом этмоқда. На министр ва на бирор бошқа сиёсатчи масала ҳал этилмагунига қадар бирор баҳо ёки шарҳ беришга ҳақли, деб ҳисоблайман, деди журналистларга Ҳамрохон Зарифи.

Шунга қарамасдан, Россия ҳарбий қўмондонлиги кейинги ҳафталар давомида Россия ва Тожикистон расмийлари ўртасидаги музокараларни “мураккаб” деб атади. Москва ва Душанбе бу хусусда бир неча ойдан буён сўзлашувни давом эттирмоқда.

Тожиклар билан келишиш қийинлигини тушунган Владимир Чиркин “Тожикистон бажариб бўлмайдиган шартларни қўймоқда”, деб ўз норозилигини билдирган эди.

Ўтган ҳафта “Коммерсантъ” нашри Душанбе Москвадан ҳарбий базаси учун “йилига 250 миллион доллардан зиёд” пул ундириб олмоқчи эканини хабар қилди. Тожик расмийлари бу хабарни ҳозирча изоҳлаганича йўқ.

Россиялик мутахассислар Марказий Осиёда бугунги кунда вужудга келган сиёсий вазият минтақа раҳбариятини ундан унумли фойдаланишга мажбур этмоқда, деган фикрда.

Россия, АҚШ ва Хитой каби йирик мамлакатларнинг манфаатлари тўқнашган минтақада Тожикистон ҳам ўз улушига эга бўлиш ниятида, дейди Озодлик билан суҳбатда Россиялик ҳарбий эксперт Александр Голц.

- Мен Тожикистон бу масалалар юзасидан америкаликлар билан алоқа қилиб турганига ишонаман. Албатта, Америка ва Россия минтақада ўзаро келишилган ҳарбий сиёсат юргизса жуда яхши бўлар эди. Лекин биз буни кўрмаяпмиз ва бундай вазиятда Тожикистон ҳам бироз тижорат юргизиб Россиядан кўпроқ пул ундириш ниятида, дейди Александр Голц.

Ҳарбий таҳлилчи бундай “ҳарбий тижорат”ни нафақат Тожикистон, балки Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам фаол юритаётганини эслатди: Тошкент КХШТдан расман чиқиб кетганини билдириб, америкаликлар билан муносабатларни яхшилаётган бўлса, Бишкек русларнинг Кант ҳарбий базасидан қўшимча маблағ беришни талаб қилмоқда.

“Коммерсантъ” нашрининг сиёсий таҳлилчиси Сергей Строкан Озодликка берган интервюсида Москва ва Душанбе ўртасидаги ҳарбий база масаласидаги музокаралар муваффақиятли якунланиши, чунки Россия қўшинлари Имомали Раҳмон ҳокимиятини ҳам қўриқлаётганини гапиради.

- Аслида, бу база ҳам Тожикистон, ҳам мамлакат раҳбари Имомали Раҳмон учун жуда муҳимдир. Охирги пайтларда президент Раҳмон бир қатор қийинчиликларга дуч келган. Бу база эса бир томондан умумий хавфсизлик вазифасини, бошқа томондан Тожикистоннинг ички хавфсизлигини бажариб турибди, дейди таҳлилчи Сергей Строкан.

Владимир Чиркин ўтган ҳафта Россия сенатидаги чиқишида бу мамлакатнинг
Тожикистондаги ҳарбий базаси ижарасини узайтириш кераклигига ишора этиб, Тожикистонда қуролли тўқнашувлар келиб чиққан ҳолда Москва ўз ҳарбийларини бу мамлакатда қолдирмаслигини айтди.

ТРЕНД ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Америка парламенти ташқи алоқалар қумитасининг аъзоси Дени Ле Бертен “Тожикистон ҳарбий базаси 2014 йилдан кейин Қирғистондаги Манас ҳарбий базасининг ўрнини эгаллаши кераклигини” таъкидлаган.

2005 йилда тузилган Россиянинг 201-ҳарбий базаси бу мамлакатнинг Тожикистондаги энг йирик ҳарбий базасидир.

Айни пайтда, Тожикистонда иккита ҳарбий базага эга Россия ҳеч қандай ижара ҳаққини тўламайди.

Бугунги кунда Россия 201-ҳарбий базасининг 6 мингга яқин аскари Душанбе, Кўлоб ва Қўрғон-тепа шаҳарлари ёнидаги учта гарнизонга жойлаштирилган.
XS
SM
MD
LG